Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон банки Бенинда энергетика ислоҳотлари 159 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беришини баҳолади (Жаҳон банки)

Жаҳон банки ҳисоботига кўра, Бенинда электр таъминотини яхшилаш натижасида қарийб 159 мингта қўшимча иш ўрни яратилиши мумкин. Бунинг учун электр тармоқларини янгилаш, энергия харажатларини камайтириш ва корхоналарни электрга улашни осонлаштириш зарур.

Ҳозирда мамлакатда корхоналарнинг 86,1 фоизи электр узилишларига дуч келмоқда. Электр тармоқларидаги йўқотишлар 24,7 фоизни ташкил этади, тармоқларнинг қарийб ярми эса 25 йилдан ортиқ вақтдан бери ишлатилмоқда.

Шу билан бирга, 2025 йилда Гло-Джигбе саноат ҳудудида иш ўринлари 28,8 фоизга кўпайиб, 22,8 мингтага етган. Жаҳон банки барқарор электр таъминоти ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш учун зарурлигини таъкидлаган.

ФАО жаҳонда дон савдоси қисқаришини прогноз қилмоқда (ФАО шарҳи)

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) прогнозига кўра, 2026 йилда жаҳонда 2,99 млрд тонна дон етиштирилиши кутилмоқда. Бу тарихдаги иккинчи энг юқори кўрсаткичдир. Дон истеъмоли эса 2,97 млрд тоннага етиши прогноз қилинган.

Шунга қарамай, жаҳон дон савдоси 3,3 фоизга қисқариб, 507,7 млн тоннага тушиши мумкин. Бунга асосан буғдой савдосининг 8,6 фоизга камайиши сабаб бўлади. Йирик экспортчи мамлакатларда маҳсулот етишмаслиги ва ташишдаги қийинчиликлар савдони чекламоқда.

Шунингдек, гуруч етиштириш 2,5 фоизга камайиб, 552 млн тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Бироқ Ҳиндистон ва Покистондан етказиб бериш ҳажми ҳамда импорт талаби ошиши ҳисобига 2027 йилда жаҳон гуруч савдоси 2,9 фоизга ўсиб, 61,6 млн тоннага етиши прогноз қилинмоқда.

Нигерия Ғарбий Африканинг 10 та давлатида инвестиция жалб қилишнинг ягона тизимини яратишни таклиф қилди (Reuters)

10 ноябрда Нигерия молия вазири Ғарбий Африканинг 10 та давлати ўртасида инвестиция жалб қилишни осонлаштириш таклифини илгари сурди. Мақсад йирик инфратузилма лойиҳалари учун маблағ жалб қилиш имкониятларини кенгайтиришдир.

Таклифга кўра, бир давлатда қимматли қоғозлар чиқаришга рухсат олган компания қолган давлатларда ҳам қайта рухсат олмасдан инвесторлардан маблағ жалб қилиши мумкин. Шунингдек, биржалар ва тўлов тизимларини боғлаб, миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилиш режалаштирилмоқда.

Дастлабки 12 ойда Нигерия, Гана ва яна саккиз давлатга хизмат кўрсатувчи минтақавий биржа иштирокида тизимни синовдан ўтказиш кўзда тутилган. Нигерия ўз капитал бозори ҳажмини 10 йил ичида камида 1 трлн долларга етказишни мақсад қилган.

Швейцарияда автомобиль чиқиндиларидан қимматли металлар ажратиб олинмоқда (Grensol компанияси)

Швейцариянинг “Grensol” компанияси Биберист шаҳрида автомобиль чиқиндиларини қайта ишлаш заводини ишга туширди. Корхона ҳозиргача қарийб 1 минг тонна чиқиндини қайта ишлаб, улардан қимматли металларни ажратиб олди.

Илгари эски автомобиллар майдалангандан кейин қолган чиқиндилар ёқиб юборилар эди. Янги технология эса улар таркибидаги металларни ажратиб олиб, қайта ишлатиш имконини беради.

Келгусида корхона сунъий интеллект ёрдамида саралаш тизимини жорий этмоқчи. Бу мис, алюминий ва пўлатни кўпроқ ажратиб олиш имконини беради.

Қозоғистонда қуёш ва шамол энергияси кўмир электр станцияларига нисбатан арзонроқ бўлиши мумкин (ФАО шарҳи)

“Ember” таҳлил маркази ҳисоботига кўра, Қозоғистонда қуёш ва шамол электр станцияларини аккумуляторлар билан бирлаштириш электр энергияси таннархини пасайтириши мумкин.

Ҳисоб-китобларга кўра, бундай тизимда 1 кВт·соат электр энергияси таннархи 5,6 центни, янги кўмир электр станцияларида эса 7-17 центни ташкил этади.

Тадқиқотда 15 та ҳудуд ўрганилган. Натижаларга кўра, қуёш, шамол ва аккумуляторлар биргаликда электрга бўлган эҳтиёжнинг 70-90 фоизини қоплаши мумкин.

Қолган эҳтиёжни умумий электр тармоғи орқали таъминлаш арзонроқ ҳисобланади. Чунки аккумуляторлар сонини кўпайтириш электр энергияси таннархини оширади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар