Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

Хитойда ички талабнинг заифлашиши иқтисодий ўсиш суръатларини секинлаштирмоқда (WSJ)

Хитой Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2026 йил октябрь ойида саноат ишлаб чиқаришининг йиллик ўсиш суръати сентябрдаги 5,5 фоиздан 4,8 фоизгача секинлашди. Чакана савдо ҳажми 0,4 фоизга ошди. Январь-октябрь ойларида асосий капиталга инвестициялар 8,1 фоизга, жумладан, кўчмас мулк соҳасига инвестициялар 21,6 фоизга қисқарди.

Истеъмол талабининг заифлиги ва уй-жой бозоридаги давомли пасайиш иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашишига таъсир этувчи асосий омиллар бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, юқори технологияли маҳсулотлар экспорти саноат ишлаб чиқариши ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Германия энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга 6,6 млрд доллар инвестиция киритади (Euronext)

Германиянинг Uniper энергетика компанияси 2030 йилгача 6 млрд евро (6,6 млрд доллар) миқдоридаги инвестиция дастурини тақдим этди. Янги йўналишлардан бири маълумотларни қайта ишлаш марказлари, жумладан, сунъий интеллект инфратузилмаси учун энергия таъминотини ривожлантириш бўлади. Компания Германия, Буюк Британия, Нидерландия ва Швециядаги ушбу лойиҳалар учун электр тармоқларига уланиш имкониятига эга 700 МВт қувватни таъминлади. Хусусан, мавжуд электр тармоқларига уланган собиқ электр станциялари ҳудудларидан фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Инвестиция дастури Uniper компаниясида давлат улушини қисқартиришга тайёргарлик доирасида тақдим этилди. 2022 йилда Россия гази етказиб берилиши тўхтатилганидан сўнг Германия ҳукумати компанияни молиявий қўллаб-қувватлаш учун 13,5 млрд евро ажратиб, унинг 99,12 фоиз акцияларига эгалик қилган эди. Ҳозирда компаниянинг назорат акциялар пакетини инвесторларга сотиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Прогнозларга кўра, 2027 йилда компаниянинг операцион фойдаси 1,2-1,5 млрд еврони ташкил этиши кутилмоқда.

Хитой автомобилсозлик компанияларининг етказиб берувчилар билан ҳисоб-китоблари устидан йиллик назоратни жорий этмоқда (CCTV)

Хитой BYD, Geely, Chery ва Xiaomi каби 17 та йирик автомобилсозлик компаниясининг етказиб берувчилар билан ҳисоб-китобларини ҳар йили баҳолаш тизимини жорий этмоқда. Саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги қарорига мувофиқ, етказиб берилган маҳсулотлар учун тўлов муддати 60 кундан ошмаслиги керак. Компаниялар йилига икки марта ҳисобот тақдим этади, Хитой автомобилсозлар ассоциацияси эса ҳар бир корхонанинг камида 15 та етказиб берувчисини танлаб текшириш орқали маълумотларнинг ишончлилигини баҳолайди.

Текширув натижалари ҳар йили эълон қилинади. Янги механизм етказиб берувчилар олдидаги қарздорликни қисқартириш ва инсофсиз рақобатни чеклашга қаратилган.

Хитой 2030 йилгача барча мактаб ўқувчиларининг сунъий интеллект бўйича саводхонлигини таъминлашни режалаштирмоқда (Reuters)

Хитой технологик ривожланиш ва АҚШ билан рақобат стратегияси доирасида янги авлод мутахассисларини тайёрлаш мақсадида мактаб таълимига сунъий интеллектни (СИ) жорий этишни кенгайтирмоқда. 2030 йилгача мамлакатда барча мактаб ўқувчиларининг СИ бўйича саводхонлигини таъминлаш режалаштирилган. Провинциялар ва муниципалитетларнинг ярми мажбурий ўқув дастурларини ишлаб чиққан. Жумладан, Шанхайда ҳар бир синф учун йилига 30 соатлик СИ таълими жорий этилмоқда, Пекинда эса СИ технологиялари қўлланиладиган 100 та тажриба-синов мактаби ташкил этилади.

Дастурлар СИ асослари, дастурлаш, танқидий фикрлашни ривожлантириш ҳамда таълимни ўқувчиларнинг индивидуал эҳтиёжларига мослаштириш учун интеллектуал тизимлардан фойдаланишни қамраб олади. Айрим ҳудудларда малакали ўқитувчилар етишмовчилигини қоплаш мақсадида ҳам СИ технологиялари қўлланилмоқда. Шу билан бирга, технологияларни жорий этиш сифати ҳудудлар кесимида фарқ қилмоқда, СИ саводхонлигини баҳолаш бўйича ягона миллий стандартлар ҳали мавжуд эмас. Шунингдек, ўқувчиларнинг рақамли воситаларга ҳаддан ташқари қарам бўлиб қолиш хавфи ҳам қайд этилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар