23 май куни Парижда (Франция) Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) директори Обид Ҳакимов Париж иқтисодиёт мактабида (Paris School of Economics) "Ўзбекистон томонидан камбағалликни камайтириш миллий модели доирасида амалга оширилаётган дастурларнинг самарадорлиги" мавзусида тақдимот қилди.
Париж иқтисодиёт мактабидаги тадбирнинг махсус меҳмонлари ва иштирокчилари Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Абҳижит Банержи, J-PAL Europe сиёсат бўйича директори Киллиан Нолан, шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатлари илмий доираларининг бир қатор нуфузли вакиллари бўлишди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга қизиқиш тадбир атрофида 30 га яқин етакчи олимлар ва халқаро экспертларни тўплади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Ўзбекистоннинг камбағалликка қарши кураш бўйича ташаббусларини тақдим этди. Халқаро ташкилотлар кўмагида мамлакатимизда илк бор "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ишга туширилгани қайд этилди. 2017 йилда ижтимоий ҳимоя олувчи оилалар сони 500 минг кишини ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 2,3 миллионга кўтарилди. Шу билан бирга, 5 йил ичида ижтимоий харажатлар 3,7 баробар ошди.
Шу билан бирга, “Маҳаллабой” тизимининг (жамият даражасида) ишга туширилиши энг самарали сиёсий қарорлардан бири деб аталади. Шундай қилиб, дастур доирасида 2022 йилдан 2024 йилгача 1 миллион киши оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун микрокредитлар олди, яна 152 минг фуқаро субсидиялар олиш имкониятига эга бўлди, "Аёллар дафтари" ва "Темир дафтар" ташаббуслари билан 1,5 миллион аёл ва 610 минг нафар эҳтиёжманд киши қўллаб-қувватланди.
Давлат дастурларининг роли ва ислоҳотларнинг мақсадга йўналтирилганлиги ҳақида сўз юритилиб, "Ҳар бир оила тадбиркор"," Тадбиркор аёллар","20 минг тадбиркор ва 500 минг малакали мутахассис" дастурлари тақдим этилди.
Яна бир ташаббус - оилавий болалар боғчалари уй хўжаликларига маҳаллада ўз бизнесларини очиш имкониятини берди. Ҳисоб-китобларга кўра, 15 мингга яқин оила ушбу имкониятдан унумли фойдаланиб, субсидия ва қисман иш ҳақи компенсациясини олди. Натижада, 6 йил давомида мактабгача таълим қамрови 25%дан 70%гача ошди.
Бундан ташқари, мактабларда дегельминтизация ва овқатланишга қаратилган дастурлар қайд этилган бўлиб, улар ўсиб бораётган болаларнинг соғлиғи ёки овқатланиши билан боғлиқ тўсиқларга дуч келмасдан самарали ўқишларини таъминлашга қаратилган.
Камбағаллик ва тенгсизликни бартараф этишга қаратилган трансформация дастурлари натижасида 2021 йил бошидан буён мамлакатда камбағаллик даражаси 17% дан 11% гача камайди. Деярли 2 миллион киши камбағалликдан чиқарилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори камбағаллик кўламининг нисбатан қисқа муддатда бунча сезиларли даражада қисқарганини “салмоқли ютуқ ва самарали ижтимоий сиёсат натижаси”, - дея атади.
Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофонининг лауреати Абҳижит Банержи Ўзбекистондаги ислоҳотлар баҳоларини шарҳлар экан, камбағал оилаларнинг кўпқирралилигини қайд этди ҳамда “дунёда камбағал оилалар кўп, бироқ ҳар бир оиланинг ўзига хос камбағаллик тарихи борлигини” таъкидлаб ўтди.
Профессор Банержи Ўзбекистоннинг камбағаллик билан курашга ёндашувидаги асосий ўзига хослигини ажратиб кўрсатди. Унинг фикрига кўра, бу – унинг юқори даражада манзиллилиги ва индивидуал характерга эгалигидир. Шунингдек, таниқли эскперт “Ўзбекистондаги Маҳаллабай тизими ҳар бир муҳтож оилани камбағалликдан олиб чиқиш бўйича ўзининг ноёб рецептига эга”лигини таъкидлаб ўтди.
Кўп мезонли камбағаллик индекси тақдимоти доирасида иштирокчиларга Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадқиқотининг илк натижалари ҳам тақдим этилди. Хусусан, қийинчиликларни бошдан кечираётган аҳоли учун асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар атрофлича таҳлил қилинди. Гап санитария қулайликлари, банк ҳисоби, тоза ичимлик суви, уй-жой, соғлиқни сақлаш хизматлари, алоқа воситалари, иситиш тизимидан фойдалана олиш имконияти, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги, мулкка эгалик қилиш, таълим даражаси ва норасмий бандлик кабилар ҳақида кетмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тақдим этган таҳлил шуни кўрсатдики, таълим, озиқ-овқат хавфсизлиги ва бандлик соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш Ўзбекистонда кўп мезонли камбағаллик даражасини янада пасайтириш учун ўта муҳим йўналишлар ҳисобланади. Ушбу соҳалардаги муаммоларни манзилли ҳал қилиш аҳолининг заиф қатламлари орасида камбағалликнинг кўплаб кўринишларини камайтиришда юқори салоҳиятга эга.
Тадбир якунида тақдим этилган натижалар сақланиб қолаётган муаммоларга қарамай Ўзбекистоннинг камбағаллик ва тенгсизлик билан курашда сезиларли муваффақиятларга эришганини намоён этиши қайд этилди.
“Ўзбекистон бу саъй-ҳаракатларни давом эттирган ҳолда БМТнинг 2030 йилгача бўлган Кун тартибига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаб, барча фуқаролар учун муносиб турмуш даражасини таъминлай олади, шунингдек, камбағалликка ҳам барҳам бериш имконига эга”, - деб таъкидлади эксперт.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори томонидан ўтказилган тақдимот Париж иқтисодиёт мактаби экспертлари ва J-PAL таҳлилчиларининг алоҳида эътиборини тортди. Ижтимоий сиёсатда далилларга асосланган ёндашувларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланувчи J-PAL Europe тадқиқот маркази вакиллари Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази билан бундан кейин ҳам ҳамкорлик қилишдан манфаатдорликларини билдирдилар.
Халқаро экспертлар тақдим этилган тадқиқотлар ва ислоҳотлар натижаларини юқори баҳоладилар, уларни ҳар томонлама илмий муҳокама қилдилар. Тадбир якунлари бўйича Ўзбекистондаги камбағалликни қисқартириш миллий модели нуфузли халқаро экспертлар ҳамжамияти томонидан ривожланаётган мамлакатларга кенг жорий этишга муносиб намуна сифатида эътироф этилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоитчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш