Меҳнат миграцияси ва унинг салбий оқибатларини бартараф этиш йўллари

Меҳнат миграцияси ва унинг салбий оқибатларини бартараф этиш йўллари

Жаҳон хўжалиги ривожланиб, мамлакатлараро интеграцион алоқалар кучайиб борган сайин, меҳнат миграцияси ҳам тобора интенсивлашиб бормоқда. Ривожланган мамлакатлар ва иқтисодий қолоқ мамлакатлар ўртасидаги фарқларнинг узлуксиз чуқурлашиб бораётгани ҳам ушбу жараёнларни жадаллаштиришга кучли таъсир кўрсатмоқда. Чунки меҳнат миграцияси кишилик жамияти тараққиётининг ҳозирги босқичида миграциянинг ўзига муносиб иш ва юқори даромад топиш мақсадида амалга оширилган алоҳида тури бўлиб, иқтисодиёти оғир аҳволда бўлган кам ривожланган мамлакатларда бандлик ва иш ҳақиниг ўткир муаммоларини ҳал этишнинг асосий воситаларидан бирига айланди. Табиийки, сиёсий мустақилликка эришган, лекин ижтимоий-иқтисодий тараққиётда ўтмишдан қолган мероснинг оғир муаммоларини узил-кесил ҳал этиш заруратига дуч келган Ўзбекистон ҳам ХХ асрнинг феномени – меҳнат миграцияси жараёнларидан четда қолиш имконини тополмади.

Меҳнат миграцияси: сабаб ва оқибатлари

Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш билан боғлиқ туб ўзгаришлар биринчи навбатда меҳнат муносабатларига бениҳоя кучли таъсир кўрсатди. Натижада иқтисодий ислоҳотлар жараёнида бозор мунособатларига асосланган иқтисодий тизимга хос, унинг ажралмас қисми ва доимий йўлдоши бўлган ишсизлик феномени юзага келди. Иқтисодиётда кечган объектив жараёнлар оқибатида минглаб, миллионлаб кишилар ишсиз қолди, ўзларининг даромад манбаидан ажралди. Эндигина мустақилликка эришган ёш Республикада касбий таълим тизими мамлакатда шиддат билан шакллананиб бораётган бозорнинг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда малакали мутахассислар тайёрлаш ва қайта атйёрлаш тизимига ҳали мослашиб улгурмаган эди. Натижада меҳнат бозорида ишчи кучи таклифи ва унга талаб ўртасида кескин таркибий дисбаланс юзага келди ва бозор муносабатлари ўрнашиб борган сайин тобора чуқурлашиб борди. Буларнинг ҳаммаси иш ҳақи оила даромадининг яккаю-ягона манбаи бўлган ёлланма ишчилар учун ҳақиқий фожиага айланди, уларни юзага келган танг вазиятдан чиқиш, оилани таъминлаш чораларини излашга мажбур қилди.

Ўзбекистонда ишсизликнинг юзага келиши ва кескин тус олишининг ҳамда собиқ иттифоқдош республикаларига нисбатан янада асоратлироқ кечишининг инкор этиб бўлмайдиган ўзига хос жиҳатлари ва чуқур сабаблари бор эди. Булар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:

  • Собиқ совет тизимидан мерос бўлиб қолган ижтимоий соҳанинг беўхшовлиги;
  • советлар ҳукуматининг сунъий яратилган, лекин иш ҳақи ўта паст, турмуш даражасини таъминлашнинг халқаро стандартларига батамом мос келмайдиган иш ўринлари ташкил этиш воситасида аҳолининг тўла бандлигини таъминлаш сиёсати;
  • советлар империясининг емирилиши оқибатида республикалараро латерал (горизонтал) иқтисодий алоқаларнинг издан чиқиши;
  • мураккаб демографик вазият;
  • оила таркибида боқимандалар улушининг катталиги;
  • бозор муносабатларига ўтиш даври қийинчиликлари таъсири остида ишлаб чиқариш мутлақ ҳажмининг қисқариши;
  • иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларнинг содир бўлиши;
  • экспорт таркибида хомашё ресурслари улушининг юқорилиги;
  • бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида экстенсив омилларнинг интенсив омилларга алмашуви натижасида ишчи кучи нисбий ортиқчалигининг юзага келиши ва ҳоказолар.

Иқтисодий ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида бир нечта ўтиш даврини бошидан кечирди. Биринчидан, қарамликдан мустақилликка ўтиш, бунинг оқибатида империянинг емирилиши ҳамда яхлит организм таркибида кўп йиллик вертикал ва горизонтал иқтисодий алоқаларнинг издан чиқиши натижасида иттифоқ кўламидаги кўплаб йирик-йирик корхоналарнинг ёпилиб кетиши ёки оғир ҳолатга тушиб қолиши. Иккинчидан, бир иқтисодий тизимдан бошқасига ўтиш, иқтисодиётдаги чуқур таркибий ўзгаришлар, талабнинг кескин қисқариши ва ҳоказолар. Учинчидан, боқимандалик кайфиятидан ишбилармонлик ва тадбиркорлик фаолиятига ўтишнинг муқаррарлиги.

Қадим замонларда бир буюк файласуф ўтиш даврида яшаш азобларидан мени Яратганнинг ўзи асрасин, деган экан. Бир йўла бир нечта мураккаб ўтиш жараёнларини бошидан кечирган Ўзбекистон иқтисодиётида қанчалик оғир, қанчалик мураккаб вазият юзага келганлигини, кун бўйи тер тўкиб оиласини аранг тебратаётган оддий ишчи учун нақадар аянчли бўлганлигини тўла тасаввур қилиш учун жуда кучли иқтисодчи бўлиш шарт эмас. Мантиқий тафаккур ва ақл-идрок билан вазиятни оқилона баҳолашнинг ўзи кифоя қилади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон мустақилликка эришган даврда қишлоқ хўжалиги миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бири бўлиб, унда жами иқтисодиётда банд бўлган аҳолининг 1/3 қисми ижтимоий фойдали меҳнат билан банд эди, ҳозир эса у 26 фоизгача тушди. Шу давр мобайнида қишлоқ аҳолиси таркибида меҳнат ресурсларининг 1,6 мартага кўпайганлигини ҳам ҳисобга олсак, қишлоқ жойларда меҳнат бозорида ишчи кучи таклифи ва унга бўлган талаб ўртасидаги номутаносибликнинг янада чуқурлашганлигини кўрамиз ва ишсизлик даражасининг ошиб бориши табиий жараён эканлигига амин бўламиз. Умуман қишлоқ хўжалигида банд бўлган аҳоли сонининг тобора қисқариб бориши ва жами иқтисодиётда банд аҳоли сонидаги улушининг пасайиши жаҳон хўжалиги таркибида рўй бераётган глобал тенденцияларга хос бўлиб, назаримизда Ўзбекистонда ҳам ушбу жараёнлар келгусида жадаллашиши муқаррар. Иқтисодий жиҳатдан ривожланган Ғарб давлатларида ушбу кўрсаткич 3-5 % атрофида эканлиги, Германияда эса 2% дан ҳам пастлиги фикримизнинг ёрқин далилидир. Бу шуни англатадики, ғарб деҳқони 20-33 кишини, немис деҳқони 50 кишини, ўзбек деҳқони эса атиги 4 кишини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлайди.

Келажакда фермер хўжаликлари молиявий аҳволининг яхшиланиб бориши натижасида қишлоқ хўжалигининг моддий-техника базаси ривожланади ва бандлик даражасининг қисқариш жараёнлари янада жадаллашади ва ушбу омил таъсирида меҳнат бозоридаги вазият янада кескинлашади.

Иш излаб хорижга чиққан меҳнат мигрантларига нисбатан давлат ва жамиятнинг, қолаверса, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муносабатини шакллантиришда масаланинг юқорида зикр этилган жиҳатларини албатта инобатга олиш лозим. Шундагина улар танлаган йўлга адолат юзасидан, оқилона баҳо бериш имкониятига эга бўламиз. Афсуски, айримлар меҳнат мигрантларини қаноатсизлиги, енгил-елпи ҳаётга мойиллиги, гўёки юртимиздаги қийинчиликларга дош бермасдан, осон йўллар билан мўмай даромад топиш мақсадида ватанини тарк этганликда айбдор қилиб кўрсатишга уринадилар. Аслида ҳам шундайми?

Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатда эркин бозор иқтисодий муносабатларини шакллантириш ҳамда ўтиш даврининг табиий қийинчиликлари оқибатида юзага келган ва тобора авж олиб бораётган ишсизликнинг олдини олиш, имкон қадар унинг кўламини жиловлашнинг, яъни ишсизлик муаммосини оқилона ҳал қилишнинг икки йўли бор эди.

Биринчи йўл – бу мамлакатда кўплаб янги иш ўринларини яратиш ва ўтиш даври қийинчиликлари ҳамда тизимли ўзгаришлар оқибатида барча ишдан бўшаганларни янгидан яратилган иш ўринларига жойлаштириш. Муаммонинг ечими сифатида давлат иқтисодий ислоҳотларнинг дастлабки босқичларидаёқ кичик ва хусусий тадиркорликка кенг йўл очиб бериш, унга имтиёзлар бериш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришнинг тезкор чораларини кўриш сиёсатини тутди. Лекин, эндигина мустақилликка эришган ва ўтиш даври инқирозини бошидан кечираётган мамлакатда ишсизлик муаммосини узил-кесил ҳал этишда давлатнинг молиявий имкониятлари бениҳоя чекланган эди. Боз устига халқимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш ва унинг ҳисобидан даромад топиш тажрибаси ҳали шаклланмаган эди.

Иккинчи йўл – аҳолига бошқа мамлакатларга чиқиб, тирикчилик қилишлари, оиласини боқиш учун имконият яратиб бериш, аниқроғи меҳнат миграциясига йўл очиб беришдан иборат эди. Республикамиз учун бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида ана шундай машаққатли ва беқарор вазиятда ишсиз қолганларнинг бир қисми, аниқроғи номигагина бандликда бўлиб, маош олиб юрганлар ёки ишдан бўшаб, ишсизлар тоифасига мансуб бўлганлар мана шу иккинчи йўлни танлашга мажбур бўлишди.

Меҳнат миграциясининг келиб чиқиш сабаблари қанчалик мураккаб, унинг илдизлари қанчалик чуқур бўлмасин, давлатимизнинг, халқимизнинг, қолаверса ҳар биримизнинг унга нисбатан муносабатимиз, унинг келажагига нисбатан аниқ стратегиямиз шаклланмоғи лозим. Меҳнат мигрантлари яна қанча вақт бегона юртларда муҳожирликда яшаб, оила тебратиши керак деган ҳаётий саволга аниқ жавоб мана шу стратегияда ўз аксини топмоғи лозим.

Меҳнат мирациясининг ижтимоий-иқтисодий тараққиёт жараёнларига таъсири

Бизнингча, меҳнат миграциясини ‒ Ўзбекистон учун иқтисодий жиҳатдан зарарли, мамлакат равнақи йўлидаги энг катта тўсиқлардан бири сифатида баҳолаш лозим. Маънавий жиҳатдан эса бой тарихга, ибратли анъаналарга, халқлар ўртасида ўзига хос обрў-эътиборга эга бўлган халқимизнинг шон-шуҳрати ва шаънига тамоман мос келмайдиган воқелик сифатида қараш лозим. Шу сабабли меҳнат миграциясида юрганларни ўз юртига қайтаришнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиб, уларни амалиётга жорий қилиш мақсадга мувофиқ. Назримизда, ушбу стратегияни амалга ошириш жуда оғир жараён бўлиб, катта сафарбарликни ва албатта узоқ вақтни талаб қилади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида меҳнат миграциясининг кенг қулоч ёйишини мамлакатда фавқулодда юз берган оғир вазият, ночор ҳолат, иложсизликдан кўра кўрилган тезкор илож сифатида қабул қилиш мумкин. Лекин кейинги ўтган даврдан бугунггача бутун бир авлод туғилиб вояга етди. Агар давлатни мустақилликнинг дастлабки бениҳоя оғир, машаққатли йилларида ва фавқулодда вазиятларда иқтисодий ночор аҳоли қатламларига ёрдам кўрсатишдан кўра меҳнат миграцияси учун эшикларини кенг очиб берганликда айблашга ҳақли бўлмасакда, орадан шунча йиллар ўтиб, меҳнат миграцияси муаммосини ҳанузгача ҳал этмаганликда, ҳозирги кунда ҳам сон-саноқсиз юртдошларимиз бегона юртларда иш излаб юрганлиги сабабларини бартараф эта олмаганликда айблашга том маънода ҳақлимиз.

Ўзбекистонда ҳамон давом этаётган ушбу воқеликнинг энг катта айбдорларидан бири олимлар, айниқса иқтисодий соҳа илми аҳлидир. Айнан улар иқтисодий жабҳанинг бепоён кенгликларида Ўзбекистон учун энг катта самара беришга қодир таянч нуқталари-ю “ўсиш қутб"лари”ни излаб топишлари, мамлакатни тараққиётнинг равон йўлига олиб чиқишда халқимизга, давлатимизга яқиндан ёрдам беришлари, янги иқтисодий жараёнларнинг ҳақиқий ташаббускори ва ҳаракатга келтирувчи локомотиви бўлмоқлари шарт. Албатта, жамият иқтисодчи олимларнинг маслаҳатларига, илмий ғояларига эҳтиёж сезмаган, ўз фикрини эркин баён этиш имкониятидан маҳрум бўлган ўтган давр муаммолар учун замонамиз олимларни айблаш адолат тамойилларига мос келмайди. Лекин ҳозирги ошкоралик даврида, ўз ғояларини ва илмий таклиф ҳамда тавсияларини эркин баён қилишга барча шарт-шароитлар яратиб берилган замонда олимларимизга нима халақит бераяпти, деган савол туғилади?

Меҳнат миграцияси муаммоларини бартарф этиш йўллари

Бизнинг назаримизда, меҳнат миграцияси муаммосини ҳал этишнинг иккита асосий йўли бор. Биринчиси – меҳнат миграциясини Ўзбекистон меҳнат бозоридаги ишчи кучи таклифи ва унга бўлган талаб ўртасидаги номутаносибликни бартараф этиш, меҳнат мигрантлари ишлаб топган даромад ҳисобидан миллий иқтисодиётга қўшимча мадад бериш воситаси сифатида қараш сиёсатини давом эттириш. Бу мамлакатда бандлик муаммосини ҳал этишнинг энг осон ва камчиқим йўли.

Иккинчиси – меҳнат миграциясидан ва ундан келаётган барча даромадлардан буткул воз кечиш, меҳнат миграциясини республика манфаатларига мос келмайдиган фаолият тури сифатида батамом тугатилишига эришиш. Бу анча мураккаб ва машаққатли йўл бўлиб, жуда катта саъй-ҳаракатларни ва қатъий чоралар кўришни тақозо этади. Бу вақтинча қийинчиликлар ва иқтисодий йўқотишлар эвазига амалга ошади. Лекин меҳнат миграциясига қарши сиёсат доирасида иқтисодий механизмлар яратилиб, улар ҳаракатга келтирилиши орадан 5-6 йил ўтар-ўтмас макродаражада ўзининг ижобий натижаларини бера бошлайди.

Мамлакатда меҳнат миграциясидан батамом воз кечиш ва аста-секин уни халқимиз учун юрт хазинасини тўлдириш тури сифатидаги аҳамиятини тугатиш сиёсати танланган ва у муваффақиятли амалга оширилган тақдирда, ушбу сиёсат янги Ўзбекистонга тўрт томонлама манфаат келтиради. Бу:

Биринчидан, иқтисодий ўсиш суръатларини жадалаштириш ва миллий бойликни кўпайтиришга кўмак беради. Иккинчидан, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини, имижини оширишга катта ижобий таъсир кўрсатади. Учинчидан, ўз халқи тўғрисида ғамхўрлик қилган, уни мусофирчилик қийноқларидан холос этган давлатга нисбатан халқнинг ҳурмати, ундан розилиги ортади. Тўртинчидан, жуда катта маънавий самарага эришилади. Бегона юртларда мусофирчиликда турли хил ноҳақликларга, камситишларга дучор бўлаётган юртдошларимиз миграция азоб-уқубатларидан холос бўладилар, ўз она юртларида эркин-эмин ҳаёт кечириш имкониятига эга бўладилар.

Расмий статистик маълумотларга кўра, 2019 йилда Ўзбекистон аҳолисининг 2,5 миллион нафари ёки 7% и меҳнат мигрантлари ҳисобланади. Шундан 2 миллион атрофида фуқаролар Россияда меҳнат қилади. Меҳнат мигрантлари томонидан жўнатилган пул маблағлари 5,1 млрд АҚШ доллари, ёки мамлакат ЯИМ тахминан 10% ни ташкил қилган. Бунда ҳар бир муҳожир ойига ўртача 166,7 АҚШ доллари миқдорида маблағ ишлаб топган.

Бу жуда катта рақамлар. Бошқача сўзлар билан ифодалаганда, меҳнат мигрантлари ишлаб топаётган даромадлар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотига нисбатан тахминан 20 фоизни ташкил қилади. Табиийки, Ўзбекистон бунча миқдордаги меҳнат мигрантларини иш билан ҳам, арзигулик даромад билан таъминлашга қурби етмайди. Демак, меҳнат мигрантлари муаммосини ҳал этишда иккинчи йўл танланган тақдирда ҳам, уни муайян кетма-кетликда турли хил юқори самарали ташкилий ва иқтисодий (зарурат тақозо этганда маъмурий) воситалар ёрдамида босқичма-босқич, лекин изчил ва қатъият билан амалга ошириш лозим.

Меҳнат миграцияси муаммосини узил-кесил ҳал қилиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларимизнинг ва таклифларимизнинг айримларини баён этишни лозим топдик.

Биринчи таклиф. Меҳнат миграциясини чекланган миқдорда фақат малакали ишчи кучини экспорт қилиш эвазига амалга ошириш сиёсатини олиб бориш. Шуниси қувонарлики, кейинги вақтларда меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларга давлатимиз, шахсан давлат раҳбари, катта эътибор қаратмоқда. Яқинда мамлакат Президенти Ш. М. Мирзиёев томонидан «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг имзоланиши фикримнинг ёрқин далилидир. Ушбу қарор, Президент раҳбарлигида давлатимиз томонидан халқ фаровонлигини ошириш, давлатимизнинг халқаро нуфузини кўтариш, мамлакатни нотўғри шакллантирилган ва бизга яхши самара бермаётган меҳнат миграцияси иллат ва камчиликларидан холос этишга қаратилган дадил қадам.

Бизнинг назаримизда, меҳнат миграциясини тартибга солиш учун Ўзбекистон “Бандлик ва меҳнат муносабатлари” вазирлигининг бевосита бошчилигида ишчи кучи импорт қилувчи мамлакатлар, йирик компаниялар буюртмаларига мувофиқ ёлланма, малакали ишчи ва мутахассисларни тайёрлаш механизмини яратиш лозим. Бунда касбий малака ва кўникмаларга эга иқтидорли ёшлар танлов асосида саралаб олинади, муайян давр давомида уларга бориб ишлаши лозим бўлган мамлакатнинг тили, тарихи, урф-одатлари, анъаналари ўргатилади, танланган иш, касб, ҳунар бўйича зарурий малака ва кўникмалар шакллантириладики, токи мигрант ўзи ташриф буюрган мамлакат ёки корхона талаблари даражасида вазифаларни бажара оладиган тайёргарликка эга бўлсин. Ишчи кучи экспортини илмий асосда йўлга қўйилиши республикага жуда катта манфаат келтиради:

Биринчидан, ишчи кучи экспортидан келадиган даромад миқдори кескин ошади;

Икинчидан, ёшларда малакали ишчи ёки малакали мутахассис бўлишга, яъни яхши ўқишга қизиқиши ортади;

Учинчидан, ёшларда хирижий тилларни ўрганишга мойиллик ва тажриба ортади;

Тўртинчидан, хорижда малакали ишларни бажарган ёшларимиз, ўз юртига қайтганда, миллий иқтисод равнақига муносиб ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлади.

Иккинчи таклиф. Мамлакатда ишсизлик муаммосини ҳал этиш, иқтисодиётда банд бўлганларни муносиб иш ҳақи билан таъминлаш бевосита иқтисодий ўсиш суръатларига боғлиқ. Шу сабабли давлат арбоблари, масъулиятли лавозимлардаги амалдор шахслар, партия раҳномалари, професор-ўқитувчилар ва олимларнинг маошларини мамлакатда иқтисодий ўсиш суръатлари билан уйғунликда ошириб бориш тартибини жорий этиш. Сабаби, мамлакатнинг иқтисодий юксалиши, миллий иқтисоднинг ўсиш суръатлари, қолаверса, тирикчилик ўтказиш, оилани тебратиш илинжида ўзини ўз Ватанида оила ва ота-онаси бағрида яшаб, ишлаб юриш бахтидан маҳрум қилган, бегона юртларда не-не машаққатлар билан ҳалол меҳнат қилиб, барча камситиш ва кези келганда ҳақоратларга матонат билан бардош бериб, даромад топаётган меҳнат мигрантларига эмас, айнан номлари юқорида зикр этилган тоифадаги мутасадди шахсларнинг ҳатти-ҳаракати ва масъулиятига боғлиқ.

Учинчи таклиф. “Иш ҳақи минимуми” ва “Яшаш минимуми” тўғрисида қонунларни қабул қилиш ва амалиётга жорий этиш. Ушбу чора мамлакатда яратилган ва бозор субъектлари орасида тақсимланиши лоим бўлган миллий даромадда ёлланма ишчиларнинг улушини адолат юзасидан оқилона даражада кўтариш орқали нафақат меҳнат миграциясини хоҳиш қилувчилар сонини қисқартириш, балки мамлакатда бошланган камбағалликка қарши кураш стратегиясини амалга оширишнинг ҳам муҳим воситаларидан бири ҳисобланади.

Тўртинчи таклиф. Барча туманларда дастлаб 1 та, кейинчалик 2-3 тагача қишлоқ хўжалиги соҳасида йирик-йирик давлат хўжаликларини ташкил этиш. Яқинда сайтда эълон қилинган Kun.uz мухбирларининг интервьюсида иштирок этган йигит ақалли 0,5 га ер майдони бўлса, Ўзбекистонга қайтишга тайёр эканлигини, ҳаттоки ерга нима экиб, қандай даромад олишни ҳам яхши билишини маълум қилган. Лекин ерни бундай тақсимлаб бериш ер ресурсларидан унумли фойдаланиш тамойилларига мос келмайди. Бироқ мингта, икки мингта эҳтиёжмандларга ажратиладиган ер майдонларини бирлаштириб, 500 га ёки 1000 га ер майдонида йирик хўжалик ташкил этилиб, барча ерга талабгорларни ерда ишлашга жалб этилса, унда кўлам самараси эвазига катта даромад олиш мумкин. Бундай йирик хўжаликларни ташкил этиш дастлаб камбағалликка қарши кураш учун назарда тутилган давлат ресурсларини жалб этиш ҳисобидан амалга оширилиши мумкин. Бундан ташқари, хўжалик инвестицион фаолиятига юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жалб этишни рағбатлантирувчи ва ундан банк фоиз ставкаларидан юқори даромад олишни таъминловчи самарали механизмлар тизими яратилиши ва амалиётга жорий этилмоғи лозим. Хўжалик фаолиятининг юқори самарадорлигига эришиш учун унга конкурс асосида энг кучли, истеъдодли раҳбарларни ва соҳа мутахассисларини жалб этиш лозим. Ўйлаймизки, биз тасаввур қилган шаклдаги давлат хўжаликлари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини илмий асосда ташкил этишнинг, фан ва амалиётнинг ўзаро уйғунлигини таъимнлашнинг ҳақиқий андозасига, қолаверса, аграр соҳада улкан монопол мавқега эга бўлган Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги бепоён имкониятларини рўёбга чиқариш, жоиз бўлса бутун жаҳонга ёйишнинг самарали марказларига айлантирилиши қишлоқ иқтисодиётини инновацион ривожлантиришда ҳам, бандлик ва қашшоқлик муаммоларини ҳал этишда ҳам жуда катта натижалар беради. Йирик давлат хўжаликларидан қишлоқ хўжалигида замонавий техника ва технологияларни жорий этиш, илғор ва инновацион агротехник усуллардан фойдаланиш, фан ютуқларини кенг татбиқ этиш ва юқори натижа олишнинг экспериментал базаси сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Уларни туман ҳудудидаги фермер хўжаликларига амалий ёрдам кўрсатиш, илмий-услубий қўллаб-қувватлаш, уларни инновацион асосда ривожлантиришнинг локомативларига айлантириш лозим. Туман ҳудудида ишлаб чиқарилган хом ашёни саноат миқёсида қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантириш, талайгина қисми нес-нобуд бўлаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, уларни ташқи бозорларга экспорт қилишни ташкил этишдек бугунги куннинг долзарб муаммоларини ҳал этиш давлат хўжаликлари фаолиятининг энг муҳим йўналишларига айланмоғи лозим.

Бешинчи таклиф. Ўзбекистонда таълим сифатини тубдан радикал даражада кўтариш. Миллий иқтисодиётда катта ресурслар сарфи ва халқимизнинг машаққатли меҳнати эвазига яратилган товар ва хизматлпрнинг жаҳон бозорида рақобатбардош бўлиши учун улар, биринчидан, сифати юқори, иккинчидан эса, нархи арзон бўлиши керак (Хитой тажрибаси). Сифати юқори, лекин нархи арзон рақобатбардош маҳсулотни фақат сифатли меҳнат билан яратиш мумкин. Сифатсиз меҳнат билан рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш тўғрисида ўйлаш – булутсиз мусаффо осмондан ёмғир ёғишига умидвор бўлишдек маъносиз. Қадимдан бизга мерос қолган нақлда “Шайхда ҳунар бўлмаса мачит ҳам торлик қилади”дейилган. Қимматбаҳо ресурслардан рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, демак, мамлакатда кўплаб янги иш ўринлари барпо этиш, мамлакат иқтисодий қудратини юксалтиришнинг энг самарали йўли – халқимизнинг ҳунарини ошириш, иқтисодиётда банд бўлганлариннг малакасини, билим савиясини, креатив қобилиятини ривожлантиришдир. Халқимизда бундай ноёб фазилатларни шакллантаришда таълимнинг роли бениҳоя катта. Тўғри, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари, Ўзбекистон ҳукумати таълимни ривожлантириш борасида кенг кўламли жуда катта ишларни амалга оширмоқда. Лекин амалга оширилаётган чора-тадбирлар таълим соҳасида кўпроқ миқдор ўзгаришлар сифатида натижа бермоқда. Ўзбекистон равнақи учун айнан сифат ўзгаришлар жуда муҳим. Мазкур мавзу доирасида таълимнинг барча мураккаб муаммоларини ёритиш имкони мавжуд эмас. Лекин, лўнда қилиб ифодалаганда, мамлакатда таълимннг шундай модели яратилиши керакки, у бутун халқнинг асосий диққат-эътиборини таълимга, бутун куч-ғайратини уни тубдан яхшилашга йўналтирсин. Назаримизда, бу ноёб модель халқимизнинг қонида азал-азалдан мустаҳкам жойлашган, буюк аждодларимиздан бизга мерос бўлиб қолган яширин имкониятларни рўёбга чиқаришга ва уни мамлакатимизни нафақат меҳнат миграцияси иллатларидан холос этишга, балки жонажон Ўзбекистонни дунёнинг иқтисодий жиҳатдан қудратли мамлакатларидан бирига айлантиришга хизмат қилмоғи лозим. Сифатли таълим Ўзбекистонни катта тараққиётнинг равон йўлига олиб чиқишнинг энг кам харажат ва энг қисқа йўлидир.

Хулоса

Президентимиз кўтариб чиққан Ўзбекистонни янада ривожлантириш, уни ривожланган 50 та мамлакат қаторидан ўрин олишига эришиш, халқнинг ҳаёт фаровонлигини юксалтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, бандлик даражасини ошириш, таълим сифатини такомиллаштириш, камбағалликка барҳам бериш, инновацион иқтисодиётни шакллантириш борасидаги ташаббусларининг ҳаётга тадбиқ этишнинг фаол иштирокчилари бўлайлик. Ана шундагина ҳамюртларимизнинг ўзининг жонажон ватанига қайтишига кўмаклашишда ҳиссамизни қўшган бўламиз. Барчамиз биргаликда, бир тан биржон бўлиб ҳаракат қилсак, Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий юксалишнинг равон йўлига бошлаб чиқишимиз муқаррар. Ўзбекистон 2030 йилга бориб нафақат тараққий этган 50 та мамлакат сафига киришга эришади, балки 2040 йилларга бориб кучли 20 талик мамлакат сафидан муносиб ўрин эгаллаши мумкин бўлади. Шундагина биз ўтмишда Моваруннаҳрдек қудратли давлатни шакллантирган буюк авлод-аждодларимизнинг шаънига муносиб иш тутган бўламиз, уларнинг руҳи покларини шод айлаб, арвоҳларининг мададини олиш бахтига эришамиз.

Бунинг учун аввало меҳнат мигрантлари муаммоси Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг энг муҳим, бугунги кун ва келажак нуқтаи назаридан ўз ечимини кутаётган марказий масалаларидан бири сифатида қаралмоғи лозим. Ушбу масала давлат раҳбарлари, жамоатчилик ташкилотлари, илму-фан аҳлининг, кенг жамоатчилик ва ўз-ўзини бошқариш органларининг доимий диққат марказида бўлмоғи шарт. Бу борада давлатимизнинг ишчи кучи экспортига йўналтирилган ҳаракатлар стратегияси ва “йўл харитаси” ишлаб чиқилмоғи ва тадрижий равишда амалий ҳаётга татбиқ этилиши лозим.

Гулямов С.С. и.ф.д., академик

Муҳаммедов М.М. , и.ф д., проф.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар