Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ECO EXPO халқаро кўргазмасида иштирок этди

Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ECO EXPO халқаро кўргазмасида иштирок этди

2025 йил 19-21 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги (ЭСМА) Central Asian Expo (CAEx) марказида Тошкентда илк бор ўтказилган ECO EXPO Central Asia-2025 халқаро экологик технологиялар кўргазмасида иштирок этди.

ECO EXPO Central Asia-2025 – бу Марказий Осиёдаги энг йирик экологик технологиялар бўйича халқаро кўргазма бўлиб, унда Туркия, Хитой, БАА, Япония, Корея Республикаси, Саудия Арабистони, Германия каби дунёнинг 25дан зиёд мамлакатлар вакиллари иштирок этишди.

Халқаро кўргазмада сунъий интеллект, сув тежовчи, яшил энергия, экотуризм ва яшил энергетика лойиҳалари намойиш этилди.

ЭСМА кўргазманинг павильонида ижтимоий аҳамиятдаги биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш ва экологик юкни камайтиришга қаратилган “яшил таъмир” ва “яшил кредит” дастурларини намойиш этди.

Хусусан, ЭСМА “яшил таъмир” соҳасида инновацион ечимларни ва энергия самарадорлиги юқори бўлган лойиҳаларни молиялаштириш учун “яшил кредит” молиявий инструментларини тақдим этди. Меҳмонлар уйларни иситиш, энергия тежайдиган ёритиш тизимлари ва қайта тикланадиган энергия манбаларига оид замонавий технологиялар билан танишиб, “яшил кредит” шартлари ва афзалликлари бўйича маслаҳат олдилар.

Таъкидлаш керакки, 2025 йил 1 июлдан бошлаб аҳоли уй-жойларининг энергия аудитини ўтказиш харажатлари ҳамда қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар қийматининг 20 фоизи ва иссиқлик насослари (ҳаво, сув ва геотермал) қийматининг 40 фоизини, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплаш учун Агентлик томонидан ўрнатиладиган тартиб асосида субсидия ажратиш йўлга қўйилади. Аҳолига ажратиладиган “яшил таъмир” кредитлари бўйича кредит ставкасининг 19 фоиздан ошган қисми, бироқ 4 фоизлик банддан ошмаган миқдорда Агентлик маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига қоплаб берилади.

«Биз Ўзбекистоннинг энергия тежаш ва барқарор ривожланиш соҳасидаги муваффақиятли ташаббусларини халқаро майдонда намойиш этиш имкониятига эга бўляпмиз. Бизнинг дастурларимиз аҳоли ва бизнесга нафақат энергия харажатларини камайтиришга ёрдам беради, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам ҳисса қўшади», — деди Миллий энергия самарадорлиги агентлиги вакили.

Форум давомида Агентлик павильонида интерактив тақдимотлар, мастер-класслар ва экспертлар билан савол-жавоб сессиялари бўлиб ўтди.

Маълумот учун: Энергия самарадорлиги миллий агентлиги “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт” йилида энергия самарадорлигини ошириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, бозор тамойилларига асосланган яхлит ва мувофиқлаштирилган экотизимни яратиш, шу жумладан, энергия истеъмоли соҳасида аудит, консалтинг ва менежмент ҳамда энергияни тежашдан даромад олувчи энергия сервис компаниялари хизматлари бозорини ривожлантириш ва “яшил” молиявий дастакларни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар