Солиқ тўловчилар энди ўз ҳамкорлари томонидан ҳисобланган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаларини тўлаганлигига ишонч ҳосил қилиш учун махсус «Лозим даражадаги эҳтиёткорлик» веб-саҳифасидан фойдаланиши мумкин бўлади.
Тўланиши лозим бўлган солиқ суммаларини ноқонуний камайтиришга қаратилган шубҳали битимларни амалга оширган 396та тадбиркорлик субъекти келтирилган рўйхат шакллантирилди. Давлат солиқ қўмитаси веб-саҳифасига жойланган рўйхат омма учун очиқ бўлиб, инсофли тадбиркорлар номлари зикр этилган корхоналар билан ҳамкорлик қилишда огоҳ бўлиши сўралади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Давлат солиқ қўмитасининг маълум қилишича, солиқ суммаларни ноқонуний камайтиришга қаратилган шубҳали операцияларни амалга оширган корхоналарни аниқлаш мезонлари этиб қуйидагилар белгиланган:
– таъсисчилигида (раҳбарлигида) рўйхатдан ўтган икки ва ундан ортиқ тадбиркорлик субъектлари қисқа муддат (1 йил) фаолият юритган ҳолда 100,0 млн.сўм ва ундан ортиқ солиқ мажбуриятини (солиқ қарзини) бажармаган ҳолатлар мавжудлиги;
– бир йил давомида уч ва ундан ортиқ ҳудудга юридик манзилини ўзгартириши;
– фаолият бошлаган даврдан бошлаб, қисқа муддатларда йирик миқдорда товар айланмасини амалга ошириб, расмий ишлаётган ходимлар сонини кам кўрсатиш;
– расмийлаштирилмаган (кирим қилинмаган) товарларни сақлаши, улардан фойдаланиши ва реализация қилиниши;
– харид қилинган товарларни (шу жумладан, импорт) реализация қилмасдан қолдиқда акс эттирилиши ва (ёки) товар қолдиғи мавжуд бўлган ҳолда қўшимча равишда айнан шу товарларни харид қилиниши;
– солиқ мажбуриятини бажармаган субъектларни ўзига қўшиб олиш натижасида банкротлик эълон қилиши;
– солиқ тўловчи томонидан қайд этилган манзил (бозорлар, савдо комплекслари ва бизнес марказлар бундан мустасно) бир нечта (уч ва ундан ортиқ) солиқ мажбуриятини бажармаганлиги натижасида банкрот деб топилган, шунингдек, солиқ тўламаслик хавфи юқори бўлган бошқа солиқ тўловчилар томонидан кўрсатилган манзил билан мос келиши;
– ҳуқуқни суиистеъмол қилиш, қалбаки ёки кўзбўямачилик учун битимлар тузиш (операциялар амалга ошириш) орқали солиқларни тўламаслик ёки тўлиқ тўламаслик фактлари аниқланганда;
– тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммаларни камайтириш тарзидаги ҳуқуқни суиистеъмол қилган (шубҳали) корхоналар рўйхатига киритилган субъектлар билан бир неча марта (икки ва ундан ортиқ) операцияларнинг амалга оширилиши.
«Ушбу рўйхатга кирган 396та корхоналар ва уларнинг 10 мингга яқин контрагентларига тегишли хабарномалар юборилган. Агарда улар аниқлаштирилган солиқ хисоботи тақдим қилсалар ҳамда хисобланган солиқ суммаларини тўласа, ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқмаслиги ва мазкур рўйхатдан чиқариш имконияти пайдо бўлади.
Мазкур рўйхат асосидаги сервис тадбиркорлар ва аҳоли орасида қонуний бизнес юритишнинг нуфузини оширишга ҳамда ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан муросасизлик ҳиссини шакллантиришга хизмат қилади», – дейилади қўмита хабарида.
Солиқ қонунчилигига кўра, солиқ муносабатларида солиқ тўловчилар контрагентларни танлаш чоғида лозим даражада эҳтиёткорлик қилишлари кераклиги белгиланган. Бу контрагентнинг битим (операция) бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини, яъни бунинг учун тегишли ишлаб чиқариш базаси ва ходимларнинг мавжудлиги, унинг молиявий ҳолати ва ишбилармонлик обрўсини текширишга қаратилган ҳаракатлардан иборат бўлади. Бундан ташқари, контрагентнинг солиқ органларида ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлигини ўрганиш талаб этилади. Лозим даражада эҳтиёткорликни намоён қилмаслик солиқ тўловчиларга харажатларни тан олмаслик учун алоҳида ҳолат бўла олмайди.
Солиқ кодексининг 15 моддасига мувофиқ, «солиқ тўловчи томонидан унинг олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган шахслар билан тузилган битимлар бўйича қилинган харажатлар (кўрилган зарарлар), агар ушбу солиқ тўловчи битим тузаётганда лозим даражада эҳтиёткорлик қилмаган бўлса, солиқ солиш мақсадида тан олинмайди».
Солиқ тўловчиларнинг айрим ҳаракатлари – қачонки, солиқ тўловчи ягона ёки устувор мақсади солиқ тўламаслик тарзидаги асоссиз солиқ нафи олишдан ёхуд ўзи тўлайдиган солиқларнинг суммасини камайтиришдан иборат бўлган операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини амалга оширса, унинг бундай ҳаракатлари ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади.
Шунингдек, ҳуқуқ суиистеъмол қилинган ҳолларда, солиқ органлари солиқ тўловчи тўлаши лозим бўлган солиқларнинг суммаларини аниқлашда ҳуқуқни суиистеъмол қилиш аломатларига эга бўлган айрим операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини эътиборга олмасликка ҳақли.
Солиқ кодексининг 14-моддасига биноан, «солиқ органлари тўланиши лозим бўлган солиқлар суммаларини бундай суиистеъмолликнинг таъсирини истисно этадиган тарзда ўзгартиришга ҳақли».
Изоҳ қолдириш