Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 29 августдаги 526-сонли “2020-2021 йилларда иқтисодий ўсишни тиклаш ва иқтисодиёт тармоқларида тизимли ислоҳотларни давом эттириш тўғрисида"ги қарорида 2020-2021 йилларга мўлжалланган иқтисодиётнинг таркибий ислоҳотларини тиклаш ва давом эттириш бўйича амалий ҳаракатлар режасини амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" қабул қилинди.
Мазкур дастур коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсирини бартараф этиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг инвестиция ва ташқи иқтисодий фаолиятини тиклаш ҳамда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш учун шароит яратиш мақсадида тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бошқа вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда иқтисодиёт тармоқлари ҳамда соҳаларида таркибий ўзгаришларни тиклаш ва давом эттириш бўйича қуйидагиларга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган:
2020 йилда иқтисодиёт асосий секторларининг ривожланишини сақлашга вa 2021 йилдан бошлаб барқарор иқтисодий ўсиш кўрсаткичини 5,0-5,5 фоиз даражасида таъминлашга йўналтирилган макроиқтисодий сиёсатни амалга ошириш ва бозор институтларини ислоҳ қилишни давом эттириш;
Биринчи навбатда, инқироздан кейинги ривожланиш даврида банкларни трансформация қилиш ва банк хизматларидан фойдаланиш самарадорлигини ҳамда уларнинг сифатини оширишни таъминлашга доир чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган ислоҳотларни жадаллаштириш;
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини биринчи марта амалга ошираётган шахсларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича дастурий чора-тадбирларни кенгайтириш орқали ички талабни рағбатлантириш ва камбағалликни қисқартириш;
Саноат ва рақобат сиёсатини, жумладан, маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулотларига ички талабни рағбатлантириш, тармоқлapapo кооперация алоқаларини ривожлантириш, шунингдек, саноатнинг стратегик тармоқлари корхоналарида ислоҳотларни давом эттириш асосида такомиллаштириш;
Инвестиция жараёнларини, биринчи навбатда маҳаллий инвесторларнинг инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ва қўшилган қийматнинг ишлаб чиқариш "занжирлари"ни яратиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишдаги иштирокини рағбатлантириш учун ички манбаларни кенгайтириш йўли билан фаоллаштириш;
Экспорт қилувчи корхоналарни қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш орқали, шу жумладан савдони молиялаштиришнинг замонавий воситаларидан фойдаланишни кенгайтириш, маҳаллий маҳсулотларни янги экспорт бозорларига етказиб беришни кенгайтиришда савдо воситачилик ташкилотларини рағбатлантириш ҳисобига ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш ва экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш;
Давлат харидлари тизимида хусyсий тадбиркорлик сyбъектларининг иштирокини кенгайтириш, ҳудудлардаги кичик саноат зоналарини уларга ишлаб чиқариш ва транспорт инфраryзилмаси объектларини ўтказиш учун қўшимча молиявий ресурсларни ажратган ҳолда ривожлантириш асосида ишбилармонлик ва рақобат муҳитининг қулайлигини ошириш, хусyсшй тадбиркорликни ривожлантириш;
Ҳудудларда аҳолига комплекс хизматлар кўрсатадиган савдо ташкилотлари тармоғини ривожлантириш, маҳаллий мобиль алоқа операторларининг давлат активларини босқичма-босқич сотиш ва қишлоқ жойларда телекоммуникация тармоқларини ривожлантиришга хусyсий инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, 2021 йилда барча ижтимоий муассасалар, қишлоқ аҳоли пунктлари ва маҳаллаларни юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғига улашни якунлаш ҳисобига хизматлар соҳаси корхоналарини қўллаб-қувватлаш ва рақамли технологияларни ривожлантириш.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- 2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ўсишни тиклаш ва тизимли таркибий ўзгаришларни давом эттириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси;
- Иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни тиклаш ва давом эттириш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси".
Мутасадди вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг зиммасига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ҳар ойда маълумот киритган ҳолда Ҳаракатлар режаси ва "Йўл харитаси"даги тегишли тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш таъминланиши учун масъулият топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига:
- иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари, шунингдек, ҳудудлар кесимида "Йўл харитаси" доирасидаги тадбирларнинг амалга оширилиши тизимли асосда таҳлил қилинишини ва уларнинг ҳаракатлар режасида белгиланган асосий мақсад ва вазифаларга эришишга таъсирини баҳолашни таъминлаш;
- зарур бўлганда, "Йўл харитаси"га манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан келишган ҳолда, Ҳаракатлар режасини амалга ошириш самарадорлигини оширишга йўналтирилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
Ҳаракатлар режаси ва "Йўл харитаси" доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни амалга оширишга таъсирини баҳолаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар ойда ахборот киритиб бориш вазифалари юклатилган.
2020-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида коронавирус пандемияси тарқалишининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, шунингдек коронавирус инфекцияси тарқалиши даврида аҳоли ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган асосий чора-тадбирлар, тикланиш босқичлари ва 2020 йил кутилаётган натижалари батафсил таҳлил қилинган.
Режанинг асосий муаммолари, мақсад ва вазифалари, макроиқтисодий сиёсат ва бозор институтларини ислоҳ қилиш соҳасидаги асосий чора-тадбирлар тавсифланган.
Банк секторидаги асосий чора-тадбирлар, иш билан бандликни ошириш, аҳоли даромадлари ва қашшоқликни камайтириш орқали ички талабни рағбатлантириш, шунингдек, ишбилармонлик ва рақобат муҳитини яхшилаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, саноат ва маҳаллийлаштириш соҳасидаги чора-тадбирлар, инвестиция муҳитини яхшилаш, рақамлаштиришни ривожлантириш ва экспортни кенгайтириш алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича йўл харитаси 163 пунктдан иборат. Унда 2020-2021 йилларда иқтисодиётнинг таркибий ислоҳотларини тиклаш ва давом эттириш бўйича чора-тадбирлар, амалга ошириш механизмлари, молиялаштириш харажатлари ва манбалари, кутилаётган натижалар ва муддатлари батафсил баён этилган.
2021 йил 1 мартгача Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида қашшоқликни камайтириш стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.
Миллий барқарор ривожланиш мақсадлари, миллий иқтисодиёт салоҳияти ва қашшоқликни камайтириш дастури асосида амалга оширилган вазифалар, шунингдек, халқаро тажриба ижросини мониторинг қилиш кўрсаткичларини ўрганиш режалаштирилган; келажакдаги иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучларини аниқлаш; иқтисодий ўсишни прогноз қилиш ва янги иш ўринларини яратиш.
Aмалга ошириш пунктларидан яна бири ҳудудларни комплекс ва мувозанатли ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни баҳолаш, табиий-хомашё ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги, иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятни, шунингдек, ҳудудларни барқарор ва жадал ривожлантириш учун бошқа қиёсий устунликларини Президентимизнинг шу йил 1 майдаги "Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ баҳолашнинг ягона тизимини жорий этиш.
Шу муносабат билан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Жаҳон банки, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига биргаликда саккизта устувор йўналиш бўйича статистик кўрсаткичларни баҳолаш топширилди:
- иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик;
- меҳнат бозори самарадорлиги;
- ижтимоий соҳадаги хизматларнинг мавжудлиги ва сифати;
- инфратузилманинг ривожланиши ва мавжудлиги;
- иқтисодиётнинг рақобатдошлиги ва диверсификацияси;
- ишбилармонлик муҳитининг сифати ва тадбиркорликни ривожлантириш;
- молиявий мустақиллик, банк-молия секторининг ривожланиши;
- маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларнинг мавжудлиги.
Амалий ҳаракатлар режасининг асосий мақсад ва вазифалари
Келгуси даврнинг асосий чекловлари ва таҳдидлари қуйидагилар этиб белгиланди:
- Маҳаллий маҳсулотлар ва хизматлар ишлаб чиқарилишининг чекланиши. Бунинг олдини олиш учун карантин даврида хўжалик фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келганларга алоҳида эътибор бериб, корхоналарнинг хўжалик фаолиятини тезроқ тиклаш зарур. Муаммони ҳал этиш иқтисодиётга молиявий маблағларни, шу жумладан, инвестиция ссудалари бўйича қарзларни узайтириш ва айланма маблағлар сифатида "тез пуллар"ни ажратишни талаб қилади.
- Аҳоли даромадларининг пасайиши, ишлаб чиқариш занжиридаги узилишлар туфайли ички талабнинг чекланиши. Муаммонинг ечими корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш, янги иш ўринлари яратиш ва тиклаш, кейин эса аҳоли даромадларининг ўсиши билан боғлиқ ҳисобланади.
- Карантин чораларини либераллаштириш ва коронавирус инфекциясининг тарқалиш дарaжаси юқори бўлган мамлакатлардан одамларнинг кўчиб ўтишига йўл қўймаслик учун ташқи чегараларнинг ёпилиши билан коронавирус инфекциясининг аҳоли орасида тарқалиши хавфи. Муаммонинг ечими маълум санитария-гигиена меъёрлари ва чекловларининг сақланишида (айниқса, оммавий тадбирлар пайтида, мамлакат ташқарисидан кирганда ва ҳоказо) ва беморларга зарур тиббий ёрдамни кенгайтиришда намоён бўлади. Коронавируснинг сайёрада тарқалишининг давом этишини ҳисобга олиб, ягона усул - бу ўз вақтида ташхис қўйиш ва самарали даволанишни ўрганиш ҳисобланади.
- Бюджет тақчиллигининг ошиши ва ташқи давлат карзининг ўсиши, макроиқтисодий барқарорлик хавфларининг намоён бўлиши. Жаҳон ишлаб чиқаришининг кескин пасайиши ва глобал иқтисодий тикланиш истиқболлари тўғрисида ноаниқликнинг юқори даражаси кўплаб давлатларни иқтисодиётда аҳолини ва ялпи талабни қўллаб-қувватлаш учун бюджет харажатларини (шу жумладан, ташқи қарз маблағлари ҳисобига) кўпайтиришга мажбур қилмоқда. Ташқи қарзнинг ўсишини олдини олиш учун асос яратиш, хусусий ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун шароитни яхшилаш қисқа ҳамда узоқ истиқболда инқироздан кейинги тикланиш иқтисодиёт барқарор ривожланишининг асосий шартлари ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, иқтисодиётни либераллаштириш (жумладан, энергия ресурслари бозори) соҳасида бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш, рақобат муҳитини ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётда давлат секторининг улушини камайтиришни талаб қилади ва ўpтa муддатли истиқболда хорижий инвестицияларнинг барқарор ўсишига ёрдам беради.
- Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида потенциал инвесторларнинг молиявий аҳволи ёмонлашиши натижасида юзага келадиган инвестицияларга, айниқса, ташқи сармояларга чекловлар. Ҳозирги вазиятда маҳаллий инвесторларга хорижий инвесторлар билан тенг инвестиция шароитларини яратиб, маҳаллий сармоядорлар учун рағбатлантириш ва инвестиция имкониятларини кучайтиришни талаб қилади.
- Жаҳон молиявий инқирози сабабли, ташқи талабнинг чекланиши ва ўзбек маҳсулотларини импорт қилувчи мамлакатлардаги инқироз. Россия, МДҲ, мамлакатлари ва Хитойдаги иқтисодий пасайиш Ўзбекистондан асосий маҳсулотлар: табиий газ, мева-сабзавот, тўқимачилик, электротехника, кимёвий маҳсулотлар, минерал ўғитлар экспортининг физик ҳажмини камайиши, шунингдек, асосий экспорт маҳсулотлари: пахта ва тўқимачилик, табиий газ, мис нархларининг пасайиши билан боғлиқ. Муаммо экспорт географиясини кенгайтиришни жадаллаштириш, Европа ва Осиё бозорларига чиқиш, шунингдек, экспорт қилувчиларни рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларни давом эттириш, жумладан, давлат бюджетидан транспорт ҳаракатларининг бир қисмини субсидия қилиш орқали бартараф этилади.
- Бандлик муаммоси, жумладан, меҳнат миграцияси имкониятларининг қисқариши ҳамда камбағалликнинг ошиши Ўзбекистон учун катта таҳдид ҳисобланади. Иқтисодиётнинг олдида турган ҳозирги турли таҳдид ва муаммоли вазиятни инобатга олиб, амалий ҳаракатлар режаси ҳукумат, барча вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун:
1) Коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт ва аҳоли учун салбий оқибатларини бартараф этиш (тиклаш нуқталари);
2) Тизимли ислоҳотларни давом эттириш учун шароитларни яратиш;
3) Иқтисодиёт ривожига қўшимча туртки берадиган янги имкониятлар ва захираларни аниқлаш (“ўсиш нуқталари”).
Амалий ҳаракатлар режаси икки босқичда амалга оширилади:
Биринчи босқич - 2020 йил охирига қадар - барқарорлаштириш ва тикланган ўсиш. Юқорида айтиб ўтилган ва таклиф қилинган чора-тадбирларнинг тўлиқ бажарилиши билан 2020 йилга мўлжалланган кўрсаткичлар қуйидагича баҳоланади:
Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши - 102,2 фоиз (дастлабки прогноз 105,5 %), шу жумладан саноат - 103,4 фоиз (106,5 %), қишлоқ хўжалиги - 103,3 фоиз (106,5%), инвестициялар - 101,2 фоиз (109,3 %); хизматлар - 100,1 фоиз (105,8 %), чакана савдо айланмаси, умумий овқатланиш билан бирга - 103 фоиз (105,6 %); экспорт - 94,3 фоиз (115,6 %).
Ушбу ҳисоб-китоблар Республикада ва дунё миқёсида карантинни қайта жорий этиш эҳтимолини ўз ичига олмайди.
Иккинчи босқич - 2021 йилдан бошлаб 5,0-5,5 фоиз барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлайдиган, 2020-2021 йиллар давомида коронавирус пандемиясининг оқибатларини мослаштириш билан тизимли ислоҳотларни давом эттиришга қаратилган чоралар.
Шу билан бирга, ташқи таъсирнинг давомийлиги ва пандемиянинг иқтисодиётнинг айрим тармоқлари ва секторларига (туризм, транспорт, экспорт) таъсирини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг инқирозгача бўлган тенденцияларига чиқиш 2021 йилдан ўтиши мумкин.
Макроиқтисодий сиёсат ва бозор институтларини ислоҳ қилиш соҳасидаги асосий чора-тадбирлар
Мамлакат иқтисодиётининг тикланиши ва кейинчалик барқарор ривожланиши макроиқтисодий шарт-шароитлар, чора-тадбирлар ва тартибга солиш воситаларини яратиш билан бевосита боғлиқдир. Стратегияда белгиланган макроиқтисодий сиёсат ва институционал ислоҳотларни давом эттириш билан бирга, ҳозирги вақтнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, 2020 йилнинг қолган даврида ва 2021 йилда қуйидагиларга асосий эътибор бериш талаб қилинади:
- Ташқи қарзнинг ўсишини чеклаш, қарз маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини қатъий назорат қилиш. Бу эса молиявий харажатларни камайтириш, хусусий инвестицияларни ҳар томонлама тарғиб қилиш, шунингдек, кейинги йилларда ташқи қарздорликни устав чегарасидан ўтишининг олдини олиш учун ўpтa муддатли режа ва чора-тадбирларни тайёрлаш, бюджет харажатларини режалаштириш ва Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан молиялаштириш, шунингдек, улардан фойдаланиш устидан қаттиқ назорат қилиш;
- Ташқи қарзлардан самарали фойдаланиш, уларни устувор равишда, бюджет дефицити, инфратузилма лойиҳаларини, иқтисодий ўсишга бевосита ва иккинчи даражали таъсир кўрсатадиган ижтимоий объектларни молиялаштиришга қаратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, камбағалликни қисқа ва ўрта муддатда қисқартиришга йўналтириш;
- Техник-иқтисодий асослаш босқичида лойиҳа танлаш мезонларини такомиллаштириш орқали давлат инвестиция харажатларини оптималлаштириш, қиймати ва амалга ошириш вақти долзарблигини йўқотган инвестицион лойиҳаларни рад қилиш, шунингдек, уларнинг ишга туширилганидан кейин инвестиция лойиҳаларини амалга оширилиши ва самарадорлигини мониторинг қилиш, лойиҳаларни молиялаштиришда хусусий инвестиция воситаларидан фойдаланишни кенгайтириш, шу жумладан, корпоратив ва инфратузилма облигацияларини чиқариш орқали давлат-хусусий шерикчиликни ва фонд бозорини ривожлантириш;
- Солиқ ва божхона имтиёзларини оптималлаштириш бўйича ишларни якунлаш;
- Саноат ва рақобат сиёсатини такомиллаштириш. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва “ўсиш нуқталарига” молиялаштиришни жалб этиш, экспорт бозорларида рақобатбардошликни ошириш, халқаро қиймат занжирларида ички корхоналар иштирокида изчил ўсишни рағбатлантириш учун янги ривожланиш драйверларини аниқлаш билан ўpтa муддатли саноат сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, шу жумладан, давлат корхонаси ислоҳот жараёнини якунлаш, монополияга қарши курашни тартибга солиш ва рақобат муҳитини яратиш чора-тадбирлари орқали, ишлаб чиқаришни илм-фан билан бирлаштиришнинг самарали тизимини яратиш (тадқиқот марказлари, лойиҳалаш бюролари, илмий тадқиқот ва ишлаб чиқариш бирлашмалари ва бошқалар);
- Қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилишни давом эттириш. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг хўжалик фаолиятига маъмурий аралашувни тўлиқ чеклаган ҳолда, нарх шаклланишида бозор механизмларини жорий этиш, молиявий ресурсларнинг ҳаракати ва ер айланмасининг гаров механизмини такомиллаштириш. Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирларини яратиш механизмини рағбатлантириш;
- Ишлаб чиқариш харажатларини оптималлаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш орқали иқтисодиётда меҳнат унумдорлигини ошириш орқали иш ҳақининг ҳажмини ошириш, ва маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро рақобатбардошлигини оширишдан иборат.
* Ҳужжат кейинги мақолада эълон қилинадиган бошқа ўзгаришларни ўз ичига олади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг
жамоатчилик билан алоқалар хизмати
Изоҳ қолдириш