Яқин қўшнилар билан муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишидир. Тожикистон Ўзбекистоннинг географик жиҳатдан ажралмас қўшниларидан биридир. Мамлакатлар халқлари маънавий ва маданий жиҳатдан бир-бирига яқин, бир динга эътиқод қилади. Кундалик ҳаёт, анъана ва урф-одатлар, санъат бир яхлит ёки бир бутунга бирлашган. Уларни умумий тарих ва қадриятлар, ўзаро ҳурмат ва кўп асрлик яхши қўшничилик бирлаштириб туради. Бу Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Президент Ш.M. Мирзиёев қайта-қайта таъкидлаганидек, ўзбеклар ва тожикларни алоҳида қардошлик ришталари боғлаб туради ва бу халқларни бир-биридан ажратиб тасаввур қилиб бўлмайди. Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий, Абдурауф Фитрат ва Садриддин Айний, Ғафур Ғулом ва Мирзо Турсунзода, Абдулла Орипов ва Лойиқ Шерали каби буюк аллома ва мутафаккирлар ўзбек ва тожик халқларининг самимий ва соф дўстлигини тараннум этди.
Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари бир-бирининг маданий-гуманитар меросига ҳурмат билан қарашади.
Самарқанддаги Абдураҳмон Жомий ҳайкали ва Душанбедаги Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилгани Тожикистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам катта қувонч билан кутиб олинди.
Ўзбекистонда бутун мамлакат бўйлаб 15 та тожик миллий маданий марказларини бирлаштирган Республика тожик миллий маданият маркази муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатда таълим тожик тилида олиб бориладиган 250 та мактаб мавжуд (шундан 55 тасида таълим тўлиқ тожик тилида олиб борилади). Самарқанд, Термиз ва Фарғона университетларида дарслар тожик тилида ўтиладиган гуруҳлар мавжуд. Тожик тилида тўртта даврий нашр чоп этилади, бешта теледастур ва 30 та радио дастур эфирга узатилади.
Бу йил Ўзбекистон ва Тожикистон дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонламоқда. Ўзбек-тожик ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосини турли даражада имзоланган 256 ҳужжат ташкил этади. Шу билан бирга уларнинг 153 таси, яъни 60% сўнгги беш йил ичида қабул қилинди. Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома (1993 йил 4 январь), Абадий дўстлик тўғрисида шартнома (2000 йил 15 июнь) ва Cтратегик шериклик тўғрисида шартнома (2018 йил 17 август) кабилар икки томонлама муносабатларнинг асосий тамойилларини белгилаб берувчи асосий ҳужжатлардир. Бу тамойиллар мустақиллик ва давлат суверенитетини ўзаро ҳурмат қилиш, тенг ҳуқуқлилик, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, давлат даражасида ҳам, тадбиркорлик субъектлари даражасида ҳам ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликка интилиш кабилардир.
Беш йил аввал Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Бу эса алоқаларни мустаҳкамлаш, ишончли муносабатларни ўрнатиш учун барча шароитларни яратди.
Ўзбекистон Президенти Ш.M. Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Э.Раҳмоннинг 2018 йилдаги ўзаро давлат ташрифлари икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очди. Ўзаро давлат ташрифлари халқларимиз манфаатлари йўлида янги мақсад ва истиқболларни белгилаб белгилаб берди, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги кенг кўламли икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштиришда муҳим омил бўлди.
Ўзбекистон Президентининг дадил қадамлари, прагматик ва узоқни кўзлаган сиёсати ҳар икки томон сиёсатини қайта кўриб чиқиш имконини берди. Бир-бирига интилиш кучайди, тўсиқлар олиб ташланди, алоқалар фаоллашди, ўзаро мақбул самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди. Йиллар давомида тўпланган энг оғриқли мавзулар ўз ечимини топди. Деярли барча чегара муаммолари бартараф этилди. Ўзбекистон ва Тожикистон давлат ва ҳукумат раҳбарлари даражасида икки томонлама муносабатларнинг фундаментал муаммоли масалалари йўқ.
Ўтган қисқа давр ўзбек-тожик муносабатларининг мустаҳкамланишига жуда кучли туртки берди. Катта ўзгаришлар бўлди. Икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Бугун икки мамлакат президентлари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли муносабатларни янада ривожлантириш стратегиясини белгилаш ва амалга ошириш бўйича муҳим қадамлар ташланмоқда.
Икки томонлама ўзаро ҳамжиҳатликнинг яхшиланиши икки давлатнинг чегарадош ҳудудлари ва вилоятлари фуқароларининг ҳаракатланиши учун кенг имкониятлар очди. Икки томонлама муносабатларни, айниқса, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш вазифаларини амалга оширишда муҳим ташқи сиёсат манбаи бўлган парламент дипломатияси муҳим ўрин тутади.
2018 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг ўзаро сафарлари тўғрисидаги битим имзоланиши муносабати билан мамлакатларимиз ўртасидаги виза режими бекор қилинди ва 17 та назорат-ўтказиш пунктлари очилди. Бу ишлар минтақавий жиҳатдан икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим рол ўйнади, ҳар икки томоннинг миллионлаб фуқаролари ҳаётини осонлаштирди, Ўзбекистонда ҳам Тожикистонда ҳам туризмни ривожлантириш учун хизмат қилди, бу эса “Зиёрат туризми” лойиҳаларини амалга оширишда, шу жумладан, “Ипак йўли” сайёҳлик брендини тарғиб қилиш бўйича қўшма ишлар доирасида ҳамкорликни фаоллаштиришга имкон берди.
Трансчегаравий дарёларнинг сув-энергетика ресурсларидан комплекс фойдаланишга оид келишувлар ҳам Ўзбекистон Президентининг янгиланган ташқи сиёсатининг ижобий натижасидир. Ўзбекистон ва Тожикистоннинг минтақа давлатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда сув-энергетика ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш зарурлиги тўғрисида умумий фикрга эга эканлиги бу борадаги асосий ютуқ бўлди.
Тожикистон Ўзбекистоннинг янги минтақавий сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Хорижий экспертларнинг фикрича, бу борадаги Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларининг конструктив характерга эга бўлиши Марказий Осиёда сув хавфсизлигини таъминлаш бўйича минтақавий саъй-ҳаракатларга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Табиатни ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларида ҳамкорлик долзарб бўлиб қолмоқда. Маълумки, глобал исиш Марказий Осиё минтақаси экологиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис Ўзбекистон ва Тожикистон, умуман минтақанинг барча давлатлари экологик ҳалокатнинг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириши муҳим аҳамиятга эга. Минтақа мамлакатларининг умумий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қўшма сиёсий ва дипломатик қадамларни давом эттириш зарур.
Сўнгги беш йилда мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар барқарор ривожланиб, тез суръатда ўсмоқда.
Тожикистон Ўзбекистоннинг 10 асосий савдо-иқтисодий ҳамкорлари сирасига киради.
2021 йилда қиймати $202,5 млнлик товарларни етказиб бериш бўйича 92 та келишув ва шартномалар тузилди. Хусусан, ўзбек товарларини етказиб беришга доир $162,2 млн атрофидалик 83 келишув ва шартномалар имзоланди. Шунингдек, импортга доир $40,3 млнлик 5 шартнома имзоланди.
Натижада 2021 йилда ўзаро савдо ҳажми 2016 йилдагига солиштирганда 3 баравардан кўпга ўсди ($196,8 млн), бу эса кейинги 25 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир.
2021 йилда товар айланмаси $605,5 млнни ташкил этди (+22,6%): экспорт – $501,9 млн (+23,6%), импорт – $103,6 млн (+17,8%).
2022 йил январь-апрелда эса бу кўрсаткич $187,7 млнга етиб (+34,8%), бундан экспорт – $138,5 млн (+13,8%), импорт эса $49,2 млнга тенг (+ 2,8 баравар).
Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида эркин савдо режими ўрнатилган, бу эса ўзаро савдо ҳажмини $1 млрдга етказишга имкон беради.
Томонлар 2021 йилда белгиланган қиймати $195,4 млн бўлган ўзбек-тожик инвестиция лойиҳаларини фаол амалга оширмоқда.
Бундан ташқари, ўзбек-тожик қўшма корхоналари сони кўпайди. Улар савдо, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати ва бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олади. Ўзбекистонда тожик сармояси иштирокидаги 219 та корхона (119 та қўшма корхона ва 100 та хорижий корхона) фаолият юритмоқда. Тожикистон ҳудудида Ўзбекистон резидентлари иштирокида 51 та компания фаолият юритмоқда.
Саноат кооперациясини мустаҳкамлашда низом капитали $50 млн доллар бўлган ўзбек-тожик инвестиция компанияси фаолиятига муҳим ўрин ажратилмоқда. Бунинг доирасида мамлакатларимиз раҳбарларининг ташаббуси билан Тожикистонда маиший техника ишлаб чиқариш бўйича “Артель Авесто Электроникс” ва махсус комммунал ва қурилиш транспортини йиғиш ва созлашга ихтисослашган “Талько-Крантас” қўшма корхоналари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертларининг таъкидлашларича, корхоналар ўртасида кооперация алоқаларининг кенгайиши катта ҳажмдаги хомашё, масалан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг мавжудлиги шароитида қўшма корхоналар ташкил этиш замонавий технологиялар ва тор ихтисослашувни жалб қилиш орқали ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга имкон беради.
Томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги транспорт ва транзит имкониятларини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратмоқда.
Ўзбекистоннинг қулай географик жойлашуви ва ривожланган транспорт инфраструктураси Тожикистонга ташқи бозорларга чиқишни диверсификация қилишга имкон бермоқда.
Тожикистон Ўзбекистоннинг ривожланган коммуникация тармоғидан (темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспорти) фойдаланган ҳолда ўз товарларини Россия ва ЕИга экспорт қилиш ҳамда Хитойдан Ўзбекистонга юк ташиш орқали ўз иқтисодиётини ривожлантириш учун қўшимча имкониятларга эга бўлди. Умумий транспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, шунингдек, Тожикистон орқали Хитойга олиб борадиган автомобиль йўналишларини фаоллаштириш, нафақат ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, балки минтақалараро даражада гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон-Тожикистон-Хитой йўлагини ривожлантириш лойиҳаси яхши истиқболга эга.
“Тошкент – Хўжанд” ва “Қўқон – Шайдон” йўналишида автобус қатнови, “Самарқанд – Панжикент” автойўлининг участкаси, "Тошкент – Душанбе” авиарейси, “Ғалаба – Амузанг – Хушади” темир йўл алоқаси қайта тикланди. Бундан ташқари, Самарқанд ва Пенжикентни темир йўл линияси орқали боғлаш режалаштирилмоқда. “Душанбе–Самарқанд” ва “Душанбе–Бухоро” йўналишида авиақатновлар қайта тикланмоқда.
2021 йилда халқаро темир йўл юк ташувлари ҳажми 6,7 млн. тоннани (+15%), 2020 йилда эса 5,8 млн. тоннани ташкил этди (+8,6%).
2021 йилда халқаро автомобиль юк ташувлари ҳажми 1,3 млн. тоннани (+1,8%), 2020 йилда – 408,2 минг тоннага тенг бўлди.
2021 йил якунлари бўйича “ Uzbekistan Airways” АК томонидан 440 та мунтазам рейс (+10%) амалга оширилди, 46,6 минг йўловчи (+10,7%) ва 113 тонна юк (+3,3%) ташилди.
Бугунги кундаги янги воқелик Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш учун қулай барча имкониятлар яратди.
Бугунда мамлакатлар Президентлар бошчилигидаги кўп томонлама шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, янги марраларни забт этишга интилаётганини намоён этмоқда.
Шу муносабат билан кўплаб хорижий экспертлар ўзбек-тожик муносабатларининг янада ижобий ривожланиши Марказий Осиёнинг янада барқарор ривожланишига катта ҳисса қўшишини прогноз қилишмоқда. Уларнинг фикрича, фаол иқтисодий ҳамкорлик йўлга қўйилса, чегаранинг ҳар икки томонидаги миллионлаб фуқароларнинг ҳаёти янада яхши бўлади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассисларининг баҳолашларига кўра, иқтисодиётларнинг бир-бирини ўзаро тўлдириш жараёни (Ўзбекистондан Тожикистонга газ ва ёқилғи-мойлаш материалларини етказиб бериш, Тожикистондан Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериш ва ҳ.к.) савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жадал ривожланишига таъсир қилишда давом этади ва ҳар икки давлатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашда қўшимча восита бўлиб қолади.
Тожикистон президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи доирасида икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини сезиларли даражада кенгайтирадиган ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўладиган ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари томонидан ўтказилган таҳлиллар сармоя, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, минтақалараро алоқалар, мамлакатлар иқтисодиётларини рақамлаштириш, илмий-академик доиралар ва маданий алмашинувлар соҳаларидаги ҳамкорликни яна кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун барча имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Булардан ташқари, ипакчилик, пиллани қайта ишлаш, ипак матолар ишлаб чиқариш, шунингдек, дизайнерлар ўртасида тажриба алмашиш икки томонлама муносабатларнинг истиқболли йўналишларидан бирига айланиши мумкин.
Тожикистонлик экспертларнинг маълумотларига кўра, Тожикистон Республикасининг Айний вилоятида ўнлаб ўрганиб чиқилган фойдали қазилма конлари жойлашган бўлиб, уларни ўзлаштириш учун тожик томони ўзбек бизнесини жалб қилишдан манфаатдор.
Ўзбек-тожик муносабатларида рўй берган туб ўзгаришлар нуқтаи назаридан, Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг бўлажак учрашуви, албатта, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги истиқболлар очади, кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқади, бу эса, шубҳасиз, икки мамлакат халқлари фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш