Ўзбекистонда бизнес муҳити мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистонда бизнес муҳити мустаҳкамланмоқда

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) жорий йил сентябрь ойи бўйича бизнес муҳити таҳлили натижаларини тақдим этди. Натижалар асосида бизнеснинг амалдаги ҳолати ва яқин келажакка оид кутилмаларни инобатга олган ҳолда Бизнес муҳити индекси ишлаб чиқилди.

2023 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги бизнес муҳити динамикаси Марказ томонидан Trading Economics порталида (tradingeconomics.com/uzbekistan/business-confidence) мунтазам янгиланиб бормоқда.

Бизнес муҳити таҳлили

Сентябрь ойида бизнес муҳити бўйича умумий индикатор ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 бандга ошиб, 57 бандни ташкил этди. Ўсиш, асосан, «бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари» компоненти ҳисобига таъминланди: ушбу кўрсаткич 52 бандга етди (йиллик ҳисобда +5 пункт), бу эса амалий фаолликнинг кучайганини акс эттиради.

Ушбу индикатор тадбиркорларнинг бизнес юритишдаги жорий ҳолатни қабул қилишини акс эттиради, жумладан, сотувлар, бандлик, талаб, ресурсларга кириш имконияти ва ҳ.к. бўйича омиларни қамраб олади.

Шу билан бирга, бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари индекси етарлича юқори даражада (62 пункт) сақланмоқда, бу эса тадбиркорларнинг келажакка бўлган ишончини кўрсатади.

Ўзбекистонда бизнес-муҳити динамикаси

Тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларiga кўра, Ўзбекистонда тадбиркорларнинг 46%и бизнеснинг жорий ҳолатини «яхши» деб баҳолаган, 39%и сўнгги 3 ойда яхшиланганлигини, 47%и эса талаб ўсганлигини қайд этган.

Кутилмалар ижобийлигича қолмоқда. Хусусан, респондентларнинг 68%и келгуси 3 ойда бизнеси янада яхшиланишини, 62%и талаб ўсишини, 52%и эса ишчилар сони кўпайишини кутаётганлигини билдирган.

Сектор таҳлили

Сентябрь ойида қишлоқ хўжалигидаги бизнес муҳити индекси ўтган йилга нисбатан 3 бандга яхшиланиб, 66 бандни ташкил этди.

Қишлоқ хўжалигидаги тадбиркорларнинг 45%и бизнеснинг жорий ҳолатини «яхши» деб баҳолаган, 42%и сўнгги 3 ойда бизнеси яхшиланганлигини, 44%и эса келгусида нархлар барқарор қолишини билдирган.

Саноатда амалий фаолликнинг мўътадил жонланиши кузатилмоқда, жорий ҳолат индекси 2 бандга ошиб, 43 бандни ташкил этди. Шу билан бирга, умумий бизнес муҳити индекси 5 бандга пасайиб, 43 бандни ташкил этди. Бу бизнес кутилмаларидаги эҳтиёткорроқ кайфият билан изоҳланади.

Сўровнома маълумотларига кўра, саноатда тадбиркорларнинг 47%и жорий ҳолатни «қониқарли» деб баҳолаган, 43%и сўнгги 3 ойда бизнеси яхшиланганлигини, 51%и талаб ўсганлигини қайд этган.

Хизматлар соҳасида бизнес муҳити индекси ўтган йилга нисбатан 11 бандга яхшиланиб, 57 бандга етди. Хизматлар соҳасида тадбиркорларнинг 46%и ўз бизнесининг жорий ҳолатини «яхши» деб баҳолаган, 37%и сўнгги 3 ойда бизнеси ҳолатини яхшиланганлигини, 22%и эса келгуси 3 ойда ҳолати ўзгармаслигини кўрсатган.

Қурилиш тармоғида бизнес муҳити сезиларли яхшиланмоқда, умумий индекс ўтган йилга нисбатан 21 бандга ўсиб, 63 бандни қайд этди. Жорий ҳолат индекси 64 бандга (+18), истиқболдаги кутилмалар индекси эса 61 бандга (+24) кўтарилди.

Сўров натижаларига кўра, Қурилишда сўнгги 3 ойда бизнес ҳолати “яхшиланди” деганлар 44%, келгусида бизнес ҳолати яхшиланишини кутаётганлар 68%ни ташкил этган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг сентябрь ойида ўтказилган сўров натижалари яқин истиқболда бизнес фаоллигининг ўсишини кўрсатмоқда — барқарор талаб ва ижобий кутилмалар фонида ишлаб чиқариш ҳажми кенгаймоқда, нархлар эса барқарорлигича қолмоқда.

Ўзбекистон бизнес муҳити индекси Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан саноатнинг турли тармоқларидаги 1000 дан ортиқ корхоналарда ўтказилган сўровлар асосида ҳисоблаб чиқилади. Бизнес муҳитининг ўзгариши индекатори IFO институти (Германия) методологиясига асосланган. Сўровлар давомида корхона раҳбарлари ишлаб чиқариш динамикаси, талаб, нархлар ва бошқа кўрсаткичлар асосида тадбиркорлик фаолиятидаги жорий ва кутилаётган ўзгаришларни баҳолайдилар.

Гаипов Зоҳиджон

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлиги ва инвестицион фаолликни ўрганиш шўъбаси


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар