Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг Хонкенди шаҳрида ўтаётган ИҲТнинг 17-саммитида иштирок этди, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шу муносабат билан Ўзбекистоннинг ИҲТ мамлакатлари билан 2025 йилнинг 5 ойи давомидаги савдосини таҳлил қилди.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари қаторига киради.
2025 йилнинг 5 ойи якуни бўйича Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар билан товар айирбошлаш ҳажми 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 5,7%га ошиб, 4,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти мамлакатларининг улуши Ўзбекистоннинг умумий товар айирбошлаш ҳажмида 15,6%ни ташкил этди.
Экспорт 7,3%га ўсиб, 2,2 миллиард АҚШ долларини, импорт эса 4,5%га ошиб, 2,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Кўрсатилган давр мобайнида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари билан товар айирбошлашда энг катта улуш Қозоғистонга тўғри келди – 1,8 миллиард АҚШ доллари (36,6%) ва Туркияга – 1,1 миллиард АҚШ доллари (22%). Шунингдек, Афғонистон – 622 миллион доллар (13%), Қирғизистон – 322,4 миллион доллар (6%), Туркманистон – 288,3 миллион доллар (6%), Тожикистон – 265,7 миллион доллар (5%), Покистон – 226,4 миллион доллар (5%), Эрон – 184,7 миллион доллар (4%) ва Озарбайжон – 99,5 миллион доллар (2%) улушига эга бўлди.
Маълумот учун: Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) — 1985 йилда Эрон, Туркия ва Покистон томонидан Теҳрон шаҳрида ташкил этилган минтақавий ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, ҳозирда ИҲТ Секретариати штаб-квартираси айнан шу шаҳарда жойлашган.
Ушбу ташкилот 1977 йили Эрон, Покистон ва Туркия томонидан имзоланган “Измир шартномаси” Уставига асосан фаолият юритган “Минтақавий ҳамкорлик ташкилоти”нинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Ҳозирги вақтда ИҲТ таркибига қуйидаги 10 давлат киради: Туркия, Эрон, Афғонистон, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон.
ИҲТнинг умумий мақсади — аъзо давлатлар ва минтақа миқёсида барқарор иқтисодий ривожланишга эришишдан иборат.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш