Мазкур битим доирасида ишлаб чиқариш, таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларида тажриба алмашиш, кон электромеханикаси йўналишида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, инновацион технологияларни хитойлик олимлар билан ҳамкорликда таълим жараёнига жорий этиш мақсад қилинган.
Шунингдек, Олмалиқ давлат техника институти базасида “Соnch Cемент” компаниясининг таркибий бўлинмалари учун кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, компания ходимларининг малакасини ошириш ҳамда қўшма илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш масалалари бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, корхона учун истиқболли соҳаларда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун Хитой ҳамда бошқа хорижий давлатларда стажировка дастурларини ташкил этиш, шунингдек, корхонанинг долзарб муаммолари бўйича илмий изланишлар олиб бориш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилди.
Таъкидланганидек, ушбу ҳамкорлик ишлари Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарорларда Олмалиқ давлат техника институти олдига қўйилган пировард мақсад — геология, металлургия ва техника соҳаларига ихтисослашган жаҳон миқёсидаги илғор муҳандислик мактабини шакллантиришга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Conch Cемент” компанияси бугунги кунда бутун дунё бўйлаб цемент ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи юзлаб корхоналарни ўз ичига олган ҳолда, кончилик ва қурилиш саноатининг энг йирик вакилларидан бири ҳисобланади. Компания йилига бир неча юз миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариб, дунёнинг 20 дан ортиқ давлатларига экспорт амалга оширади.
Изоҳ қолдириш