Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

Хитой ўз сунъий интеллект моделларини ривожлантиришда АҚШ моделларидан фойдаланмоқда (Reuters)

Хитой технология компаниялари ўз сунъий интеллект (СИ) моделларини Америка тизимларининг жавоблари асосида ўқитиш имконини берувчи “дистилляция” усулидан фойдаланишни кенгайтирмоқда. Reuters Хитойнинг 300 дан ортиқ илмий нашрлари, патентлари, корпоратив ва давлат ҳужжатларини ўрганиб, ушбу технология мамлакат СИ саноатида кенг қўлланилаётганини аниқлади. Alibaba, Meituan ва Шанхай Цзяотун университети тадқиқотчилари ўқув маълумотларини тайёрлаш ва ўз тизимларини такомиллаштириш учун OpenAI моделларидан фойдаланган. Бу ёндашув ҳисоблаш харажатларини камайтириш ва АҚШнинг илғор микросхемалар етказиб беришга қўйган чекловлари таъсирини юмшатиш имконини беради.

Америка СИ моделлари натижаларидан рақобатчи тизимларни ўқитишда оммавий фойдаланиш интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузади, деган эътирозларни келтириб чиқармоқда. Хитой томони эса “дистилляция”ни СИ технологияларини ишлаб чиқишда кенг тарқалган усул сифатида баҳолайди. Шу билан бирга, Пекин ихчам ва кам харажат талаб қиладиган моделларни саноатга жорий этишни қўллаб-қувватламоқда. Бу қимматбаҳо ҳисоблаш қувватларига бўлган эҳтиёжни оширмасдан, СИ технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш имконини беради.

Буюк Британия ёшлар учун ижтимоий нафақаларни қисқартириб, бандлик дастурларини кенгайтиради (The Independent)

Буюк Британия ҳукумати ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш тизимини қайта кўриб чиқишни назарда тутувчи ҳисоботни тақдим этди. 2026 йилнинг иккинчи чорагида 16-24 ёшдаги 981 минг нафар ёшлар ишламаган, таълим олмаган ва касбий тайёргарликдан ўтмаган. Бу ушбу ёш тоифасидаги ҳар саккиз нафардан бирига тўғри келади. Шу билан бирга, давлатнинг 18-24 ёшли ёшларга ишсизлик ва ногиронлик бўйича нафақалар тўлаш харажатлари йилига 11 млрд долларни ташкил этмоқда.

Прогнозларга кўра, 2036 йилга бориб ишламаётган ва таълим олмаётган ёшлар улушини 5 фоизгача камайтириш режалаштирилмоқда. Бунинг учун ижтимоий нафақалар бериш шартларини қайта кўриб чиқиш, касбий таълим дастурларини кенгайтириш ва ёшлар бандлигини қўллаб-қувватлаш бўйича янги хизмат ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, нафақалар ва ишга жойлаштириш дастурларига ажратиладиган давлат харажатлари ўртасидаги тафовутни қисқартириш таклиф этилмоқда. Ҳозирда ишга жойлаштириш учун сарфланган ҳар 1 фунтга 25 фунт ижтимоий тўлов тўғри келса, келгусида бу нисбатни 1 фунт бандлик ва таълим харажатига 2 фунт нафақа даражасига тушириш мақсад қилинган.

Дастлабки инвестициялар ҳажми 660 млн долларга баҳоланмоқда. Режалаштирилган чора-тадбирлар натижасида 2036 йилга бориб ҳар йили 600 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш ёки таълимга жалб қилиш кўзда тутилмоқда.

Норвегия Марокаш ва Индонезиядан углерод кредитларини сотиб олиш бўйича келишувлар имзолади (Reuters)

Норвегия 10 йил давомида Марокашдан 8,78 млн тонна CO₂, Индонезиядан эса 12 млн тонна CO₂ миқдоридаги чиқиндиларни қисқартиришга тенг углерод кредитларини сотиб олади. Харидларнинг умумий эҳтимолий ҳажми 20,78 млн тонна CO₂ни ташкил этади. Келишувларнинг молиявий шартлари ошкор этилмаган.

Келишувлар Париж битимининг 6-моддаси доирасида тузилган бўлиб, ушбу модда иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш натижалари билан халқаро савдо қилишни назарда тутади. Мазкур механизм Норвегияга бошқа мамлакатлардаги иқлим лойиҳаларини молиялаштириш имконини беради. Бунда тўловлар фақат чиқиндилар амалда қисқартирилгани ва эришилган натижалар мустақил равишда тасдиқланганидан сўнг амалга оширилади. Марокаш ва Индонезия учун ушбу келишувлар қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга қўшимча молиявий маблағ жалб қилиш имконини яратади.

WSJ, Euronext, CCTV ва Reuters маълумотлари асосида Хитой иқтисодий ўсишининг секинлашиши, Германиянинг энергетика инфратузилмасига инвестициялари, Хитойда автомобилсозлик компанияларининг етказиб берувчилар билан ҳисоб-китоблари устидан назоратни кучайтириш ҳамда мактаб таълимига сунъий интеллектни жорий этиш бўйича 4 та ахборот материали тайёрланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар