Марказий банк илк марта турмуш даражаси ва инфляция ҳақида маълумот берди

Марказий банк илк марта турмуш даражаси ва инфляция ҳақида маълумот берди

Ўзбекистон Марказий банки томонидан ҳудудлар кесимида даромадлари даражаси бўйича таснифланган аҳоли гуруҳларига нисбатан инфляциянинг таъсири ўрганилиб, ахборот-таҳлилий маълумот берилди.

Хусусан, уй хўжаликлари харажатлари ва даромадлари бўйича сўров (УХДС) натижалари ҳамда ҳудудлар кесимидаги истеъмол нархлари индекси (ИНИ) маълумотлари асосида уй хўжаликлари даромадлари ва харажатлари ўсиши таҳлил қилинди. Шунингдек, олинган натижалар асосида ИНИ ва яшаш қиймати ўртасидаги тафовутлар ўрганилди.

Сўров натижаларида аниқланган маълумотларга кўра, уй хўжаликлари даромадларининг тақсимланишида респондентларнинг асосий қисми — 38,7 фоизи ойига 2−4 млн сўм даромадга эга бўлганлар гуруҳига киради:

Ҳар хил даромадга эга уй хўжаликлари гуруҳлари харажатлари таркибидаги тафовут таҳлили кам даромадга эга бўлган уй хўжаликлари юқори даромадли гуруҳларга қараганда ўз харажатларининг кўпроқ қисмини озиқ-овқат маҳсулотларига ва камроқ қисмини ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар (яъни транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқалар)га сарфлайдилар:

Даромад даражасининг ўсиб бориши билан истеъмол таркибидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши сезиларли даражада пасаймоқда. Даромадлари 6 млн сўм ва ундан юқори бўлган уй хўжаликларининг истеъмол саватидаги озиқ-овқат маҳсулотлари улушининг даромади 2 млн сўмдан паст бўлган уй хўжаликлариникига қараганда ўртача 26 фоиз бандга кам.

Респондентларнинг ёш гуруҳлари бўйича таҳлил, кексалар томонидан даромадларининг кўпроқ қисмини (ўртача 80 фоизини) озиқ-овқат маҳсулотларига, ёшлар томонидан эса — ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларига сарфланишини кўрсатди.

Бунда 30−55 ёшдаги аҳолининг харажатлари 30 ёшгача бўлган ёш гуруҳига нисбатан 18 фоиз, 55 ёшдан ошган аҳолига нисбатан 63 фоизга кўпроқ.

30−55 ёшдаги аҳоли истеъмоли таркибида ноозиқ-овқат товарлари улушининг нисбатан юқори бўлиши ушбу гуруҳ вакиллари коммунал хизматлар ва бошқа молиявий мажбуриятларнинг асосий тўловчилари эканлиги билан изоҳланади.

Ҳудудий инфляция кўрсаткичлари

Олинган маълумотларга кўра, ҳудудлар кесимида инфляция даражаси республика бўйича ўртача даражадан сезиларли фарқ қилади.

Мамлакат бўйлаб юқори даромадли ҳудудларда нисбатан юқори инфляция даражаси кузатилмоқда. Тошкент шаҳри, Тошкент ва Бухоро вилоятлари каби юқори даромадли ҳудудларда (Навоий вилоятидан ташқари) инфляция даражаси республика бўйича ўртача умумий инфляция даражасидан юқори шаклланган. Ушбу ҳудудлар аҳолиси республика умумий аҳолисининг 30 фоизини ташкил этади.

Уй хўжаликлари нисбатан паст даромадга эга бўлган ҳудудлар, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидаги инфляция даражаси мамлакатдаги ўртача инфляция даражасига нисбатан паст ҳисобланади. Мазкур ҳудудларда мамлакат умумий аҳолисининг 27 фоизи истиқомат қилади.

Аксарият ҳудудларда паст даромадга эга ўзбекистонликлар нисбатан юқори инфляция даражасини сезганлар.

Даромадлари 1−2 ва 2−4 млн сўм атрофида бўлган уй хўжаликлари даромадлари 6 млн сўм ва ундан кўпроқ бўлганларга нисбатан 0,6−1,4 фоиз бандга юқорироқ инфляция даражасини сезганлар.

2019 йилда озиқ-овқат инфляцияси 18,6 фоизни ташкил этган ва мос равишда нисбатан кам даромадли гуруҳлар харажатларининг катта қисми озиқ-овқатларга сарф қилиниши натижасида уларда юқори инфляция сезилган.

Шунингдек, кам даромадли аҳоли гуруҳлари йил давомида ноозиқ-овқат товарлари нархлари ўсиш даражасининг пасайишидан камроқ манфаат кўришди. Юқори даромадли ҳудудларда яшовчи кам даромадли уй хўжаликлари яшаш қийматининг кўпроқ ўсишига дуч келмоқдалар, дейилади таҳлилда:

Ойлик сезилган инфляция динамикаси ҳам даромад даражаси турлича бўлган уй хўжаликлари ўртасида сезиларли даражада фарқ қилади. Бунда кам даромадли уй хўжаликларининг истеъмол тўпламида озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши юқорилиги сабабли, ушбу уй хўжаликларига мавсумий ўзгаришлар оқибатида юзага келадиган озиқ-овқат инфляцияси янада кучлироқ таъсир этади.

2019 йил август ойида валюта курси девальвацияси туфайли нархларнинг ошиши юқори даромадли уй хўжаликлари томонидан кўпроқ сезилди, чунки улар ноозиқ-овқат товарлари ва хизматларини сотиб олишга кўпроқ пул сарфлашади.

Умуман олганда, энг юқори ва энг паст даромадга эга гуруҳлар учун сезилган инфляция даражалари тафовути 1,5 фоиз бандни ташкил этади.

Бундан ташқари, ойлик инфляция даражасида мавсумий омиллар сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари пасайганда паст даромадли оилалар камроқ инфляцияни сезадилар.

Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида 2019 йилда аҳолининг умумий даромадлари 21,9 фоизга ошди ва умумий харажатларнинг ўсиши ҳам шунга мутаносиб даражада ўсди.

Тадқиқот маълумотлари даромад даражаси нисбатан юқори аҳоли гуруҳларида (даромадлари 3 млн сўмгача бўлган уй хўжаликлари бундан мустасно) умумий даромадлар уларнинг умумий харажатлари миқдоридан юқорилигини кўрсатмоқда ва бу уй хўжаликларига ўз даромадларининг бир қисмини тежаш имконини беради.

Шу билан бирга, УХДС маълумотларининг батафсил таҳлили қуйидагиларни кўрсатмоқда:

  • Харажатлари миқдори даромадларидан юқори бўлган уй хўжаликлари. Бу гуруҳга пул кўринишидаги даромадларига нисбатан кўпроқ харажат қиладиган, асосан кам даромадли гуруҳга мансуб уй хўжаликлари киради ва истеъмолининг маълум қисмини уй шароитида етиштириши ёки харажатларнинг бир қисмини қисқа муддатли қарз мажбуриятлари билан қоплаши билан изоҳлаш мумкин.
  • Нисбатан кам даромадли ва юқори даражадаги молиявий мажбуриятли уй хўжаликлари. Мазкур уй хўжаликларининг молиявий мажбуриятлари, шу жумладан, кредит тўловлари анча юқори даражада. Натижада нисбатан кам миқдордаги тежашга эга бўлган ушбу уй хўжаликлари нархлар ва даромад даражасидаги ўзгаришларга (шокларга) жуда таъсирчан ҳисобланади.
  • Қатъий белгиланган даромад олувчи уй хўжаликлари. 2019 йилда аҳолининг ялпи реал даромадлари 6,5 фоиз даражасида ўсган бўлса-да, даромадларининг реал ўсиши кам бўлган ёки умуман ўсмаган аҳоли гуруҳи мавжуд (нафақадагилар ёки қатъий белгиланган даромад олувчилар).

Умуман олганда, тадқиқот натижаларига кўра, уй хўжаликлари томонидан сезиладиган инфляция даражаси харажатлар таркиби ва нархларнинг ўзгаришига қараб фарқ қилади.

Хусусан, юқори даражада шаҳарлашган ҳудудларда истиқомат қилувчи кам даромадли уй хўжаликлари юқори даражадаги инфляцияни сезадилар.

Умумлаштирилган ҳолда яшаш қийматининг ўсиш даражаси ўртача даромадлар ўсишига мутаносиб бўлади. Айни пайтда алоҳида гуруҳлар бўйича таҳлиллар, яшаш қийматининг ўсишига жуда таъсирчан бўлган аҳоли гуруҳлари мавжудлигини кўрсатди, хусусан:

  • харажатлари миқдори умумий даромадларидан юқори бўлган уй хўжаликлари;
  • кам даромадли ва юқори даражадаги молиявий мажбуриятларга эга уй хўжаликлари;
  • қатъий белгиланган даромад олувчи уй хўжаликлари, шу жумладан, нафақа олувчилар.

Хулоса

Инқирозли вазият ва чеклов чоралари шароитида, аҳолининг паст даражада даромад оладиган қатламлари асосий истеъмол товарлар нархлари ўзгаришига кучлироқ таъсирчан бўлади. Паст даромад оладиган аҳолининг асосий қисми иқтисодиётнинг норасмий секторида фаолият юритиши ҳисобга олинса, иқтисодий фаолликнинг пасайиши, биринчи навбатда, уларнинг даромадларига таъсир кўрсатади.

Шу сабабли, яшаш қиймати масаласи жорий вазиятда муҳим аҳамият касб этади ва паст даражада даромад олаётган аҳоли фаровонлигини ошириш учун самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқишни тақозо этади.

Қисқа муддатга мўлжалланган чора-тадбирлар:

  • бозорларни яшаш учун муҳим бўлган истеъмол товарлари билан таъминлаш ҳамда товарлар таклифини рағбатлантириш ва етказиб бериш занжирини ташкил этиш орқали улар нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик;
  • ишга лаёқатсиз шахслар, шу жумладан, ёлғиз она ва ногиронлиги бўлган шахсларга молиявий ёрдам кўрсатиш ва муҳим истеъмол маҳсулотлари билан таъминлаш;
  • ишсиз ёки кам таъминланганлиги сабабли шароити оғир бўлган меҳнатга лаёқатли шахсларга малака ошириш йўли билан янги иш ўринлари яратган ва шароитларни яхшилаган тадбиркорларни рағбатлантириш;
  • қишлоқ жойларда аграр соҳани ислоҳ қилиш орқали ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш.

Узоқ муддатга мўлжалланган чора-тадбирлар:

  • давлат ва халқаро молиявий институтлар маблағлари ҳисобига олий ўқув юртларида кам таъминланганлар учун квота жойларини ажратиш орқали «ижтимоий кўтарилиш» институтини яратиш;
  • аҳолини мақбул уй-жой ва жамоат транспорти билан таъминлаш, молиявий таълим ва аҳолининг молиявий саводхонлик даражасини ошириш;
  • замонавий таълимни молиялаштиришни кенгайтириш ва замонавий ахборот технологиялари, инженерлик, биотиббиёт ва бошқа шу каби замонавий мутахассисликларга йўналтириш;
  • кам таъминланган оилалар учун мактаб-гимназиялар сонини кўпайтириш ва болаларни сифатли ўрта таълим билан таъминлаш.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар