Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчилардан жами 17,5 мингдан ортиқ аризалар келиб тушган бўлиб, шундан 638 таси алоқа соҳасидаги муаммолар билан боғлиқ мурожаатлардан иборат.
Мурожаатларда асосан:
– мобиль алоқа тармоғининг қамрови етарли даражада эмаслиги;
– мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаларида (оферталарида) истеъмолчиларнинг эркин танловини чекловчи, қўшимча хизматларга қистовчи шартлар киритилганлиги, хизматдан фойданиш хусусиятлари, унинг хавфсизлиги ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот берилмаганлиги;
– кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олинаётганлиги;
– абонентларнинг розилигисиз (уларни хабардор қилмаган ҳолда) пуллик хизматларга, шу жумладан, контент-провайдерлар хизматларига автоматик равишда уланиб қолиш билан боғлиқ эътирозлар билдирилган.
Агентлик томонидан истеъмолчиларнинг мурожаатлари, ваколатли ташкилотларнинг маълумотлари ва ижтимоий тармоқлардаги ахборотларга асосан алоқа хизматларини кўрсатиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонун ҳужжатларига риоя қилиниши доимий равишда ўрганиб борилади ва аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш чоралари кўрилади.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида, соҳага оид қонунбузилиши ҳолатлари натижасида истеъмолчилардан 22,5 млрд. сўмдан зиёд ортиқча маблағ олинганлиги аниқланди ва уларни истеъмолчиларга қайтариш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Мисол тариқасида: Билайн компанияси томонидан ўтган йилнинг июнь ойида 3 млн 200 мингдан ортиқ абонент “Хабардор бўл” хизматига бепул уланган, бироқ ушбу хизматдан бир ой бепул фойдаланган 1 млн 300 минг абонентдан кейинги ойдан бошлаб кунига 240 сўмдан пул ушлаб қолаверган ва бу ҳақда, хизматнинг пуллик эканлиги тўғрисида барча абонентлар хабардор этилмаган. Натижада, истеъмолчилардан 20 млрд сўмга яқин ортиқча ҳақ олинган.
Агентлик томонидан берилган кўрсатмага асосан, бугунги кунда ушбу маблағ абонентларга босқичма-босқич қайтарилмоқда.
Ёки, контент провайдерлар томонидан мобиль алоқа компаниялари кўмаги билан истеъмолчилар ўртасида турли викторина ва бошқа пуллик хизматларни кўрсатишда ҳам истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатлари мавжуд.
Хусусан, “Via Mobi” контент провайдери томонидан “Ғолиб бўл ва ютиб ол!” акцияси доирасида Билайн абонентларига “Сиз 100 млн сўм ғолиби сифатида танлаб олиндиз” мазмунида СМС хабар юборилиши натижасида 3 600 истеъмолчи 17,1 млн. сўм миқдорида ортиқча харажатни амалга оширган.
“First IT Group” контент провайдери томонидан “Al-chiroq” акциясига уланган Ucell абонентларига ҳақиқатда пуллик хизматлар кўрсатилмасада, ҳақ ундирилган ва бу ҳақда истеъмолчилар хабардор қилинмаган. Натижада 337 900 абонентдан 97,4 млн сўм ортиқча маблағ олинган.
Бундан ташқари, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ҳамда “Электромагнит мослашув маркази” ДУК билан биргаликда жорий йилнинг июнь-июль ойларида республика ҳудудидаги 12 246 та аҳоли яшаш масканларида мобиль алоқа қамрови ҳолати таҳлил қилинганда, уларнинг 6,6 фоизида – 2G, 56,8 фоизида – 3G ва 95,5 фоизида 4G алоқаси мавжуд эмаслиги аниқланган.
Шу билан бирга, 115 та аҳоли яшаш масканида бирор-бир мобиль алоқа операторининг алоқа қамрови мавжуд эмаслиги, 533 та етиб бориш қийин бўлган аҳоли яшаш масканларидан 313 тасида (ёки 58,7 фоизида) умуман мобил алоқа қамрови мавжуд эмаслиги қайд этилган.
Мисол тариқасида, биргина Наманган вилоятида истеъмолчиларнинг алоқа хизматлари билан таъминланганлик даражаси таҳлил қилинганда, 4 та мобиль алоқа компанияларининг жами 1,7 млн абонентлари мавжудлиги, уларда жами 1058 та тармоқ алоқа база станциялари ўрнатилганлиги ва бу 1615 та абонентга 1 та антенна тўғри келиши аниқланган (1 та антенна Қозоғистонда 643 нафар ва Россияда 235 нафар аҳолига хизмат қилади).
Туманларнинг 3G алоқа қамрови 88% ва 4G қамрови 27%ни ташкил қилади. Шундан, Чортоқ, Чуст, Янгиқўрғон туманларида 4G тармоғи умуман йўлга қўйилмаган, Поп туманида 1,3% ва Мингбулоқ туманида 10%ни эгаллайди. Тармоқ алоқа станциялари билан таъминланганлиги абонентларга нисбатан энг паст даража мос равишда Ucell, Beeline ва Uzmobile компанияларига тўғри келади.
Ишчи гуруҳ томонидан Чуст туманининг Ғайрат қишлоғида мобиль алоқа ва интернет сифати синов тариқасида текширилганда, UMS компаниясининг мобиль интернети фақатгина 2G тармоғида ишлаши (сифатсизлиги) аниқланган.
Соҳага оид қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиншини таъминлаш мақсадида, республикада алоқа хизматларини кўрсатувчи оператор ва провайдерларга доимий равишда кўрсатма ва тушунтиришлар бериб борилмоқда.
Мазкур йўналишдаги ишлар Агентлик томонидан давом эттирилиб, соҳадаги ваколатли ташкилотлар ва жамоатчилик назорати субъектлари билан ҳамкорликни янада ривожлантирган ҳолда, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланади.
Шу ўринда, ҳурматли истеъмолчиларимизни телекоммуникация хизматларидан фойдаланишларида ўз ҳуқуқларининг бузилиши ҳамда тармоқ компанияларининг етарли даражада сифатли хизмат кўрсатилмаслиги ҳолатлари юзасидан Агентликнинг 1159 қисқа рақамига ёки consumer.uz расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали мурожаат қилишга чақириб қоламиз.
(Мақолага Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан янгиланди)
Изоҳ қолдириш