Коронавирус пандемияси ортидан глобал озиқ-овқат инқирози бошланади(ми?)

Коронавирус пандемияси ортидан глобал озиқ-овқат инқирози бошланади(ми?)

БМТ Озиқ-овқат дастури прогнозига кўра, коронавирус пандемияси ортидан глобал озиқ-овқат инқирози кутилмоқда. Дастур мутахассисларининг фикрича, 2020 йилда 265 миллион киши очликдан азият чекади - бу ўтган йилга нисбатан икки баравар кўп дегани.

Соҳадаги бошқа экспертлар эса жаҳонда озиқ-овқат билан боғлиқ вазият инқироздан узоқда, деб ҳисобламоқда.

Аслида, сўнгги ўн йилликда глобал озиқ-овқат инқирози хавфи мавзуси бир неча бор кўтарилган. Дастлаб, экспертлар аҳоли сони ҳаддан ташқари тез ўсиши озиқ-овқат етишмовчилигига сабаб бўлишидан огоҳлантирдилар. Бунинг ортидан эса озиқ-овқат ишлаб чиқариш оқсаши кутилди. Кейинчалик, иқлим ўзгариши билан боғлиқ эҳтимолий муаммолар қўшилди. Хусусан, яқинда БМТ 2050 йилга бориб иқлим ўзгариши сабабли ҳосилдорлик сезиларли даражада пасайишини башорат қилди.

Умуман олганда, глобал қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш барқарор бўлиб турибди. Сўнгги 10 йил ичида гўшт ишлаб чиқариш ҳажми 10 фоизга ошган. Худди шунингдек, донли маҳсулотлар етиштириш ҳажми ҳам йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Муҳими, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи нисбатан барқарор даражада сақланиб турибди. Мисол учун, АҚШ биржаларида бугунги кунда буғдойнинг нархи 1970 йилдаги ўртача кўрсаткичдан атиги 20 фоизга қиммат. Инфляция ҳисобга олинса, жорий нархлар ўтган асрдаги кўрсаткичлардан икки баравар пастлиги англашилади.

Қолаверса, коронавирус пандемияси туфайли глобал жорий этилган карантин чоралари қишлоқ хўжалигига жиддий таъсир кўрсатаётгани йўқ. Хусусан, жаҳоннинг ҳеч бир мамлакатида фермерларнинг ишлаши ва ҳаракатига жиддий чекловлар киритилмаган. Бироқ, мева ва резаворларни ишлаб чиқарувчиларда баъзи муаммолар пайдо бўлиши мумкин (ушбу маҳсулотларни етиштириш ва йиғиш машаққатли ва ҳар доим ҳам механизациялаштирилмаган). Кўпгина мамлакатларда мазкур соҳа ички ва халқаро миқёсда муҳожирларнинг меҳнатига боғлиқ бўлиб, карантин чоралари уларга ўтиб бўлмайдиган тўсиқ қўйиши мумкин.

Ўз навбатида, сўнгги 10-15 йил ичида аста-секин, аммо барқарор равишда глобал озиқ-овқат таъминоти кўрсаткичлари ошмоқда. Масалан, гуручнинг глобал захиралари 2005 йилда 90 миллион тонна бўлган бўлса, 2020 йил бошида ушбу кўрсаткич 150 миллион тоннага чиқди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар