2026 йилнинг I чорагида Марказий Осиёнинг минтақавий савдоси

2026 йилнинг I чорагида Марказий Осиёнинг минтақавий савдоси

Минтақавий савдонинг умумий тенденциялари

2026 йилнинг биринчи чорагида Марказий Осиёда минтақавий савдо сезиларли даражада тезлашди. Минтақа мамлакатларининг ўзаро савдо айланмаси умумий ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29,0 фоизга ошиб, 3,2 млрд. долларга етди.

Минтақанинг деярли барча мамлакатлари (Қирғизистондан ташқари) Марказий Осиё мамлакатларига етказиб беришни сезиларли даражада оширди: Қозоғистон 30 фоизга, Тожикистон 36 фоизга, Туркманистон 79 фоизга, Ўзбекистон 19 фоизга.

Бундай динамика шуни кўрсатадики, глобал турбулентлик кучайган шароитда минтақавий бозор Марказий Осиё мамлакатлари учун юқори аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда ва ташқи савдо фаоллигини қўллаб-қувватлаш омилларидан бирига айланмоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари умумий ўзаро экспортининг 60,2 фоизи Қозоғистон, 20,1 фоизи Ўзбекистон, 11,8 фоизи Туркманистон, 5,5 фоизи Қирғизистон, 2,4 фоизи Тожикистон ҳиссасига тўғри келди. Шундан келиб чиқиб, минтақавий савдонинг 80 фоиздан ортиғи Марказий Осиёнинг иккита энг йирик иқтисодиёти – Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келмоқда.

Шу билан бирга, савдо балансларининг сезиларли асимметрияси сақланиб қолмоқда. Қозоғистон қўшни давлатлар билан савдода барқарор экспорт устунлигига эга. Ўзбекистон минтақа билан савдони оширмоқда, бироқ ўсиш асосан Қозоғистон ва Туркманистондан импортнинг кўпайиши ҳисобига таъминланган. Қирғизистон ва Тожикистон қўшни мамлакатларга экспортдан кўра кўпроқ минтақавий импортга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Умуман олганда, Марказий Осиёнинг ички минтақавий савдоси ўсиб бораётган траектория бўйича ривожланмоқда, бироқ унинг таркиби ҳозирча концентрациялашган ва нотекис бўлиб қолмоқда.

Минтақа билан савдонинг мамлакатлар бўйича тенденциялари

Қозоғистон минтақавий савдонинг энг йирик иштирокчиси мақомини сақлаб қолмоқда. Унинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2026 йилнинг биринчи чорагида 28,1 фоизга ошиб, 2,4 млрд. долларни ташкил этди. Шу билан бирга, Қозоғистоннинг минтақага экспорти 1,9 млрд. долларга, Марказий Осиё давлатларидан импорти эса 463 млн. долларга етди.

Қозоғистон минтақанинг асосий соф экспортчиси бўлиб қолмоқда, Қозоғистоннинг минтақавий бозорлари эса йирик савдо йўналиши ҳисобланади. Марказий Осиё Қозоғистон экспортининг 10,6 фоизини, импортининг эса атиги 3,1 фоизини ташкил этади.

Мамлакатлар кесимида Қозоғистон минтақанинг барча давлатлари билан савдо ҳажмини оширди. Хусусан, Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 34,9 фоизга ошиб, 1,3 млрд. долларни ёки Қозоғистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан умумий савдосининг 56,3 фоизини ташкил этди. Ўзбекистон Қозоғистон минтақавий савдосининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Шунингдек, Қирғизистон билан савдо ҳажми 18,2 фоизга ошиб, 550 млн. долларни, Тожикистон билан 23,3 фоизга ошиб, 361 млн. долларни, Туркманистон билан 20,6 фоизга ошиб, 125 млн. долларни ташкил этди.

Қирғизистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдоси 10,4 фоизга ошиб, 643 млн. долларни ташкил этди. Бироқ, ўсиш асосан импорт ҳисобига таъминланди: минтақа мамлакатларидан Қирғизистонга етказиб бериш 469 млн. долларга етди ва 17,8 фоизга ўсди, Қирғизистоннинг минтақага экспорти эса 5,7 фоизга камайиб, 174 млн. долларни ташкил этди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё Қирғизистон учун экспорт бозори сифатида айниқса катта аҳамиятга эга: минтақа мамлакатларига мамлакат умумий экспортининг 36,1 фоизи тўғри келади. Шу билан бирга, импортда ҳудуднинг улуши 16,3 фоизни, умумий ташқи савдода эса 19,2 фоизни ташкил этади.

Мамлакатлар бўйича Қозоғистон ва Ўзбекистон Қирғизистоннинг асосий ҳамкорлари бўлиб қолмоқда. Қирғизистоннинг минтақа билан савдо айланмасининг 396 млн. доллари ёки 61,5 фоизи Қозоғистонга тўғри келади. Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 220 млн.долларни ёки 34,2 фоизни ташкил этди ва 21 фоизга ўсди. Ушбу икки йўналиш биргаликда Қирғизистоннинг деярли барча минтақавий товар айланмасини шакллантиради. Туркманистон билан товар айирбошлаш ҳажми 20,8 фоизга камайиб, 15 млн. долларни ташкил этди.

Шунингдек, муносабатлардаги инқироз юмшаганидан сўнг Тожикистон билан савдони кўпайтириш тенденцияси давом этаётганини таъкидлаш лозим. I чоракда товар айирбошлаш 29 баравар ошди, бироқ ҳажмлар ҳозирча нисбатан кичиклигича қолмоқда – 13 млн. доллар.

Тожикистон 2026 йилнинг I чорагида Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажмини 535,4 млн. долларга етказди, бу ўтган йилга нисбатан 26,6 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, минтақа мамлакатларидан импорт 459 млн. долларни, экспорт эса атиги 76 млн. долларни ташкил этди. Марказий Осиё давлатларининг Тожикистон ташқи савдосидаги улуши 20 фоизга, импортда 21,3 фоизга, экспортда 14,8 фоизга етди.

Асосий ҳамкор Қозоғистон бўлиб қолмоқда, у Тожикистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдосининг 370 млн. долларини ёки 69 фоизини ташкил қилади. Қозоғистон билан товар айирбошлаш 34,2 фоизга ошди. Иккинчи йўналиш - Ўзбекистон бўлиб, у билан товар айирбошлаш ҳажми 3,2 фоизга ўсиб, 145 млн. долларни ёки 27,1 фоизни ташкил этди. Қирғизистон ва Туркманистон билан савдо ҳажми кичиклигича қолмоқда.

Тожикистон учун асосий тенденция – импортнинг сезиларли даражада ўзгариши сақланиб қолган ҳолда минтақавий савдонинг ўсишидир.

Икки томонлама савдо маълумотларига кўра, Туркманистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига ўзаро экспорти 374 млн.долларни ташкил этиб, 78,5 фоизга ошди. Бу минтақа мамлакатлари орасида энг юқори ўсиш суръати бўлиб, Туркманистоннинг минтақавий бозорларга етказиб берувчи сифатидаги роли кучайиб бораётганидан далолат беради.

Ўзбекистон билан савдода ҳам сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Ўзбекистоннинг Туркманистон билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки бараварга ошиб, 357 млн.долларга етди. Шу билан бирга, ҳажмнинг асосий қисми Ўзбекистонга Туркманистондан импорт қилинган - 313 млн. доллар. Туркманистоннинг Қозоғистон билан савдо айланмаси 20,6 фоизга ошиб, 125 млн. долларни ташкил этди. Шу билан бирга, Қирғизистон ва Тожикистон билан савдо ҳажми чекланганлигича қолмоқда.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо ҳажми 2026 йилнинг I чорагида 2,1 млрд. долларни ташкил этиб, 38 фоизга ўсди. Бироқ қўшнилар билан савдо-сотиқнинг ўсиши кўпроқ импорт ҳисобига таъминланди. Импорт 48,5 фоизга ошиб, 1,4 млрд. долларга етди, минтақа мамлакатларига экспорт эса 19 фоизга ўсиб, 638 млн. долларни ташкил этди.

Марказий Осиё давлатларининг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши 11,5 фоизни, импортда 11,8 фоизни, экспортда 11,0 фоизни ташкил этди. Бу шуни кўрсатадики, минтақавий бозорлар Ўзбекистон учун сезиларли номутаносибликлар кузатилаётган минтақанинг бошқа бир қатор мамлакатларига қараганда барқарор аҳамиятга эга.

Мамлакатлар бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан савдо ҳажмини оширди. Ўзбекистоннинг минтақадаги энг йирик ҳамкори Қозоғистон билан товар айирбошлаш ҳажми 27 фоизга ошиб, 1,3 млрд. долларга етди (Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмасининг 63 фоизи). Шу билан бирга, Қозоғистондан импорт 1 млрд. долларни, экспорт 283 млн. долларни ташкил этди.

Иккинчи йирик йўналиш Туркманистон бўлди – 98 фоизга ўсиш билан 357 млн. доллар (Ўзбекистон минтақавий савдосининг 17,2 фоизи). Қирғизистон билан товар айирбошлаш ҳажми 43 фоизга ошиб, 222 млн. долларни, Тожикистон билан 32 фоизга ошиб, 189 млн. долларни ташкил этди.

Хулоса

2026 йилнинг I чораги якунлари шуни кўрсатадики, Марказий Осиёнинг минтақа ичидаги савдоси беқарор ташқи иқтисодий конъюнктура фонида кучайишда давом этмоқда.

Шу билан бирга, минтақавий савдо бир нечта асосий марказлар ва йўналишлар атрофида ривожланмоқда. Қозоғистон қўшни давлатлар учун энг йирик экспортчи ва асосий етказиб берувчи ролини сақлаб қолмоқда. Ўзбекистон йирик импорт бозори ва айрим йўналишларда фаол экспортчи ҳисобланади. Туркманистон, биринчи навбатда, Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажмининг ошиши ҳисобига экспорт ролини кескин оширди. Қирғизистон ва Тожикистон минтақавий импортга кўпроқ қарам бўлиб қолмоқда ва савдони асосан Қозоғистон ва Ўзбекистонга қаратмоқда.

Шундай қилиб, Марказий Осиё 2026 йилнинг I чорагида ўзаро савдонинг ижобий динамикасини намойиш этди, бироқ минтақавий интеграциянинг кейинги босқичи нафақат товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши, балки минтақа мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар сифатининг ошиши билан ҳам боғлиқ бўлиши керак.

Савдо ассиметрик ва концентрацияланган бўлиб қолмоқда, мамлакатларнинг экспорт имкониятлари эса фарқланади. Шу боис савдо алоқаларини янада мустаҳкамлаш саноат кооперациясини ривожлантириш, қўшма ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтириш, логистика тўсиқларини камайтириш ва техник талабларни мувофиқлаштириш билан бирга олиб борилиши керак.

Руслан Абатуров,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар