Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи қанчага оширилиши мумкинлиги маълум қилинди

Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи қанчага оширилиши мумкинлиги маълум қилинди

2022 йил учун давлат бюджети қонуни лойиҳаси ва бюджетнома бўйича Ҳисоб палатасининг хулосасида 2022 йил учун солиқ сиёсатини такомиллаштириш доирасида қатор ўзгаришлар кўзда тутилган.

Қўшилган қиймат солиғи

Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича амалдаги солиқ ставкаси 15 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда.

Ҳисоб палатаси хулосасига кўра, ҚҚС занжирининг узлуксизлигини таъминлаш ва унинг ҳисоблаб чиқариш ва тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олиш мақсадида тушум ҳажмидан қатъи назар қуйидагилар ҳисобига ҚҚС тўловчи корхоналар тоифаси кенгайтирилмоқда:

а) суғориладиган ерлари 25 гектардан ортиқ бўлган фермер хўжаликлари;

б) солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари ва аудиторлик ташкилотлари;

в) нотижорат, шу жумладан бюджет ташкилотлари.

Солиқ кодекси билан берилган жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари хизматлари (бундан бюджетдан молиялаштириладиган мустасно), шунингдек, спорт иншоотлари, оммавий-маданий тадбирларни ташкил этишдан даромадлар қисмида ҳамда қатъий суммада кўрсатиладиган банк хизматлари қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинмоқда.

Ушбу солиқ тури бўйича 2021 йилда 25,5 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 3,5%) тушум кутилаётгани ҳисоб-китоб қилиниб, тасдиқланган 29,3 трлн сўмлик прогнозга нисбатан 3,8 трлн сўм кам маблағ тушиши кутилмоқда.

Прогноз кўрсаткичларининг бажарилмаслигига пандемия шароитида аксарият корхоналарнинг фаолият юритмаганлиги ҳамда пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш бўйича жорий йилда чиқарилган фармон ва қарорлар билан берилган имтиёз ва енгилликлар салбий таъсир қилган.

Бюджетномага мувофиқ, ҚҚС бўйича тушумлар 2022 йил учун жорий йилда кутилаётган тушумга нисбатан 124,2 фоиз ўсиш билан 31,7 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 3,8%) тушум прогноз қилинган.

Акциз солиғи

Акциз солиғи ставкалари 2022 йил 1 июндан ўртача 10 фоизга ошиши кутилмоқда.

Тамаки маҳсулотлари импортига акциз солиғи ставкаси 2022 йил 1 январдан 10 фоизга, алкоголь маҳсулотлари импортига 2022 йил 1 июндан 10 фоизга пасайтирилмоқда. 2022 йил 1 январдан алоҳида турдаги тамаки маҳсулотларига (чилим учун тамаки, чекиладиган, ўрама тамаки, қиздириладиган тамаки, никотинли тамакисиз снюс, таркибида никотин мавжуд бўлган суюқлик) импортига акциз солиғи ставкаси 10 фоизга индексация қилинмоқда.

Республикада ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган бензин учун ягона солиқ ставкаси белгиланмоқда. Суюлтирилган газга акциз солиғи ставкаси бекор қилинмоқда (амалда 30 фоиз). Полиэтилен гранулаларига акциз солиғи ставкаси 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтирилиши белгиланмоқда, шунингдек, полиэтилен гранулалар импортида ҳам акциз солиғи жорий қилинмоқда.

Ушбу солиқ тури бўйича 2021 йилда 12,6 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 1,8%) тушум кутилаётганлиги ҳисоб-китоб қилиниб, тасдиқланган 11,2 трлн сўмлик прогноз 112 фоизга бажарилиши ёки прогнозга нисбатан 1,4 трлн сўм кўп маблағ тушиши кутилмоқда. Бюджетномага мувофиқ, акциз солиғи бўйича 2022 йил учун жорий йилда кутилаётган тушумга нисбатан 13 фоиз ўсиш билан 14,3 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 1,7%) тушум прогноз қилинган.

Фойда солиғи

Фойда солиғи ставкасини 15 фоиз миқдорида ва дивидендлар кўринишидаги даромадлар бўйича солиқ ставкаси 5 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда.

Киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ, амортизациянинг йиллик энг юқори нормасини қуйидагича белгилаш таклиф қилинмоқда, жумладан:

  • бинолар учун 3 фоиздан 5 фоизгача;
  • иншоотлар учун 5 фоиздан 10 фоизгача;
  • узатиш қурилмалари, куч машиналари ва асбоб ускуналари учун 8 фоиздан 15 фоизгача;
  • фаолият турлари бўйича иш машиналари ва асбоб-ускуналар учун 15 фоиздан 20 фоизгача;
  • компьютер, маълумотларни қайта ишлаш ускуналари учун 20 фоиздан 40 фоизгача оширилмоқда.

Янги технологик ускуналар учун йўналтирилган маблағлар суммасига инвестициявий чегирма миқдорини 10 фоиздан 20 фоизгача, ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтириш учун эса 5 фоиздан 10 фоизгача ошириш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК ва «Олмалиқ конметаллургия комбинати» AЖ учун солиқ солиш базасининг, товар (иш, хизмат)ларни реализация қилишдан тушган тушумни 15 фоизига тенг миқдордан ошган қисми учун қўлланилган оширилган фойда солиғи ставкасини амалдаги 75 фоиздан 70 фоизга пасайтириш белгиланмоқда.

Фойда солиғи бўйича фаолият натижасида кўрилган зарарларни солиқ давридан кейин ўн йил мобайнида келгусига ўтказиш тартибини сақлаб қолган ҳолда, жорий солиқ даври солиқ базасининг 60 фоизидан ошиб кетмаслик бўйича талаб бекор қилинмоқда.

Ушбу солиқ тури бўйича 2021 йилда 38,7 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 5,4%) тушум кутилаётганлиги ҳисоб-китоб қилиниб, тасдиқланган 27,8 трлн сўмлик прогноз 139 фоизга бажарилиши ёки прогнозга нисбатан 10,9 трлн сўм кўп маблағ тушиши кутилмоқда.

Прогноз кўрсаткичларини ортиқча бажарилишига жорий йил учун прогноз қилинган тушумга нисбатан «Навоий КМК» ДК ва «Олмалиқ КМК» АЖдан жами 8,2 трлн сўм кўп тушум тушиши ижобий таъсир қилмоқда.

Бюджетномага мувофиқ фойда солиғи бўйича 2022 йил учун жорий йилда кутилаётган тушумга нисбатан 7 фоиз ўсиш билан 41,4 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 4,9%) тушум прогноз қилинган. Шундан, йирик солиқ тўловчилар ҳисобланган «Навоий КМК» ДК ва «Олмалиқ КМК» АЖ томонидан 26,4 трлн сўм (3,1%) ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ҳисобига 15,0 трлн сўм (1,8%) тўғри келмоқда.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 12 фоиз миқдорида ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган даромадларидан фуқароларнинг ШЖБПҲ ўтказиладиган ажратмалари миқдорини 0,1 фоизи миқдорида сақлаб қолинмоқда.

Ушбу солиқ тури бўйича 2021 йилда 18,5 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 2,6%) тушум кутилаётганлиги ҳисоб-китоб қилиниб, тасдиқланган 16,9 трлн сўмлик прогнозга нисбатан 1,6 трлн сўм кўп маблағ тушиши кутилмоқда. Бюджетномага мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича 2022 йил учун жорий йилда кутилаётган тушумга нисбатан 16 фоиз ўсиш билан 21,5 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 2,6%) тушум прогноз қилинган.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 октябрдаги Фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ер қаъридан фойдаланувчиларни солиққа тортишда қуйидаги ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Ер қаъридан фойдаланувчиларнинг капитал харажатларини ҳисобга олган ҳолда янги конларда нефть, табиий газ, газ конденсати, қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металларни қазиб олиш (ажратиб олиш)ни амалга оширувчи ер қаъридан фойдаланувчилар учун рента даромади солиғи жорий этилмоқда.

Рента даромад солиғи инвестиция киритилганда, металлар ёки углеводород хом ашёсини реализация қилишдан олинган даромад ва уларни қазиб олиш (ажратиб олиш) билан бевосита боғлиқ бўлган харажатлар чегирилган ҳолда (уч йилдан кейин) тўланади.

Янги нефть ва газ қудуқларини, саноат усулида фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб, дастлабки икки йил давомида мол-мулк солиғи тўлашдан озод қилинади, кейинги уч йилда ушбу солиқ учун белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизига камайтирилган ставка қўлланилади.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини нефть ва табиий газ бўйича 10 фоизгача (амалда нефть 20 фоиз, табиий газ 30 фоиз), олтин ва мис учун 7 фоизгача (амалда олтин 10 фоиз, мис 10 фоиз), вольфрам концентрати учун 2,7 фоизгача (амалда 10,4 фоиз) ва уран учун 8 фоизгача (амалда 10 фоиз) камайтирилмоқда. Бунда, давлат улушига эга корхоналар НКМК, ОКМК ва Ўзбекнефтгаз учун амалдаги солиқ ставкалари сақлаб қолиниши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, 2022 йил 1 январдан бошлаб цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган 1 тонна оҳактош учун ер қаъридан фойдаланганлик учун 14 солиқнинг ставкасини икки бараварга камайтирган ҳолда 22 500 сўм/тн (амалда 45 000 сўм/тн) миқдорида белгиланмоқда, дейилади Ҳисоб палатаси хулосаси маълумотларида.

Ушбу солиқ тури бўйича 2021 йилда 15,7 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 2,2%) тушум кутилаётганлиги ҳисоб-китоб қилиниб, тасдиқланган 13,6 трлн сўмлик прогноз 116 фоизга бажарилиши ёки прогнозга нисбатан 2,1 трлн сўм кўп маблағ тушиши кутилмоқда. Бюджетномага мувофиқ ер қаъридан фойдаланганлик учун солиғи бўйича 2022 йил учун жорий йилда кутилаётган тушумга нисбатан 6,7 фоиз ўсиш билан 16,8 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 2,0%) тушум прогноз қилинган.

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун белгиланган ставкалардан ташқари) ставкаларини инфляция даражасида 1,1 бараварга иқтисодиётнинг барча тармоқлари корхоналари (саноат корхоналари, электр станциялари ва коммунал хўжалиги бундан мустасно) ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун эса — 1,3 бараварга индексация қилинмоқда.

Қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун белгиланган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 40 сўм, шу жумладан солиқ ставкасига сув етказиб берувчилар томонидан етказиб берилган сув ҳажми харажатларини қоплаш учун 1,05 коэффициент қўллаш тартиби сақлаб қолинмоқда.

Молия вазирлиги томонидан ушбу солиқ тури бўйича 2021 йилда 688 млрд сўм тушум кутилаётганлиги ҳисоб-китоб қилинган ва 2022 йил учун 130,8 фоиз ўсиш билан 900 млрд сўм тушум прогноз қилинган.

Мол-мулк солиғи

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси амалдаги 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилмоқда. Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган пасайтирилган солиқ ставкаси 0,4 фоиздан 0,5 фоизга ўзгартирилмоқда. Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ставкалари 10 фоизга ошиши режалаштирилмоқда.

Солиқ солиш мақсадида бинолар бўйича солиқ базаси қуйидаги миқдорларда 1 квадрат метр учун мутлақ қийматда белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмаслиги жорий этилмоқда. Бунда, Тошкент шаҳрида — икки миллион беш юз минг сўм, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида — бир миллион беш юз минг сўм ва қолган ҳудудларда — бир миллион сўм этиб белгиланмоқда.

Ушбу солиқ тури бўйича 2021 йилда 2 548,0 млрд сўм (ЯИМга нисбатан 0,4%) тушум кутилаётганлиги ҳисоб-китоб қилиниб, тасдиқланган 2 трлн 510 млрд сўмлик прогнозга нисбатан 38,0 млрд сўм кўп маблағ тушиши кутилмоқда.

Бюджетномага мувофиқ мол-мулк солиғи бўйича 2022 йил учун жорий йилда кутилаётган тушумга нисбатан 9,5 фоиз ўсиш билан 2 трлн 792 млрд сўм (ЯИМга нисбатан 0,33%) тушум прогноз қилинган.

Ер солиғи

Юридик шахслардан олинадиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер солиғининг базавий ставкалари ўртача 1,07 бараварга ошиши кутилмоқда. Юридик шахслардан олинадиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер солиғи ставкаларига қўлланиладиган пасайтирувчи 0,25 коэффициент 0,3 этиб белгиланмоқда.

Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкаларини ўртача 1,07 бараварга ошиши кутилмоқда. Қишлоқ хўжалиги корхоналари ер солиғи қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматига нисбатан белгиланган 0,95 фоиз солиқ ставкаси сақлаб қолинмоқда.

Ушбу солиқ тури бўйича 2021 йилда 3 трлн 617 млрд сўм (ЯИМга нисбатан 0,5%) тушум кутилаётганлиги ҳисоб-китоб қилиниб, тасдиқланган 2 трлн 941 млрд сўмлик прогнозга нисбатан 676 млрд сўм кўп маблағ тушиши кутилмоқда.

Бюджетномага мувофиқ, ер солиғи бўйича 2022 йил учун жорий йилда кутилаётган тушумга нисбатан 6,3 фоиз ўсиш билан 3 845,0 млрд сўм (ЯИМга нисбатан 0,5%) тушум прогноз қилинган.

Ижтимоий солиқ

Ижтимоий солиқ ставкаси бюджет ташкилотлари учун 25 фоиз, бошқа солиқ тўловчилар учун 12 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда.

Айланмадан олинадиган солиқ

Айланмадан олинадиган солиқнинг базавий ставкалари 2021 йил даражасида (4 фоиз) сақлаб қолинмоқда.

Ушбу солиқ тури бўйича 2021 йилда 1 758 млрд сўм (ЯИМга нисбатан 0,2%) тушум кутилаётганлиги ҳисоб-китоб қилиниб, тасдиқланган 2 160 млрд сўмлик прогнозга нисбатан 402 млрд сўм кам маблағ тушиши кутилмоқда. Бюджетномага мувофиқ айланмадан олинадиган солиқ бўйича 2022 йил учун жорий йилда кутилаётган тушумга нисбатан 1,5 баробарга ошган ҳолда 2 728 млрд сўм (ЯИМга нисбатан 0,3%) тушум прогноз қилинган.

2022 йил учун Бюджетнома бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботи.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар