Жаҳон тан олган университет

Жаҳон тан олган университет

Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети ҳақли равишда жаҳонда нуфузли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. 1907 йилда ташкил топган бу олий ўқув юрти ўзининг машҳур илмий мактаби, энг замонавий таълим услуби, битирувчиларининг меҳнат бозорида юқори рақобатдошлиги билан танилган.

Университет талабаларига сабоқ берадиган 2500 та профессор ва ўқитувчилар орасида ўз илмий матабларини яратган машҳур иқтисодчи олимлар - академиклар Л. Абалкин, А. Аганбегян, В. Маевский, Л. Гринберг, В. Макаров, П. Бунич, В. Ивантер, В. Кулешов ва бошқалар бор. “Плехановка” номи билан машҳур бу олий ўқув юрти ва унинг 22 та филиалида ҳозирги пайтда 50 мингта талаба таҳсил олмоқда. Университет юқори малакали иқтисодчилар тайёрлаш билан бирга ўз аспирантураси ва докторантурасига ҳам эга. Уларда ҳозирги пайтда 780 аспирант ва докторант илмий фаолият учун тайёрланмоқда.

Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг юксак нуфузи Буюк Британиянинг “Times Higher Education – THE” рейтинг агентлиги томонидан яна бир бор тасдиқланди. Университет ялпи ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш бўйича жаҳон олий таълим муассасалари ўртасида 3-ўринга муносиб деб топди ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларига мувофиқлиги бўйича дунёдаги энг нуфузли 100 та олий таълим муассасаси сафига киритди.

“Times Higher Education – THE” Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича ягона глобал рейтинг агентлигидир. Буюк Британиянинг рейтинг агентлиги жаҳон таълим муассаслари рейтингини аниқлашда олий таълим муассасаларининг уч: тадқиқотлар, ахборот-маърифий фаолият ва бошқарув соҳаларида жуда синчиклаб танлаб олинган мутаносиб кўрсаткичлардан фойдаланади. Бунда олий таълим муассасаларининг фаолияти Бирлашганг Миллатлар Ташкилоти томонидан 2015 йилда қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқлигига биринчи даражали аҳамият берилади. Жаҳоннинг ҳамма мамлакатлари интилаётган Барқарор ривожланишнинг 17 та мақсадларига қашшоқлик ва очликка барҳам бериш, мустаҳкам саломатлик ва фаровонлик, сифатли таълим, муносиб иш ва иқтисодий ўсиш, масъулиятли истеъмол ва ишлаб чиқариш, бошқа кўрсаткичлар киради.

“Times Higher Education – THE” рейтинг агентлиги 2020 йилда Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетини ялпи ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш бўйича жаҳон олий таълим муассасаларининг олд қаторига киритди. Бу ўринда Россия иқтисодиёт университети биринчи марта бу рейтингга киритилганлиги ва бирданига бир неча кўрсаткичлар бўйича энг юқори ўринларни эгаллаганлигини таъкидлаш керак.

Хусусан, “Плехановка” БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Сифатли таълим” номинацияси бўйича жаҳоннинг 676 университети ўртасида 3-ўринни, Россия олий таълим муассасалари орасида эса 1-ўринни эгаллади. Маълумки, БМТ “сифатли таълим олиш одамлар турмуш шароитини яхшилаш ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун асос яратади” деб алоҳида таъкидлаган.

Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, шунингдек БМТнинг “Тинчлик, одил судлов ва самарали институтлар” мақсади йўналиши бўйича жаҳоннинг 453 та олий ўқув юрти ўртасида 17-ўринни эгаллади. Университетнинг яна бир юқори кўрсаткичи БМТнинг “Муносиб иш ва иқтисодий ўсиш” мақсади бўйича дунёнинг 479 олий таълим муасасаси орасида 77-ўринни эгаллаганидир.

Бирлашган Миллатлпар Ташкилоти “барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун жамиятлар атроф муҳитга зарар етказмасдан иқтисодиётнинг ривожланишини таъминлашга хизмат қиладиган сифатли иш билан одамларни таъминлашга шарт-шароит яратилиши керак. Олға етаклайдиган ва ялпи қамраб олинадиган иқтисодий ўсишнинг энг муҳим таркибий қисмлари меҳнат унумдорлигини ошириш, ишсизлик даражасини, айниқса ёшлар ўртасида пасайтириш ҳамда молиявий хизматлар ва имтиёзлардан фойдаланиш имкониятларини яратиш эканлигини” кўрсатган.

Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети 2020 йилда “Times Higher Education – THE” рейтингида БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг олти йўналишида иштирок этди. Университет “Тенгсизликни камайтириш” мақсади йўналишида 78-ўринни, “Гендер тенглиги” йўналиши бўйича 101-200-ўринни, “Барқарор ривожланиш манфаатларида шериклик” йўналишида 201-300-ўринни эгаллади. Рейтинглар умумий якуни бўйича “Times Higher Education – THE”да қатнашган жаҳоннинг 89 мамлакатининг 806 та олий таълим муассасалари орасида университет жаҳонда 91-ўринни олди.

Бу ўринда Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг таълим юқори самарадорлигини оширишда эришаётган муваффақиятларида унинг Тошкент шаҳридаги филиали профессор ва ўқитучиларининг ҳам ҳиссаси борлигини таъкидлаш керак. 1995 йилда ташкил этилган Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали мустақил Ўзбекистондаги биринчи хорижий олий таълим муассасаси бўлди.

Ўтган чорак аср давомида филиалимизни 3518 нафар жаҳон даражасидаги юқори малакали иқтисодчи кадрлар, шу жумладан 2718 бакалавр ва 800 магистр битириб чиқиб, Ўзбекистон иқтисодиёти барча соҳаларида самарали фаолият олиб бормоқда.

Таълим муассасамизда иқтисодиёт, бизнес ва молия факультетлари, 6 та кафедра мавжуддир. Бўлажак иқтисодчи кадрларни тайёрлаш бўйича умумэътироф этилган халқаро стандартларга асосланган таълим дастурларини юқори малакали профессор ва ўқитувчиларимиз амалга оширмоқда. Уларнинг 70 фоизидан кўпроғи фан докторлари ва номзодларидир.

Филиалимизда учта – “Аҳолишунослик ва меҳнат иқтисодиёти”, “Иқтисодий назария”, “Молия ва кредит” илмий мактаблари иш олиб бормоқда. Уларнинг илмий изланишлари натижалари, яратган дарсликлари ва ўқув қўлланмаларидан Ўзбекистон олий таълим муассаларида кенг фойдаланиб келинмоқда.

Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали Хитой, Буюк Британия, Япония, Италия, Германия, Жанубий Корея, Индонезия, Иордания ва бошқа мамлакатларнинг етакчи университетлари ва институтлари билан илмий алоқаларни йўлга қўйган. Бу таълим дастурларини янада такомиллаштириш, талабаларимизнинг ана шу нуфузли олий таълим муассасаларида билимларини пухталашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилда Олий Мажлисга Мурожаатномасида Шарқ донишмандларининг “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!” деган доно сўзларини келтириб, ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим, айниқса олий таълим тизимини такомиллаштириш, миллий итқисодиёт учун замонавий юқори малакали кадрларни тайёрлаш соҳасида чуқур ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Юртимизда янги олий таълим муассасалари, нуфузли хориж университетлари ва филиаллари очилмқоқда, уларга талабалар қабул қилиш кескин кўпаймоқда.

Жаҳон тан олган Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали профессор ва ўқитувчилари ҳам мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга муносиб ҳиссаларини қўшадиган кадрлар тайёрлаш кўлами ва сифатини оширишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшадилар.

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,

Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар