Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

Япония ва Австралия кексаларни парваришлаш соҳасига хорижий ишчиларни жалб қилишни кенгайтирмоқда (ИҲТТ ҳисоботи)

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) 12 ноябрдаги ҳисоботида кексаларни парваришлаш соҳасидаги ишчи кучи етишмовчилигини бартараф этиш бўйича мамлакатлар тажрибаси ўрганилган.

Японияда ушбу соҳада ишлаётган хорижий фуқаролар сони 2021 йилдаги 5,2 минг нафардан 2025 йилда 67,9 минг нафаргача (13 баробар) ошган. Дастур доирасида ишчиларнинг касбий малакаси ва тил билиши текширилади. Миллий малака сертификатини олганларга мамлакатда узоқ муддат яшаш ва ишлаш имконияти берилади. Шунингдек, хорижий ишчиларни ўқитиш ва яшаш шароитларига мослаштириш чоралари кўрилмоқда.

Австралияда кексаларни парваришлаш соҳасида икки йил ишлаган хорижий фуқаролар доимий яшаш ҳуқуқини олиш имкониятига эга. Ушбу касблар бўйича берилган визалар сони 2022-2023 йиллардаги 190 тадан 2024-2025 йилларда 1 740 тагача ошган. Виза олганларнинг қарийб 90 фоизи аввалдан мамлакатда, асосан, талабалик визаси билан яшаган. Бу Австралияга хорижий талабаларни ишчи кучи етишмаётган соҳаларга жалб қилиш имконини бермоқда.

Ҳиндистон аккумуляторлар учун хомашё экспортини тақиқлаб, маҳаллий қайта ишлаш корхоналари қувватларидан фойдаланишни оширмоқчи (Ҳиндистон Савдо ва саноат вазирлиги)

Жорий йил 11 ноябрда Ҳиндистон аккумуляторларни қайта ишлашдан олинадиган “қора масса” экспортини тақиқлади. “Қора масса” ишлатилган литий-ион аккумуляторларини майдалаш натижасида олинадиган хомашёдир. Унинг таркибида литий, кобальт, никель ва марганец каби қимматли металлар мавжуд бўлиб, уларни ажратиб олиб, қайта ишлатиш мумкин.

Мамлакатда аккумуляторларни қайта ишлаш қувватлари кенгайган, аммо корхоналарда хомашё етишмаяпти. Шу пайтгача маҳаллий хомашёнинг бир қисми экспорт қилиниб, қайта ишлаш корхоналари айрим ҳолларда уни хориждан сотиб олишга мажбур бўлган. Тақиқ маҳаллий корхоналарни хомашё билан таъминлаш ва аккумулятор материаллари ишлаб чиқаришни оширишга қаратилган.

Ушбу қарор 2025 йил сентябрда тасдиқланган 160 млн долларлик муҳим минералларни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш дастури билан биргаликда амалга оширилмоқда. Ҳукумат шу орқали инвестицияларни кўпайтириш ва металлар импортига қарамликни камайтиришни мақсад қилган.

Осиё экспортининг ўсиши сунъий интеллектга йўналтирилаётган инвестицияларга тобора кўпроқ боғлиқ бўлиб бормоқда (The Business Times)

АСЕАН+3 Макроиқтисодий тадқиқотлар бюроси (AMRO) таҳлилига кўра, Осиё мамлакатлари экспортининг ўсиши сунъий интеллект учун зарур ускуналарга бўлган талабга тобора кўпроқ боғлиқ бўлиб бормоқда.

2025 йилда жаҳон бўйича экспорт қилинган микросхема компонентлари, хотира қурилмалари ва ҳисоблаш ускуналарининг қарийб ярми АСЕАН мамлакатлари, Хитой, Япония ва Жанубий Корея ҳиссасига тўғри келган. 2026 йилнинг биринчи ярмида ушбу маҳсулотлар минтақа товарлар экспорти ўсишининг учдан икки қисмини таъминлаган.

Бюро ҳисоб-китобларига кўра, АҚШда технологик инвестициялар ўсиши 2024 йилдаги суръатгача секинлашса, 2027 йилда АСЕАН+3 иқтисодий ўсиши прогноз қилинган 4,1 фоиздан 2,6 фоизгача тушиши мумкин. Бу инвестициялар секинлашишига асосланган шартли сценарий ҳисобланади.

Қўшимча хатар электр энергияси таъминоти билан боғлиқ. Электр станциялари ва тармоқларини қуриш кўпроқ вақт талаб қилгани сабабли энергия тақчиллиги маълумотларни қайта ишлаш марказлари харажатларини ошириши мумкин. Шунингдек, сунъий интеллектга талаб кутилганидан паст бўлса, катта инвестиция киритилган инфратузилма қувватларидан тўлиқ фойдаланилмаслиги хавфи мавжуд.

Туркия криптовалюта бозори устидан назоратни кучайтирмоқда (Туркия Молиявий барқарорлик кенгаши)

11 ноябрда Туркия Молиявий барқарорлик кенгаши криптовалюта бозорини назорат қилиш бўйича ҳисобот эълон қилди. Янги қоидаларга кўра, мижозларнинг криптоактивлари камида 95 фоизи махсус сақлаш ташкилотларида сақланиши шарт. Савдо платформалари эса уларнинг кўпи билан 5 фоизини ўзларида сақлаши мумкин.

Шунингдек, криптовалюта савдоси ва активларни сақлаш фаолияти ажратилади. Барча ҳисобварақлар ва операциялар ягона электрон тизим орқали назорат қилинади.

2026 йилда Туркиядаги маҳаллий криптовалюта компанияларида сақланаётган активлар ҳажми қарийб 3 млрд долларни ташкил этган. Ҳозирда назорат тизимини тўлиқ ишга тушириш учун компанияларга лицензия бериш ва мижозлар маблағлари хавфсизлигини таъминлаш ишлари давом этмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар