Янги Ўзбекистонни барчамиз биргаликда албатта барпо этамиз!

Янги Ўзбекистонни барчамиз биргаликда албатта барпо этамиз!

Жамиятни бошқаришнинг умумий усуллари

Давлатни адолатли, оқилона ва халқ манфаатларига мос бошқаришнинг асрлар давомида шаклланган ва жаҳон давлатлари учун эталон сифатида қабул қилинган умумий жиҳатлари мавжуд. Халқ манфаатларини максимал даражада ифода қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламини яратиш ва улар ёрдамида давлатни бошқариш ана шу умумий қонуниятларнинг энг муҳимларидандир.

Мазкур ҳужжатлар рўйхатига конституция, қонунлар, парламент қарорлари, президент фармон, қарор ва фармойишлари, ҳукумат қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари киради.

Жамиятни бошқаришда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан ташқари стратегия, концепция, дастур, чора-тадбир каби ҳужжатларнинг ҳам аҳамияти жуда катта. Улар қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, маънавий жараёнларни бошқаришнинг аниқ ва манзилли йўлларини белгилаб беради.

Шу шароитлар мавжуд бўлса, жамият ўз-ўзидан ривожланиб кетаверадими?

Жаҳоннинг жуда кўп давлатлари тажрибаси жамиятни бошқаришнинг умумий усуллари яратилишининг ўзигина мамлакат жадал ривожланиб кетиши учун етарли эмаслигидан далолат бермоқда. Давлатларнинг катта қисми ҳали ривожланган жамият қура олмаганининг энг асосий сабабларидан бири худди шу ҳолат билан изоҳланади.

Қаранг, айни пайтда жаҳон ҳамжамияти томонидан мустақиллиги расман тан олинган ва БМТга аъзо 195 та суверен давлат мавжуд. Уларнинг катта қисми аҳоли жон бошига яратилаётган ялпи ички маҳсулот ҳажми ва инсон тараққиёти кўрсаткичлари бўйича ўз халқига фаровон турмуш даражасини яратиб бера олмаяпти. Халқаро валюта жамғармаси ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил октябрь ойи ҳолатида дунёнинг 41 тагина мамлакати ва ҳудуди ривожланган давлатлар рўйхатига кирди.

Ҳолбуки, ривожланган давлатлар сафига кира олмаган 154 та давлатнинг катта қисмида ҳам жамиятни бошқаришнинг жаҳон стандартларига мос келадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари яратилган. Бундан ташқари, уларнинг аксарида жамиятнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, маънавий жиҳатларини самарали бошқариш мақсадида стратегия, концепция, дастур, чора-тадбирлар ҳам тайёрланади ва улар амалиётга жорий этилади.

Хўш, барча зарурий ҳужжатлар яратилган бўлса ҳам қатор давлатлар нега ривожланиб кетмаяпти? Бу ҳолатнинг асосий сабаби шундаки, давлатлар баркамол жамият барпо этишнинг умумий стандартларидан кўр-кўрона фойдаланиб, яхши натижага эришиши қийин. Яъни ҳар бир давлат жаҳоннинг тараққий этган юртларида тўпланган умумий тажриба асосида ўз мамлакати ва халқига хос бўлган хусусиятларни эътиборга олган ҳолда ривожланган жамият барпо этишнинг ўзига хос усулларини яратиши керак.

Президентимиз давлатни самарали бошқариш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва халқимизга юқори турмуш даражасини яратиш йўлида чуқур ва пухта ишлаб чиқилган ўзига хос мактаб яратди. Бу мактабнинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда давлатни бошқариш жараёни умумхалқ ишига айлантирилди.

Пойтахтдан туриб жойлардаги муаммоларни кўриш қийин...

Давлатимиз раҳбари бунинг учун, энг аввало, собиқ иттифоқ даврида бошланиб, 2016 йилгача ҳукм сурган деярли “ёпиқ жамият” сиёсатини бекор қилди ва мамлакатимизни дунёга, дунёни эса бизга очиб берди. Халқимизнинг ўз фикрини очиқ ва эркин намоён қилиш имконияти яратилди.

Президентимиз мамлакатимизда одамлар билан тўсиқларсиз йил давомида доимий мулоқотни амалга ошириш тизимини яратди. Бу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири виртуал қабулхонаси, кейинроқ Президентнинг халқ қабулхоналари ташкил этилди, Президент ва бошқа раҳбарлар ҳудудларда халқ билан очиқ мулоқотлар ўтказа бошлади.

Виртуал ва халқ қабулхоналари, халқ билан жонли учрашувлар жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида ҳақиқий аҳвол қандай эканини равшан кўра олиш имконини яратди. Мурожаатлар орқали ҳамда жонли учрашувларда фуқаролар шу пайтгача ҳал бўлмаётган муаммоларини Президентимизга тўғридан тўғри етказиши натижасида ва улар тезда ҳал этила бошланди.

Қабулхоналарга келаётган аризалар ўз ҳолига ташлаб қўйилаётгани йўқ, аксинча, раҳбариятнинг доимий эътиборида турибди. Президентимиз таъбири билан айтганда, бу борада бизнинг асосий мақсадимиз “Халқ қабулхоналарига қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратишдан иборат.

Барча бўғинлардаги раҳбарларнинг фаолияти улар одамлар ташвишларини қай даражада ҳал қилишига боғлиқ муҳит яратилди. Ҳамма идора ва ташкилотларда “Фуқаролар қабулхоналари” ташкил этилди.

Давлат хизматлари агентлиги тузилди ва шу йўл билан битта ҳужжат олиш учун аҳолининг қатор идораларда сарсон бўлиб юришидек беъмани ҳолатга барҳам берилди. 10-15 та идорадан ойлаб овора бўлиб йиғадиган ҳужжатларимизни шу битта ташкилотдан оладиган бўлдик. Одамлар арзини айтгани идораларга эмас, амалдорлар аҳоли дардини эшитиш учун унинг олдига борадиган бўлди. Булар ҳам раҳбарлар ва халқнинг онгини кескин ўзгартирди. Амал эгалари аслида халқнинг хизматкори бўлиши кераклигини тушуна бошлади. Шу йўллар билан жамиятни бошқаришда халқ бевосита иштирок эта бошлади.

2025 йил 16 июнь куни давлатимиз раҳбари амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам Халқ қабулхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш чораларини тақдим этди.

Стратегияларнинг ижодкори халқ бўлди

Мамлакатимизни ривожлантириш ва ислоҳотларни янада чуқурлаштириш бўйича қабул қилинаётган барча қарорларда халқ унинг ижодкори сифатида иштирок этиши жорий этилди. Масалан, Шавкат Мирзиёев Президентликка сайлангандан кейин мавжуд барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилди ва улар янги Ўзбекистонни барпо этиш нуқтаи назаридан такомиллаштирилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасини 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси номли улуғвор ва кенг қамровли чора-тадбирлардан иборат ҳужжат ишлаб чиқилди. Мазкур стратегияни ҳаётга татбиқ этиш давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилиб, жамиятимизни, халқимизни бутунлай ўзгартириб юборди. Унинг ёрдамида янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди.

Натижада мамлакатимизда жамиятимиз ривожининг кейинги босқичига ўтиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Яъни халқимиз турмуш даражасини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқ ва соҳаларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ишлаб чиқилди.

Бу ҳужжатлар оммавий ахборот воситаларида кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди ҳамда унда билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида такомиллаштирилди.

Ижтимоий-иқтисодий жараёнларни бошқаришда ҳудудларга ташрифларнинг аҳамияти

Ўзбекистон Президенти давлатни бошқариш амалиётига яна битта жуда катта янгилик олиб кирди. Яъни давлат ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ташкил этиш ва бошқариш жараёнида бугун жаҳонда янги ҳодиса сифатида эътироф этилаётган усулни кашф этди.

Бу усулнинг моҳияти шундаки, муайян бир вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий жараёнларини бошқариш бўйича тегишли фармону қарорлар, лойиҳалар Тошкентда, кабинетларда эмас, ҳудудларнинг ўзида маҳаллий ташкилотлар вакиллари, аҳоли ва тадбиркорлар билан биргаликда ишлаб чиқилади. Бунда ташрифга тайёргарлик ва уни ўтказиш мобайнида мутасадди ташкилотлар томонидан жуда катта қийматли юзлаб лойиҳалар тайёрланяпти. Бу лойиҳаларни бажариш ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига катта туртки беряпти ва аҳоли турмуш даражасини сезиларли равишда оширишга хизмат қиляпти.

Тўғри, тан олиш керакки, ривожланган давлатларда ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг ўзини ўзи бошқарадиган тизими яратилган ва биз ҳам яқин вақтда шу йўлга ўтамиз. Бугун эса мазкур ташрифлар чоғида Президентимиз жамиятимизни раҳбарлар онгини ўзгартириш, уларни халққа яқинлаштириш, жараёнда кенг халқ оммаси иштирокини таъминлаш орқали ана шундай тизим яратишга тайёрламоқда. Соддароқ айтганда, давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш амалиёти вазирлик, идора ва ҳокимликлар раҳбарлари ва мутахассислари учун мамлакатни ижтимоий-иқтисодий бошқаришнинг Президентимиз яратган замонавий усулларини ўрганишнинг ўзига хос мактаби вазифасини бажармоқда ҳамда бошқарувда умумхалқ иштирокини таъминламоқда.

Ҳолатни жойида ўрганиш ва баҳолаш – ҳудудларни ривожлантиришнинг муҳим воситаси

Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида ҳолатни жойида ўрганиш ва баҳолашнинг аҳамияти жуда катта. Давлатимиз раҳбари бу масалага жуда катта эътибор билан қарамоқда.

Шу боис, вилоятларнинг ижтимоий–иқтисодий жараёнларини бошқариш бўйича тегишли ҳужжатларни салқин кабинетларда ўтириб тайёрлаш ўрнига, муаммоларни бевосита жойида аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ҳудудлар вакиллари билан биргаликда ишлаб чиқиш тартиби жорий этилди.

Бу жараёнда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, вазирлик, идора ва ҳокимликлар вакиллари биргаликда жойларга бориб, аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашиб, мавжуд муаммоларни ўрганяпти ва уларнинг ечимлари бўйича таклифлар тайёрламоқда.

Бу усулнинг бошқаларидан устунлик ва афзаллик жиҳатлари жуда кўп. Чунки вазирлик ёки ташкилот раҳбари ҳар қанча салоҳиятли ва ҳатто дунёнинг энг нуфузли университетида энг зўр профессорлардан таълим олиб келган бўлмасин, кабинетида ўтириб чекка қишлоқлар муаммоларини тўғри аниқлай олиши, ич-ичидан тушуниши, ҳис қилиши қийин. Шу боис, ташрифдан бир неча кун олдин вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари вилоятларга йўл олади, тармоқ ва соҳалари объектларини ўз кўзи билан кўради, муаммоларини аниқлайди ва тегишли мутахассислар ва ҳудудлар вакиллари билан биргаликда вазиятни ўнглаш бўйича зарур чора–тадбирлар ишлаб чиқади.

Янги усулларнинг ҳаётбахш эканини ҳаёт кўрсатмоқда!

Давлатни бошқаришнинг Президент олға сурган усуллари самарали ва ҳаётбахш экани мамлакатимизнинг 2016-2025 йиллар мобайнидаги барқарор ривожланиши ва, айниқса, халқимиз турмуш даражасини ошириш борасида эришилаётган ютуқларда яққол намоён бўлмоқда.

Эътибор қилинг, 2017 йилдан бошлаб юртимизда ялпи ички маҳсулот ҳажми дастлабки йиллар 5 фоиздан юқори (коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар таъсирида 2020 йилда табиий равишда пасайиш юз берди), охирги йилларда эса 6,3-6,5 фоиз атрофида ўсмоқда.

Аҳоли жон бошига ҳисобланган ялпи ички маҳсулот ҳажми ҳам барқарор равишда юқори суръатлар билан ошиб бормоқда. Масалан, 2021 йилда у 5,9 фоиз, 2022 йилда 3,8 фоиз, 2023 йилда 4,1 фоиз, 2024 йилда 4,4 фоиз ошди.

Бундай кўрсаткичларга ички ва ташқи ресурслардан оқилона фойдаланиш эвазига мамлакат иқтисодиётини жадал суръатлар билан ўсишини таъминлаш орқали эришилмоқда. Бунда хорижий инвестицияларнинг салмоғи ҳам катта бўлмоқда. Масалан, 2017 йилдан буён иқтисодиётимизга барча манбалар ҳисобидан 188 миллиард доллар инвестиция киритилган бўлса, унинг 87 миллиард доллари хорижийдир. Биргина 2024 йилда иқтисодиётга киритилган инвестиция ҳажми 1,3 баравар кўпайиб, 36 миллиард доллардан ошди. Бунинг ҳисобига 2024 йили қўшимча 70 триллион сўмлик қиймат берадиган 560 та йирик ва ўрта лойиҳа ишга туширилди.

2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги илк натижалари ҳам иқтисодиёт барқарор ўсаётганини кўрсатмоқда. Жумладан, саноат 6,4, экспорт 18, тўғридан тўғри хорижий инвестиция 46 фоиз ошди. Қиймати 3 миллиард долларлик 2,5 мингдан зиёд янги ишлаб чиқариш қуввати иш бошлади. Натижада 2 миллион 400 минг одам муносиб даромад билан таъминланди.

Янги Ўзбекистон инвестиция киритиш учун жозибадор давлатга айланди. Тошкентда жорий йил 9-12 июнь кунлари ўтказилган тўртинчи Халқаро инвестиция форумида 100 га яқин давлатдан 8 мингдан кўп бизнес вакили ва инвестор, шунингдек, 3 мингдан зиёд хорижий меҳмон иштирок этгани ҳам шундан далолат беради. Форумда қиймати 30,5 миллиард долларлик меморандум ва битимлар тузилди.

Кўриниб турибдики, янги Ўзбекистонни барпо этиш суръатлари янада ошиши учун барча иқтисодий асослар яратилмоқда.

Бизнинг пировард мақсадимиз, йўлимиз аниқ. Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик.

Янги Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги ислоҳотларимиз жамият ҳаётининг барча жабҳаларини тубдан ўзгартириб, аллақачон ўз меваларини бера бошлади. Яъни халқимизда ўз ҳаётини ўзгартириш, аввало, ўзининг хатти-ҳаракатларига боғлиқ эканига ишонч пайдо бўлди.

Шуни комил ишонч билан айтиш мумкинки, янги Ўзбекистонни барпо этиш аллақачон умумхалқ ишига айланиб бўлди. Улуғ мақсадга эришиш учун бутун миллат, жамиятимизнинг барча аъзолари уйғонди ва ҳамжиҳатлик билан биргаликда ҳаракат қилмоқда. Миллат уйғониши эса миллий юксалишга, баркамол ва фаровон жамият барпо этишга мустаҳкам асос яратади.

Одил Олимжонов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

№ 136 (1462), 2025 йил 4 июль
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар