Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

АҚШнинг йирик технологик компаниялари БМТнинг сунъий интеллект бўйича иқлим ташаббусини қўллаб-қувватламади (Reuters)

COP31 иқлим конференциясида сунъий интеллектнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришга қаратилган Antalya AI Pledge халқаро ташаббуси тақдим этилди. Унда маълумотларни қайта ишлаш марказларини тоза энергия манбалари билан таъминлаш, рақамли инфратузилманинг энергия самарадорлигини ошириш ва углерод чиқиндиларини назорат қилиш бўйича ихтиёрий мажбуриятлар назарда тутилган. Ташаббусга 9 та давлатни ўз ичига олган 90 та ташкилот қўшилди. Йирик технологик компаниялар орасида фақат Хитойнинг Alibaba компанияси уни қўллаб-қувватлади. АҚШнинг Meta, Microsoft, Google, Amazon ва Nvidia компаниялари эса ташаббусга қўшилмади.

16 ноябрда эълон қилинган тадқиқотга кўра, АҚШдаги 400 дан ортиқ йирик маълумотларни қайта ишлаш марказларининг CO₂ чиқиндилари Даниянинг йиллик чиқиндиларига тенглашади. Қайта тикланувчи энергия манбаларига инвестициялар киритилаётганига қарамай, электр энергиясига талабнинг ортиши технологик компанияларни янги газ электр станциялари қурилишини қўллаб-қувватлашга ундамоқда.

Европа Иттифоқида энергетика соҳасида Хитой технологияларидан фойдаланишни чеклаш таклиф этилди (Euronext)

Даниянинг Vestas компанияси Европа Иттифоқини стратегик аҳамиятга эга энергетика инфратузилмасида Хитой ускуналари ва дастурий таъминотидан фойдаланишга қўйиладиган талабларни кучайтиришга чақирди. Компания Хитойнинг бошқарув тизимлари ва дастурий таъминоти стратегик энергетика объектларида хавф туғдириши мумкинлигини таъкидламоқда. Шунингдек, Европа Иттифоқида шамол энергетикаси учун ускуналарнинг камида 50 фоизини Европада ишлаб чиқариш талабини жорий этиш таклиф қилинди. Бироқ Хитой бутловчи қисмларини тўлиқ тақиқлаш назарда тутилмаяпти.

Ушбу таклиф Европа Иттифоқида энергетика ускуналарининг киберхавфсизлигига оид талаблар қайта кўриб чиқилаётган бир пайтда билдирилди. Vestas маълумотларига кўра, энергетика объектларининг эксплуатация муддати 30-50 йилни ташкил этади. Хитой эса ўз ҳудудида ўрнатилган шамол турбиналарига хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг масофадан техник хизмат кўрсатиш имкониятларини чеклаган. Хитойнинг Ming Yang компанияси Европа турбиналарига оид маълумотлар маҳаллий серверларда сақланиши ва уларга масофадан кириш фақат операторлар рухсати билан амалга оширилишини билдирмоқда.

https://live.euronext.com/en/financial-news/vestas-boss-calls-tougher-eu-rules-chinese-software-wind-sector

Amazon Ҳиндистоннинг қайта тикланувчи энергетика соҳасига 7 млрд доллар инвестиция киритади (Amazon)

Amazon компанияси 2030 йилгача Ҳиндистонда қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларига 7 млрд доллар инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Ушбу маблағ компания томонидан электр энергиясини харид қилиш бўйича аввал тузилган 4 млрд долларлик шартномаларга қўшимча равишда йўналтирилади. Натижада амалдаги шартномалар ва режалаштирилган инвестицияларнинг умумий қиймати 11 млрд долларга етади. Инвестиция дастури қайта тикланувчи манбалардан электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва ўсиб бораётган талабни қондиришга қаратилган.

Аввалги шартномалар доирасида Amazon умумий қуввати 934 МВт бўлган тўртта янги қуёш ва шамол энергетикаси лойиҳасини ҳам эълон қилди. Улар ишга туширилгач, компаниянинг Ҳиндистондаги энергетика лойиҳалари умумий қуввати 2 ГВтдан ошади. Бу 3,5 млндан ортиқ ҳинд хонадонининг йиллик электр энергияси истеъмолига тенг. Мазкур инвестициялар Amazon компаниясининг 2030 йилгача истеъмол қилинадиган электр энергиясининг углерод сиғимини 2019 йилга нисбатан 65 фоизга камайтириш бўйича янги глобал мақсадига эришишга ҳам хизмат қилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар