Марказий банк томонидан 2020 йилда асосий эътибор ички нархлар ўсишини секинлаштириш орқали аҳолининг харид қобилиятини сақлаб қолиш ҳамда коронавирус пандемияси тадбиркорлик субъектлари ва банкларнинг молиявий ҳолатига салбий таъсирини юмшатиш ҳисобига иқтисодиётда мувозанатлашган молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисидаги ҳисобот берди.
Қолаверса, тижорат банкларига зарур бўлган молиявий ресурсларни тақдим этиш орқали банк ва тўлов тизимларининг барқарор фаолият юритиши таъминланмоқда.
2020 йилда Марказий банк асосий ставкасининг 2 маротаба 1 фоиз банддан (йиллик 16 фоиздан 14 фоизгача) пасайтирилиши ҳамда мақбул фоиз ставкалари механизмининг киритилиши иқтисодиётдаги пул-кредит шароитларини бироз юмшатиб, карантин чекловлари юмшатилгандан кейинги даврда инфляция даражасига хавф туғдирмаган ҳолда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида сўнгги 3 йил давомида жами 15,7 трлн. сўмдан кўп имтиёзли кредитлар ажратилди ва бу орқали 633 мингдан зиёд оилалар тадбиркорликни йўлга қўйиб, даромад топишга қаратилган фаолият билан шуғулланишига замин яратилган.
Молиявий қийинчиликка учраган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йилнинг март-декабрь ойларида банклар томонидан 59 235 та корхона айланма маблағларни тўлдириш учун 26,8 трлн. сўмлик револьвер кредитлар ажратилган.
Пандемия даврида молиявий қийинчиликларга дуч келган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит тўловлари муддатининг узайтирилиши натижасида банк тизимида муаммоли кредитлар улуши 0,6 фоиз бандга ошиб, 2020 йил якуни бўйича 2,1 фоизни (5,8 трлн. сўм) ташкил этганлиги қайд этилди.
Жами муаммоли кредитларнинг 73 фоизи ёки 4,2 трлн. сўми тадбиркорлик субъектлари, 17 фоизи ёки 961 млрд. сўми жисмоний шахслар, 10 фоизи ёки 586 млрд. сўм давлат ва бюджет ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади.
Жисмоний шахсларнинг муаммоли кредитлари таркибида ипотека кредитлари улуши 42 фоизни (405 млрд. сўм), истеъмол кредитлари 20 фоизни (194 млрд. сўм), микроқарзлар 14 фоизни (132 млрд. сўм), автокредитлар 7 фоизни (59 млрд. сўм) ташкил этган. Бундан эса фуқаролар турмуш шароитини яхшилаш учун ажратилган кредитлар миқдорининг юқорилиги кўринади.
Давлат дастурлари доирасида аҳолининг бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун 281 мингдан ортиқ лойиҳага жами 48,4 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилган.
Терминаллар орқали амалга оширилган транзакциялар ҳажмида HUMO тизими орқали ўтказилган тўловлар улуши 2020 йилда 2019 йилдаги 3 фоиздан 15 фоизгача ошган.
Аҳоли учун қулай HUMO контактсиз банк карталари 5,3 млн., тадбиркорлик субъектларига ўрнатилган ҳисоб-китоб терминаллари сони 203 минг, шунингдек банк инфратузилмалари, туризм объектлари, деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларига ўрнатилган банкоматлар сони 4 мингга етказилган.
Нақд пулларнинг банклар орқали айланмаси 2020 йилда 360,2 трлн. сўмни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошган.
Изоҳ қолдириш