Ўзбекистонда автомобилларга бўлган талаб қандай ўзгарди

Ўзбекистонда автомобилларга бўлган талаб қандай ўзгарди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) кўчмас мулк ва автомобил бозорларида талаб ўзгаришини мунтазам равишда таҳлил қилиб келмоқда. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида ушбу бозорларда талабнинг босқичма-босқич ўсиши Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик тикланганидан далолат бермоқда.

Автомобил бозори

Жорий йил апрель ойида автомобил бозорида аҳоли талаби март ойига нисбатан 14,1 фоизга ошиб, кетма-кет учинчи ой барқарор ўсиш суръатларини кўрсатмоқда. Автомобиллар савдосининг ўсиши 2020 йил апрель ойига нисбатан 355,9 фоизни, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 19,6 фоизни ташкил этди.

1-расм. 2021 йил апрель ойида рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши индекси

2020 йил апрель ойида ушбу кўрсаткич февраль ойига нисбатан 75,8 фоизга, март ойига нисбатан 63,1 фоизга камайган эди.

Ҳисобот даврида рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони Тошкент шаҳрида (28,9 фоиз), Бухоро (31,4 фоиз), Сурхондарё (18,8 фоиз), Самарқанд (17,8 фоиз) вилоятларида тез суръатларда ўсган бўлса, Жиззах (6,0 фоиз), Хоразм (3,9 фоиз) вилоятларида пасайиш кузатилди.

2021 йил январь-апрель ойларида 59,6 мингта янги автомобиллар рўйхатдан ўтказилди. Уларнинг 2,9 мингтаси (4,9 фоизи) – иномаркалардир.

Чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар энг кўп сотилган ҳудудлар Тошкент шаҳри (янги автомобилларнинг 11,8 фоизи), Тошкент (5,6 фоизи), Самарқанд (3,3 фоизи) ва Хоразм (2,7 фоизи) вилоятлари бўлди.

2-расм. 2021 йил январь-апрель ойларида сотилган янги маҳаллий ва хорижий автомобиллар улуши

Коронавирус пандемияси 2020 йилда автомобиллар савдосига маълум даражада таъсир кўрсатди. Автомобилларга талаб катта бўлган бир пайтда, ишлаб чиқариш корхоналарининг ёпилиши ва микросхемалар етишмаслиги захиралар яратишни қийинлаштирди, бу глобал муаммога айланди.

Дунё миқёсида иқтисодиётларда коронавирус пандемиясидан кейин тикланишнинг аниқ белгилари намоён бўлмоқда. Масалан, Японияда 2021 йил апрель ойида янги автомобиллар бозори бир йил аввалги 270,4 минг донадан 349,9 минг донагача ёки 29 фоиздан кўпроқ ўсди. Сўнгги икки ойда ҳукумат томонидан яқинда яна кучая бошлаган COVID-19 инфекцияси тарқалишини олдини бўйича янги чоралар кўрилганига қарамай, ишбилармонлик кайфияти сезиларли даражада яхшиланди, ушбу даврда саноат ишлаб чиқариши ва экспорт кескин тикланди.

Хитойда 2021 йил апрель ойида янги автомобиллар бозори ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 8,6 фоизга ўсиб, 2,07 млн. донадан 2,25 млн. донага етди. Кечиктирилган талаб ва паст фоиз ставкалари сабабли мамлакатнинг автомобил бозори пандемиядан олдинги даражага қайтди.

COVID-19 вакцинасининг кенг тадбиқ этилиши ва апрель ойида енгил автомобилларнинг юқори даражада сотилиши 2021 йилнинг қолган қисмида оптимизмга сабаб бўлмоқда.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда кўчмас мулк ва автомобиллар бозорида кейинга қолдирилган талаб билан белгиланадиган ўсиш кутилмоқда. Олди-сотди шартномалари сони ўсишда давом этади ва маҳаллий рекордлар ўрнатилиши мумкин, лекин нархларда кескин ўсиш бўлмайди.

*Кўчмас мулк ва автомобил бозорлари тўғрисидаги батафсил таҳлил Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига сўров бўйича тақдим қилиниши мумкин.

Халилуллоҳ Ҳамидов, Марказ бош илмий ходими

тел: (78) 150-02-02


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар