Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, GIZ ва HELVETAS Ўзбекистон иқтисодиётининг кадрларга бўлган эҳтиёжини прогноз қилиш учун таҳлилий платформани ишга туширади

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, GIZ ва HELVETAS Ўзбекистон иқтисодиётининг кадрларга бўлган эҳтиёжини прогноз қилиш учун таҳлилий платформани ишга туширади

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва мустақил Швейцария тараққиёт ташкилоти HELVETAS Uzbekistan ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама меморандум имзоланди.

Ҳужжатни GIZ лойиҳаси раҳбари Маттиас Клингенберг, HELVETAS Uzbekistan лойиҳаси раҳбари Симона Страсбургер ва ЦЭИР директори ўринбосари Нозимжон Ортиқов имзолади.

Меморандумга мувофиқ, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳузурида касбий ва дуал таълим, бандлик ҳамда иқтисодиётнинг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини ўрганишга қаратилган ихтисослашган таҳлилий платформа ташкил этилади.

Статистик маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишга комплекс ёндашув малакали кадрларга бўлган талаб ва таклиф динамикасини уч йилгача бўлган давр учун баҳолаш имконини беради. Тадқиқотлар натижаларидан касбий таълим муассасалари учун мутахассисларни қабул қилиш ва тайёрлаб чиқариш, ўқув дастурларини янгилаш ҳамда иқтисодиёт эҳтиёжлари билан кадрлар тайёрлаш ўртасидаги номутаносиблик хавфини камайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишда фойдаланилади.

Ҳамкорлик GIZ ва Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) томонидан амалга оширилаётган касбий таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш ташаббусларининг давоми бўлди. Қўшма фаолият Ўзбекистонда ишончли маълумотларга асосланган ва меҳнат бозорининг реал эҳтиёжларига йўналтирилган қарорлар қабул қилиш тизимини янада шакллантиришга қаратилган.

Технологик ўзгаришлар ва бандлик таркиби трансформацияси шароитида касбий кўникмаларнинг иш берувчилар талабларига мос келиши барқарор иқтисодий ривожланиш омилларидан бирига айланмоқда. Касбий таълим тизими учун кадрларга бўлган талабни мунтазам баҳолаш, квалификацияларни таҳлил қилиш ва келгуси компетенцияларни прогноз қилиш аҳамияти ортиб бормоқда.

Платформа доирасида меҳнат бозори тенденциялари, иқтисодиёт тармоқларининг мутахассисларга бўлган эҳтиёжи, квалификацияларнинг иш берувчилар талабларига мувофиқлиги, дуал таълим самарадорлиги ва янги касбий кўникмаларга бўлган истиқболли талаб бўйича тадқиқотлар ўтказиш режалаштирилган.

Биринчи босқичда асосий эътибор мавжуд ва талаб этилаётган квалификациялар ўртасидаги номутаносиблик, ишчи кучига бўлган талаб динамикаси ва бандлик таркибини таҳлил қилишга қаратилади. Шунингдек, дуал таълимнинг харажатлари ва самарасини баҳолаш, онлайн вакансиялар мониторингини ўтказиш ҳамда келгуси компетенциялар прогнозини тайёрлаш назарда тутилган.

Алоҳида йўналиш сифатида сунъий интеллект ва янги технологияларнинг меҳнат бозорига таъсири ўрганилади. Мазкур иш натижаларидан ўқув дастурларини иш берувчилар талаблари ва иқтисодиёт таркибидаги узоқ муддатли ўзгаришларга мувофиқлаштириш бўйича тавсиялар тайёрлашда фойдаланилади.

Ҳамкорлик халқаро тажриба алмашиш, замонавий тадқиқот методикаларини жорий этиш ва маҳаллий мутахассислар салоҳиятини оширишни ҳам назарда тутади. Ушбу жараёнга Германия Федерал касбий таълим институти (BIBB), Швейцариянинг CEMETS Global халқаро тармоғи, шунингдек, бошқа илмий ташкилотлар ва соҳавий ҳамкорларни жалб этиш режалаштирилган.

Меморандумнинг имзоланиши Ўзбекистонда касбий таълим ислоҳотларини таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кучайтириш имконини беради. Меҳнат бозори эҳтиёжларини мунтазам баҳолаш, кўникмаларни прогноз қилиш ва халқаро ҳамкорларнинг иштироки иқтисодиёт учун кадрлар тайёрлашни янада аниқроқ йўлга қўйишга хизмат қилади.

Маълумот учун

SDC Швейцариянинг халқаро ҳамкорлик бўйича давлат агентлиги ҳисобланади. Агентлик 34 та мамлакатда ҳамкорлик дастурларини амалга оширади.

BIBB Германиянинг касбий таълим соҳасидаги илмий-методик маркази ҳисобланади. Институт меҳнат бозори ва квалификацияларга бўлган эҳтиёжни ўрганади, шунингдек 300 дан ортиқ тан олинган касблар бўйича стандартларни ишлаб чиқишда иштирок этади.

CEMETS Global Швейцария олий техник мактаби Цюрих (ETH Zurich) ҳузуридаги таълим тизимларини ислоҳ қилиш бўйича халқаро марказ ҳисобланади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар