«Микрокредитбанк» ҳамда «ODDO BHF» банклари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатилди

«Микрокредитбанк» ҳамда «ODDO BHF» банклари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатилди

Шу кунларда «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки бошқарув раиси Муродилла Эшматов бошчилигидаги мазкур молия муассасаси вакилларидан иборат делегация Германия Федератив Республикасида бўлиб турибди. Бу ҳақда банк ахборот хизмати хабар берди.

Сафар доирасида қатор молия муассасалари билан ўзаро манфаатли келишувларга эришиш белгиланган. Хусусан, бугун «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки юртимиздаги йирик ва кичик бизнес субъектларининг инвестицион лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида Германиянинг «ODDO BHF» банки билан икки томонлама бизнес корпорацияларини ривожлантириш бўйича англашув меморандуми имзолади.

Маълумот учун таъкидлаш жоизки, «ODDO BHF» банки 150 йилдан ортиқ тарихга эга мустақил француз-немис молия муассасаси ҳисобланади. Ҳозирда ушбу банк йиллик соф фойдаси ҳамда устав капитали бўйича дунёдаги йирик банклар қаторида туради.

Келишувга кўра, «ODDO BHF» банки томонидан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этиладиган маблағлар Европа Иттифоқидан импорт қилинаётган асосий восита ва технологик ускуналарни харид қилишга йўналтирилади.

Хусусан, «ODDO BHF» банки томонидан ажратиладиган кредит линияси маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳридаги «SESAME» МЧЖнинг автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини ташкил қилиш учун, Сурхондарё вилоятидаги «Aziya-Golden-Fish» МЧЖга балиқчилик кластерини ташкил этиш мақсадида, «Gold Biznes Pro» МЧЖга бетон ва бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш учун, Сирдарё вилоятидаги «EURASIA GAZ BETON» МЧЖга газобетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш комплекси ташкил қилиш мақсадида, «Sirdaryo Mega Lyuks» МЧЖга эса полиэтилен қопларини ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш учун кредитлар ажратилиши режалаштирилган.

Делегациянинг Германия Федератив Республикасидаги сафари давом этмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар