Ўзбекистон ва Туркий давлатлар ташкилоти ўртасида божхона соҳасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама кенгаймоқда

Ўзбекистон ва Туркий давлатлар ташкилоти ўртасида божхона соҳасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама кенгаймоқда

Туркий тилли давлатлар орасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, минтақада тинчликни таъминлаш, савдо ва инвестициялар учун қулай шароитларни яратиш ҳамда барча соҳаларда ҳамкорлик қилиш шароитини яратади.

Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда шаклланаётган янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб бормоқда. 170 млн.дан ортиқ аҳолини қамраб олган ташкилотнинг ҳудуди барча давлатлар учун катта иқтисодий имкониятлар макони ҳамдир.

Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) га аъзо бўлиши мамлакатнинг ташқи сиёсатдаги янги йўналишларини белгилаб, минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Бу рақамларда ҳам кўринади - Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо давлатлар билан ташқи савдо айланмаси 2017 йилга нисбатан ҳозирда қарийб 3 баробар ошиб, 10 миллиард долларга етди.

Ташкилот доирасидаги ҳамкорликда Муҳтарам Президентимиз глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш, ягона транзит тармоғини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқдалар.

Ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий пойдеворини мустаҳкамлаш, глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш, ягона транзит тармоғини шакллантиришда божхона идораларининг ўзаро ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Бу борада 2022 йилда бўлиб ўтган Самарқанд саммитида муҳим қадам ташланди - Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида Соддалаштирилган божхона йўлагини жорий этиш тўғрисида Битим ҳамда Халқаро қўшма юк ташиш тўғрисидаги битимлар имзоланди.

ТДТ ҳудудида ягона транзит тармоғини шакллантириш масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Бунга энг аввало дунё миқёсида ТИР Конвенциясининг 2021 йил майдан кучга кирган электрон тартиботи - eTIR халқаро тизимига барча мамлакатлар уланган тақдирдагина эришиш мумкин.

Шу йўл билан ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро товар айламанмаси ҳажмини ошириш, ушбу жараёнда сарфланадиган вақт ва молиявий харажатларни қисқартириш мумкин.

“eTIR” тартиботи божхона расмийлаштируви вақтини қисқартиришдан транспорт харажатларини камайтиришгача бўлган бир қатор афзалликларга эга.

Ушбу халқаро тизимга Озарбайжон, Ўзбекистон ва Грузия қўшилган бўлиб, 2022 йил декабрь ойида дунёда илк бор Озарбайжон ва Ўзбекистон биринчи eTIR ташувини амалга оширган.

Мазкур янгилик жаҳон бизнес ҳамжамияти томонидан қизғин қарши олинган ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан кенг эътироф этилган.

Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иқтисодий Комиссияси ва Туркий давлатлар ташкилоти расмий сайтларида мазкур лойиҳа Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари ўртасида юк ташиш шароитларини яхшилаш ғоясининг ҳақиқий тимсоли дея баҳоланган.

“eTIR” тартиботи Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларни тўлиқ қамраб олса, юклар тўғрисида олдиндан маълумот олиш ва ўзаро алмашишни, божхона тартиботлари ва давлат чегараларини кесиб ўтишни тезлаштиришга, мамлакатларнинг экспорт ва транзит салоҳиятини ошириш, ишончли ва хавфсиз транспорт коридорларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Муҳтарам Президентимиз Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг охирги мажлисида ташкилот доирасида янги иқтисодий имкониятлар маконини яратишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурган эдилар.

Бунинг учун энг аввало, тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, савдо-божхона тартиб-қоидаларини енгиллаштириш, электрон тижорат платформаларини ривожлантириш бўйича аниқ битим ва келишувлар ишлаб чиқиш лозим.

Бу эса ўз навбатида божхона органлари зиммасига улкан маъсулият юклайди. Хусусан, ташкилот доирасида божхона ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришни тақозо этади.

Ҳозирга қадар ташкилот доирасида Соддалаштирилган божхона йўлаги тўғрисида битим имзоланишидан ташқари, рухсатнома тусидаги ҳужжатларни рақамлаштириш, хавфларни бошқариш ва ваколатли иқтисодий операторларни ўзаро тан олиш бўйича муҳим қадамлар қўйилди.

Аммо, глобаллашув ва жадал технологик тараққиёт даврида деярли ҳар куни содир бўлаётган турли ўзгаришлар ҳамкорликни барча йўналишларда қамраб олиш ва изчиллик билан давом эттиришни талаб этади.

Масалан, халқаро савдода электрон тижоратнинг улуши тобора ошиб бормоқда. Харидорлар турли электрон платформалар орқали бошқа давлатлардаги ишлаб чиқарувчилардан товарларни тўғридан тўғри харид қилишмоқда, замонавий логистика эса мазкур товарларни истеъмолчининг эшигига қадар етказиб бермоқда.

Шу боисдан, истиқболда электрон тижоратнинг бозори янада ўсишини инобатга олиб, Ўзбекистон божхонаси ТДТ доирасидаги тадбирларда хавфсизликни таъминлайдиган ва қўшимча тўсиқлар яратмайдиган самарали назоратни йўлга қўйиш ҳамда ушбу соҳада ҳамкорликни кучайтириш таклифларини илгари сурмоқда.

Яна бир жиҳат - Ўзбекистонда божхона соҳасини рақамлаштириш ва бунда сунъий интеллектдан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Божхона соҳасида тўпланган катта ҳажмдаги маълумотларни қўлда бошқариш ва таҳлил қилиш тобора қийинлашиб боришини инобатга олсак, сунъий интеллектни кенг қўллашга ва табиийки бу борада юқори салоҳиятли кадрларга зарурат ортаверади.

Шу боисдан Ўзбекистон божхонаси ТДТ доирасида мазкур йўналишда ҳам ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистон томони Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар божхона хизмати ходимлари ўртасида спорт мусобақаларини ташкил этиш таклифини ҳам илгари сурган. Ушбу формат ташкилот доирасида божхона хизмати ходимлари ўртасидаги дўстона муҳитни янада кучайтиради ва ҳамкорликнинг самарадорлиги ошишига ҳисса қўшади.

Рахмонқул Шоимқулов

Божхона қўмитасининг Илмий маркази

бош инспектори

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар