Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

Халқаро тараққиёт банклари иқлим лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини 120 млрд долларга етказмоқчи (Европа инвестиция банки)

Халқаро тараққиёт банклари COP31 конференциясида иқлим лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш бўйича қўшма режаларини тақдим этди. 2025 йилда даромади паст ва ўрта бўлган мамлакатларга ажратилган маблағлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 21 фоизга ўсиб, 102,6 млрд долларга етган. Шундан 68 млрд доллар иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга, 34,6 млрд доллар эса иқлим ўзгаришига мослашиш чораларига йўналтирилган. 2030 йилга бориб ушбу мамлакатларга ҳар йили 120 млрд доллар ажратиш, шунингдек, қўшимча 65 млрд долларгача хусусий капитал жалб этиш режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, банклар инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва молиялаштириш бўйича ҳамкорлик механизмларини кенгайтирмоқда. COP31 доирасида инфратузилмани ривожлантириш, сув ресурсларини бошқариш ва иқлим хавфларини камайтиришга давлат ҳамда хусусий инвестицияларни жалб этишга қаратилган янги ҳамкорлик ташаббуси тақдим этилди. Шунингдек, 30 дан ортиқ тадбирни қамраб олган, дастлабки портфели 14 млн долларлик узоқ муддатли иқлим стратегияларини қўллаб-қувватлаш дастури амалга оширилмоқда.

Ушбу молиялаштириш механизмлари Ўзбекистон учун ҳам аҳамиятли бўлиб, энергетика, саноат ва сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилишга халқаро молия институтлари ҳамда хусусий инвестицияларни жалб этиш имкониятларини кенгайтиради.

Давлат инвестиция фондлари сунъий интеллект ва стратегик инфратузилмага сармояларни кенгайтирмоқда (Reuters)

PwC халқаро консалтинг компаниясининг 12 ноябрда эълон қилинган ҳисоботига кўра, жаҳонда суверен инвестиция фондлари активлари 2030 йилга қадар қарийб 50 фоизга ўсиб, 22,4 трлн долларга, давлат пенсия жамғармалари активлари эса 36,3 трлн долларга етиши прогноз қилинмоқда.

Давлат инвестиция фондлари анъанавий молиявий активларга сармоя киритишдан сунъий интеллект ва инфратузилма лойиҳаларини бевосита молиялаштиришга ўтмоқда. Бу уларнинг технологик ривожланиш ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларга таъсирини кучайтирмоқда.

Ҳисоботга кўра, сунъий интеллект соҳасига йўналтирилаётган инвестициялар асосан АҚШда жамланмоқда, бу эса илғор технологиялар соҳасида капиталнинг географик концентрацияси кучаяётганини кўрсатади.

Германиянинг йирик банклари молиявий жиноятларга қарши курашиш учун ягона тизим яратмоқда (Reuters)

Германиянинг Deutsche Bank, Commerzbank ва жамғарма банклари молиявий фирибгарликка қарши курашиш мақсадида қўшма корхона ташкил этишга келишиб олди.

Янги тизим банклар ўртасида шубҳали операциялар ва эҳтимолий фирибгарлик ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни алмашиш орқали молиявий жиноятларни эрта босқичда аниқлаш имконини беради.

Банклар маълумотига кўра, фирибгарлар кўпинча турли банклардаги ҳисобварақлардан фойдаланиб, қисқа вақт ичида маблағларни бир молия муассасасидан бошқасига ўтказади. Ҳозиргача ҳар бир банк фақат ўз тизимидаги операцияларни кузатиб келган. Маълумотлар алмашинуви шубҳали транзакциялар занжирини аниқлаш ва фирибгарлик хавфини камайтиришга хизмат қилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар