Давлат томонидан ташқи меҳнат миграциясини тартибга солишнинг аҳамияти

Давлат томонидан ташқи меҳнат миграциясини тартибга солишнинг аҳамияти

Миграция ва иқтисодий ривожланиш масалалари

ХХI аср жаҳон иқтисодиётининг янги даражага кўтарилиш даври бўлди. Глобализация давлатлар иқтисодиётининг кўплаб соҳаларига кириб бориши туфайли меҳнат бозори ва халқаро меҳнат миграцияси жараёнларида ҳам қатор ўзгаришлар юз берди. Ўзбекистон Республикаси меҳнат бозорида ҳам ташқи меҳнат миграцияси жараёни ўзига хос хусусият сифатида сақланиб қолмоқда. Мамлакатда ортиқча ишчи кучи мавжудлиги, иш билан таъминлашдаги муаммолар ва нисбатан паст иш ҳақи сабабли аҳолининг бошқа давлатларда ишлаш ва яшаш учун кўчиб кетиш ҳолатлари кўп кузатилади. Шу сабабли бу жараённи ўрганиш ва давлат томонидан тартибга солиш бўйича замонавий стратегияларни таклиф қилиш лозим[1]. Ушбу мақолада асосан йиллар кесимида миграция оқимини таққослаш методологиясидан фойдаланилган.

Иқтисодий луғатларда “миграция” сўзига "одамларнинг иш жойи ва яшаш ҳудуди ўзгариши билан боғлиқ кўчиб юриши”, деб таъриф берилади. Меҳнат миграцияси Ўзбекистон Республикаси меҳнат ресурслари кўчишининг вақтинчалик хусусияти ҳисобланади. Инсонларнинг доимий қулай ҳаёт учун интилиш тенденцияси миграция жараёни оммалашишига сабаб бўлмоқда. Иш ўринларининг етишмаслиги, иш ҳақининг камлиги ёки одамларнинг ривожланган жойларда яшаш хоҳиши бу кўрсаткични оширмоқда. Меҳнат ресурсларининг уни етказиб берувчи ва қабул қилувчи давлатлар иқтисодиётига таъсири оқибатларини аниқлаш учун назарий ёндашувлардан фойдаланишда меҳнат бозорига, инсон капиталини шакллантиришга ва иқтисодий тараққиётга тааллуқли ёндашувларгагина таяниш керак[2].

Жаҳонда ташқи меҳнат миграцияси меҳнат мигрантларини экспорт ва импорт қилувчи мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсир этувчи асосий омиллардан биридир. Халқаро миграциянинг давлат меҳнат бозоридаги, демографик жараёнлар ва аҳоли бандлигини таъминлашдаги роли мунтазам ошиб бормоқда. Ўзбекистон Республикасининг мустақил давлатга айланиши ва унинг халқаро ҳамжамиятга кириши, бир томондан, аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ истиқболли режаларни мустақил равишда эмас, балки иқтисодиётнинг глобаллашув жараёнини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқишни тақозо этади. Иккинчи томондан, миграция билан боғлиқ бўлган қарашлар тизимини ва аҳолини иш билан таъминлаш сиёсатини ишлаб чиқиш, унинг устувор вазифаларини белгилаш ижтимоий-иқтисодий ва ҳудудий хусусиятларни ҳисобга олиш лозим бўлади. Ўзбекистоннинг турли интеграцион ташкилотларга аъзо бўлиши билан бир қаторда ижтимоий-сиёсий тузилма барқарорлигини таъминлаш мақсадида аҳоли бандлиги ва миграция муаммоларини биргаликда ҳал этиш кўзда тутилган.

Шу муносабат билан янги иш ўринлари ташкил этиш, мамлакатимиз аҳолисининг иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида фаол иштирокини таъминлаш масаласи долзарб, илмий ва амалий аҳамиятга молик масала сифатида қаралмоқда. Бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида халқаро меҳнат миграциясининг қонуниятларини аниқлаш ва унинг Ўзбекистонда намоён бўлиш хусусиятларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда миграцияни тартибга солиш амалиёти

Меҳнат миграцияси жараёнларини бошқариш ва ишчи кучи миграциясининг меҳнат бозорига таъсири, айниқса, муҳимдир. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун аҳоли ва миграцияга мойил жамият манфаатларини ҳисобга олишга асосланган назарий ёндашувлар, унинг механизмлари ва усулларини тадқиқ этиш, меҳнат миграцияси жараёнининг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш, уни бошқаришнинг услубий ёндашувларини таҳлил қилиш, ижтимоий-иқтисодий омилларнинг таъсирини, умумий ва минтақавий кўрсаткичлар ўртасидаги фарқни аниқлаш муҳим аҳамиятга эга[3].

Албатта, иқтисодиётни либераллаштириш даврида меҳнат ресурсларининг миграция жараёни орқали тақсимланиши аҳоли бандлигини таъминлашга, меҳнат бозорини давлат томонидан бошқаришга, меҳнат мигрантларини халқаро ҳимоя қилиш қонунчилигига, меҳнат мигрантларини ҳимоя қилиш механизмини шакллантиришга қаратилиши керак. Бозор муносабатлари шароитида ишчи кучи миграциясининг ўзига хос хусусиятлари янада аниқроқ намоён бўлади. Муаммонинг долзарблиги шундан иборатки, охирги пайтларда меҳнат ресурсларининг халқаро миграцияси кенгайиб бормоқда, яъни меҳнатга лаёқатли аҳолининг иш топиш ва даромад топиш мақсадида бир мамлакатдан иккинчи давлатга кўчиб ўтиши ва чиқиб кетиши ҳолатлари кўп учрамоқда.

Ўзбекистонда меҳнат миграцияси анча йиллик фаол жараён ва унда ҳозиргача ҳал қилинмаган муаммолар мавжуд. Биринчи навбатда, асосан олий маълумотга эга бўлмаган меҳнат ресурслари экспорт қилинади ва уларнинг оилавий даромадининг катта қисми чет элдан ўтказиладиган маблағдан иборат. Шаҳарларда эса аксинча, олий маълумотли малакали ходимларнинг иқтисодий ривожланган давлатларга кўчиб кетиш фоизи юқорироқ. Бу ўз ўрнида барқарор иқтисодиётни рағбатлантирса-да, иқтисодий ўсиш ва қарамликнинг кучайишига олиб келади. Ундан ташқари, меҳнат миграцияси сабабли юзага келаётган ижтимоий ва демографик муаммолар ҳам долзарб ҳисобланади. Қишлоқ жойларида ўртача даромад кўрсаткичлари паст бўлганлиги сабабли чет давлатларига чиқиб кетувчи эркаклар ва асосан, ёшлар сони кўп. Бу қишлоқларда ишчи кучи қариши тенденцияси вужудга келишига сабаб бўлмоқда.

Қолаверса, Ўзбекистондан чиқиб кетувчиларнинг катта қисми норасмий йўллар орқали чиқиб, меҳнат ҳуқуқлари ҳимояланмаган ҳолда маошларнинг пастлиги ва эксплуатация ҳолатларига дуч келишмоқда. Буларга сабаб, халқаро миграция шартларини енгиллаштирувчи давлатлараро келишувларнинг етишмаслиги ва ишга жойлаш агентликларининг етарлича ўз фаолиятларини йўлга қўя олишмаганлиги деб қараш мумкин

Миграция жараёнини тартибга солиш ва бошқаришни такомиллаштиришга доир назарий қарашларни асослаш, механизм ва воситаларни белгилаш давлат ва жамият манфаатларига хизмат қилади. Бунда миграция оқимларини давлат томонидан бошқаришда меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларини ҳисобга олиш, меҳнат ресурсларининг миграция жойлашувининг асосий йўналишларини очиб бериш зарур.

2024 йил 17 октябрда “Миграция жараёнларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони[4] қабул қилиниши ва унга кўра, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти тугатилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ташкил этилиши Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграциясига янгича ёндашаётганининг далилидир.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси Агентликка ўтказилиб, унинг негизида миграция жамғармаси ташкил этилади. Агентлик ташқи меҳнат миграцияси соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи, давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва мазкур соҳада давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.

2025 йил 1 январдан агентликка хусусий бандлик агентликлари фаолиятини текшириш билан боғлиқ назорат тадбирларини ўтказишга рухсат берилди ва агентлик зиммасига у томонидан ўтказилган ҳар қандай текшириш натижаси бўйича тузилган баённомалар, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари сони ва хусусияти ҳақидаги маълумотларни мажбурий тартибда 5 кунда “Хорижда иш” электрон дастурига жойлаштириб бориш мажбурияти юкланади.

1-расм. 2023 йилда Республикадан кўчиб кетганлар сони[5].

Расмларда 13 йил ичида Ўзбекистон Республикасидан бошқа давлатларга кўчиб кетганлар сони ҳудудлар кесимида берилган. Унга кўра, 2010 йилда мамлакат пойтахти Тошкент шаҳридан кўчиб кетишлар сони бошқа ҳудудларга нисбатан анча кўпроқ бўлган. Бироқ 2023 йилга келиб, ҳудудларга нисбатан олиб қаралганда ҳам энг юқори кўрсаткич яна Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. Бу экологик ёки иқтисодий қолоқлик сабабли юзага келган вазият эмас. Балки аҳолининг турмуш даражаси яхшиланиб боргани сари уларнинг янада яхши шароит ва ҳудудларда яшаш истаклари ҳам ошиб боради. 2010 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам аҳоли орасида кўчиб кетувчилар сони ошиб борган. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида ушбу ҳудуддаги экологик муаммолар туфайли яшаш шароити тобора ёмонлашиб борганлигини айтишимиз мумкин.

Мамлакатда ишчи кучининг нотекис тақсимланиши ва ишлаб чиқариш фондининг салмоқли қисмини хорижий давлатларга ўтказиш иқтисодиётга таъсир кўрсатмайди. Вилоятлараро миграция даражасининг нотекислиги айрим ҳудудларда саноат ва инфратузилманинг бошқаларга қараганда кўпроқ ривожланишига сабаб бўлиб келмоқда.

3-расм. Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда кўчиб келишнинг энг юқори ва энг паст даражаси қайд этилган ҳудудлар[7].

2023 йил маълумотларига кўра, энг кўп муҳожирлар Тошкент шаҳрида, иккинчи ўринда Тошкент вилоятида кузатилган. Энг кам миграция Наманган вилоятида қайд этилган. Тошкент шаҳри бошқа вилоятларга қараганда инфратузилманинг яхши эканлиги, иш ўрнининг мавжудлиги ва иш ҳақининг баландлиги билан ажралиб туради. Бу эса мамлакат аҳолисининг пойтахтга интилишига ва баъзи муаммоларга сабаб бўлмоқда. Юқорида таъкидланган тенденция ички миграциянинг сабаблари сифатида қаралса-да, ташқи миграциянинг ҳам асл моҳияти шунга бориб тақалади ҳамда уни ривожланмаган ва ривожланаётган ҳудудлардан ривожланган мамлакатларга мигрантлар оқими мисолида кўриш мумкин. Бу эса дунёдаги иш кучининг нотекис тақсимоти ёки мамлакатнинг иқтисодий ривожланишда орқада қолаётгани сабабли миграциянинг ошиб келаётганидан дарак беради.

Аҳолининг асосан ўрта таълимли қисми ишчи кучи сифатида хорижий давлатларга кетиши аниқланган. Меҳнат миграцияси даражасининг ошиши иқтисодий сабаблар билан боғлиқ бўлиб, ўз навбатида, аҳоли ҳам юқори даромад излайди. Маълумки, меҳнат муҳожирларининг асосий қисми Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва Туркия Республикаларида меҳнат қилмоқда.

Хулоса ва таклифлар

Мамлакат аҳолиси сони тобора кўпайиб бораётгани, ушбу мамлакатда қўшимча ишчи ўринларига бўлган талабни ҳам ошириб бормоқда. Етарлича иш ўринлари яратилмаганлиги, сарфланган ишчи кучи учун етарлича иш ҳақи берилмаётганлиги ҳамда аҳолининг янада яхшироқ ҳамда қулай ҳаётда яшаш истакларининг ошиб бораётганлиги миграцияни, айниқса, ишчи кучи миграциясини оширмоқда. Булар эса мамлакатимиздаги мигрантларга нисбатан янада қулайликларни яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашни талаб этади. Миграция сиёсатини бюрократик тўсиқларни камайтириш, виза аризаларини тезлаштириш, ишчи мигрантларнинг бир мамлакатдан бошқасига ишга жўнатиш билан боғлиқ маъмурий жараёнларни соддалаштириш ва хорижда иш берувчи компаниялар билан келишув асосида ишга қабул қилиш имкониятларини жорий этиш орқали яхшилашга эришиш мумкин. Агар мамлакат ишчи кучи экспортини иқтисодиётининг бир йўналиши сифатида фойдаланса, инсон капиталидан самаралироқ фойдаланиш ва мигрантлар дуч келиши мумкин бўлган қийинчиликларнинг олдини олиш мақсадида ҳукумат томонидан таъминланиши керак бўлган ёндашувлар мавжуд. Буларга асосан, касбий таълим, мигрантлар ташриф буюрадиган мамлакат тил кўникмалари ва маданий огоҳликни ошириш, шунингдек, хорижда мигрантларнинг ҳақ-ҳуқуқларини меҳнат қонунлари ва мониторинг механизми орқали ҳимоялашни мисол сифатида айтиш мумкин.

Юқорида таъкидлаб ўтилган ёндашувлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан турли лойиҳа ва фармонлар ишлаб чиқилмоқда. Шундай бўлишига қарамай, ишчи мигрантларнинг ҳуқуқий ҳимоясида камчиликлар мавжуд. Чунки хориждаги мигрантлар орасида иш ҳақи тўланмаслиги ёки турли хил камситиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу эса мамлакат аҳолисининг ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлади. Шу масала бўйича қабул қилинган кўплаб қонунлар ижроси тўлиқ таъминланмай қолиши ва тўғри татбиқ этилмаслик ҳолатлари ҳам учраб туради. Шу сабабли, мигрантлар орасида бошқа давлатлар фуқаролигини олиш ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тенденцияси оммалашмоқда. Иш мақсадида кетган кадрларнинг ўз мамлакатларига қайтиб келиш иштиёқи тушиб боради. Бу ҳолатнинг давом этиши, яъни ақлли бошларнинг хорижга оқими мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий ривожига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Шу муаммоларни ҳал этиш ва аҳоли учун қулай ҳамда хавфсиз муҳит яратиб беришни таъминлаш бўйича қуйидаги таклифлар берилади:

– Барча минтақаларда инвестицион жозибадорликни ошириш орқали сармоядорларни жалб қилиб, иш ўрни ва тадбиркорлик фаолиятларини кенгайтириш;

– Виза тизими мавжуд бўлмаган давлатлар билан бу тизимни жорий этиш. Бу орқали мигрантларни жўнатувчи ва қабул қилувчи мамлакат ўзининг тартибли миграция жараёнини таъминлайди. Мигрантлар учун бепул виза харажатларини ва қисқа муддатли касбий таълим тўгаракларини жорий этиш, касбий таълимни бериш давомида мигрантларга камида бошланғич даражадаги ташриф буюрадиган мамлакатга тегишли бир тилни ўргатиш ва у давлатнинг ўзига хос маданий урф-одатлари ҳақида маълумотни етказиш ишларини жорий қилиш миграция жараёнини самаралироқ назорат қилиш ва фуқароларга кўпроқ қулайликлар яратиш имконини беради. Бу эса норасмий тарзда четга чиқиб кетаётганлар сонининг камайишига ҳам олиб келади;

– Асосий ишчи кучи экспорт қилинадиган мамлакатларда мигрантлар учун тиббий суғурта агентликлари, шифохоналар қурилишини давлат томонидан таъминлаш, шу ташкилот ва агентликларнинг мигрантлар билан доимий алоқасини таъминлаш.

Юқоридаги таклифлар хориж тажрибаларига асосланган ва уларни жорий этиш мамлакатда аҳоли учун қулай иш ўринлари ва юқори иш ҳақи жорий этишга, ишчи кучи сифатида чет элга кетганлар учун хавфсиз ва шаффоф муҳит барпо этишга кўмаклашади. Ўзбекистон Республикасида ортиқча меҳнат ресурслари мавжудлиги ва аҳоли сонининг ортиб бориши бу жараён ҳали камаймаслигидан ва долзарбликни сақлаб қолаётганидан далолат беради.

Мамлакатда / Миграция

Салаева Умида Қудрат қизи,

Чинорова Шаҳодат Мансур қизи,

Мўминов Иззатилло Орифжон ўғли,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари

"Иқтисодий шарҳ" журнали №1/2025

[1] [1] Abrayev SH.X. Oʻzbekistonda mehnat bozori asosiy koʻrsatkichlarining oʻzgarish tendensiyalari va ularning statistik tahlili. // “Yangi Oʻzbekistonda statistika nazariyasi va amaliyotidagi islohotlar: muammolar va yechimlar” xalqaro anjumani materiallari, 2023. 236-bet

[2] [2] “Mehnat bozorini tadqiq etish”, darslik. B.E.Tagaev. – T.: OʻzMU nashriyoti, 2022. 26-bet

[3] [1] Behzod Tagaev. “Mehnat migratsiyasining iqtisodiyotdagi roʻli va uni tartibga solish usullari”. “Belt and road” jurnali, 01.01.2022.

[4] [2] “Миграция жараёнларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-162-сонли Президент Фармони, 17.10.2024.

[5] Stat.uz

[6] Siat.stat.uz

[7] https://dtm.iom.int/reports/ozbekiston-migratsiya-vaziyatiga-oid-hisobot-2023-yil-aprel-sentabr


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар