"Бизни қулай бизнес шароитлари илҳомлантирмоқда"

Каллибек Примбетовнинг ташриф қоғози

Каллибек Примбетов 1973 йил 29 июлда Нукус тумани Ойдаги овул қишлоғида туғилган. 1997 йили Қорақалпоқ давлат университетини “саноатда бухгалтерия ҳисоби” мутахассислиги бўйича тамомлаган. Оилали, тўрт нафар фарзанди бор.

Турмуш ўртоғи Гульзиба Муратбаева Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг “сиёсий иқтисод” факультетини битирган, ҳозирда “Nukus Balik” МЧЖ директорининг молиявий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият олиб бормоқда. Катта ўғли Атабек “NUKUS BETON” МЧЖда бош технолог бўлиб ишлайди, кенжа ўғли Ибрахим Нукус шаҳридаги 46-мактабнинг 7-синф ўқувчиси. Катта қизи Малика Тошкентдаги Турк авиалинияларида фаолият юритади, кенжаси Мадина эса Нукусдаги Президент мактабининг 10-синф ўқувчиси.

Тадбиркорнинг онаси нафақада, унга қадар эса Ю.Гагарин номидаги 27- мактабда ишлаган. Отаси Примбетов Нурмахамбет Нукус давлат университетининг (ҳозирги ҚДУ) математика факультетида ҳисоблаш математикасидан сабоқ берган. 1998 йилда “Қорақалпоқбалиқ” уюшмасига “Nukus Balik” ОАЖ директори сифатида ишга ўтган. Ҳозирда ёши катта бўлишига қарамай, (1945 йилда туғилган) “Nukus Balik” МЧЖ директори лавозимида фаолият олиб бормоқда.

Каллибек Примбетов “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон тадбиркорлари билан ўтказилган икки учрашувида иштирок этган.

Айни пайтда Примбетовлар оиласи иккита ишлаб чиқариш йўналишини ривожлантирмоқда. Биринчиси, аквакультура соҳасида – балиқчилик, Африка лаққа балиғи ва бошқа маҳаллий балиқ турларини етиштириш, уларни ярим тайёр маҳсулотгача қайта ишлаш. Иккинчи йўналиш – саноат ва фуқаролик объектларини қуриш учун темир-бетон буюмлар ишлаб чиқариш.

Бизнес билан шуғулланиш қарорини олишингизга нима туртки бўлди ва бунга қандай шароитлар ёрдам берди?

– Юртимизда бизнес юритиш учун қулай шароитлар яратилаётгани, жумладан, раҳбарият томонидан иқтисодиёт тармоқлари ва саноатни ислоҳ қилишга қаратилган қарорлар қабул қилинаётганини кўриб, бизнес билан шуғулланишга қарор қилганман. Уларни санаб ўтишим мумкин. Президентнинг 2003 йил 13 августдаги Фармонига мувофиқ, балиқчилик тармоғи хусусийлаштирилиб, монополиядан чиқарилди. Сўнгра фойдаланилмаётган ва бўш турган саноат объектларини аукционлар орқали сотиш ишлари ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси учун солиқ имтиёзларининг сақланиб қолиши Орол инқирози зонасида бизнесни янада ривожлантиришга хизмат қилди.

Ўз бизнесингиз ҳақида гапириб берсангиз, уни қандай бошлагансиз?

– 1997 йили университетни тамомлагач, Нукус туманидаги “Азия” кичик корхонаси директори лавозимида ишлай бошладим. Корхонада турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, маҳаллий бозорда сотилар эди. 1998 йилдан бир вақтнинг ўзида “Nukus Balik” ОАЖ директори ўринбосари лавозимида фаолият юритдим. 2001 йилда Нукус шаҳридаги “Керамзит” ОАЖ акцияларининг 75 фоиздан зиёд қисмини сотиб олдик ва мен ушбу корхона директори бўлдим. 2003 йилда “Керамзит” ОАЖ “Nukus Balik” ОАЖ билан бирлаштирилиб, 2003 йил август ойида Президент қарори билан “Nukus Balik” МЧЖга айлантирилди.

Кейинчалик, 2007 йилда ОАЖ россиялик шерик – “Интрафлекс” МЧЖ иштирокидаги Қорақалпоқ-Россия қўшма корхонаси “Нукус Балиқ” МЧЖ (“Нукус Балиқ” МЧЖ ҚК) шаклида қайта ташкил этилди. 2012 йилда “Нукус қишлоқ уй-жой қурилиши комбинати” ОАЖни сотиб олиб, “Нукус Балиқ” МЧЖ ҚК билан бирлаштирдик. 2007 йилдан 2017 йилгача ушбу қўшма корхона директори ўринбосари лавозимида ишладим.

2017 йилда Президентнинг “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Нукус Балиқ” МЧЖ ҚК томонидан “Ипотека-банк” АТИБ Қорақалпоғистон филиали (Устав жамғармасининг 25 фоизи) иштирокидаги “NUKUS AGRO FISH” МЧЖ (устав жамғармасининг 75 фоизи) таъсис этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида Қорақалпоғистон Республикаси саноатини ривожлантириш дастури қабул қилиниб, унинг доирасида “Нукус Балиқ” МЧЖ ҚК зиммасига 2019 йил 30 ноябрга қадар лойиҳа қиймати 24,4 млрд сўм, шундан 8,3 млрд сўм ўз иштирокида бўлган балиқчилик кластери яратиш, шунингдек, лойиҳа қиймати 23,5 млрд сўм, шундан 7,6 млрд сўм ўз иштирокида бўлган темир-бетон буюмлар ишлаб чиқариш заводи қуриш вазифаси юкланди.

Ушбу топшириқларни бажариш мақсадида “Нукус Балиқ” МЧЖ ҚК “Ипотека-банк”дан 1 млн 779 221 АҚШ доллари миқдорида кредит олиб, “Нукус қишлоқ уй-жой қурилиши комбинати” негизида Италия технологияси асосида темир-бетон буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қурди, у 2019 йилда “Nukus Beton” МЧЖ сифатида таъсис этилди.

Мазкур заводнинг тарихи диққатга сазовор, чунки у мустақилликка эришганимиздан сўнг юртимизда юз берган барча ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни акс эттириб, бугунги кунда мамлакат раҳбарияти томонидан амалга оширилган тарихий ислоҳотлар натижаларини яққол кўрсатади. Нукусда собиқ Иттифоқ давридаёқ иккита уй-жой қуриш комбинати (УЖҚК) бўлган. Бири – Нукус УЖҚК бўлиб, шаҳарда кўп қаватли уйлар қурилиши учун маҳсулот ишлаб чиқарган, ҳозирда иш фаолиятини тўхтатган. Иккинчиси – Нукус қишлоқ уй-жой қурилиш комбинати (НҚУЖҚК) саналиб, қишлоқ жойларда уй-жой қуриш учун уй комплектларини ишлаб чиқарган.

2012 йилда “NUKUS BALIK” МЧЖ корхонамиз ушбу НҚУЖҚКнинг собиқ мулкдори томонидан демонтаж қилинишини тўхтатишга ва уни кредиторлар олдидаги тўпланган қарзлари билан бирга сотиб олишга муваффақ бўлди. Уни қайта тиклаш учун озмунча ҳаракат қилмадик, катта маблағ ва бир неча йиллик меҳнат сарфладик. Охир-оқибат, комбинатни 2023 йилда ишга туширишга муваффақ бўлдик. Темир-бетон буюмлар ишлаб чиқариш учун энг замонавий технологик линиялар Италиядан олиб келинди. Корхона учун ускуналар Италиянинг “WEILER” компанияси томонидан етказиб берилди. Бундан ташқари, Россияда темир-бетон буюмлар ишлаб чиқариш учун турли хил замонавий шакллар ва укуналар сотиб олдик, турар-жой ва саноат биноларини қуриш учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бошладик.

Кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди – барча юк кўтариш механизмлари қайта тикланди, зарур муҳандислик-техник коммуникациялар йўлга қўйилди ва Европа сифатига эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш бошлаб юборилди. Шунингдек, УЖҚКни қайта тиклаш жараёнида янги иш ўринлари яратиш ва корхона ходимларини италиялик шериклар ёрдамида янги ускуналарда ишлашга ўргатиш орқали ижтимоий масалаларнинг ҳал этилгани ҳам аҳамиятга эга. Энди НҚУЖҚКни модернизация қилишнинг иккинчи босқичини амалга оширишни режалаштиряпмиз. Сўзсиз, мазкур корхоналарда ўтган йилларда тўпланган иш тажрибаси бизнесимизни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Ўз бизнесингиз ривожида қайси жиҳатларни энг муваффақиятли деб ҳисоблайсиз? Бу муваффақиятларга эришишга нима ёрдам берди?

– 2007 йилдан 2012 йилгача “Нукус Балиқ” МЧЖ ҚК томонидан Россия ва Туркияга балиқ (жумладан, судак) экспорт қилинди. Ушбу давр корхонамиз фаолиятида сермаҳсул бўлиб, бу вақт ичида тахминан бир млн долларлик балиқ экспорт қилдик. Балиқни кўпайтириш, етиштириш ва қайта ишлаш учун техника, музлаткич ва бошқа ускуналар сотиб олдик. Экспорт ҳажми ва географиясини сезиларли даражада оширишни режалаштирган эдик.

Табиий равишда савол туғилади: нега бирданига балиқ экспортини тўхтатиб қўйдик? Тўғрисини айтсам, экспортни тўхтатишга 2011 йилда Ўзбекистондан балиқ маҳсулотларини экспорт қилиш тақиқлангани сабаб бўлган. Бу тақиқ ички бозор учун балиқ етишмаслиги туфайли жорий этилди. Бундан бир неча йил ўтгач, сув сатҳининг пастлиги туфайли республикамизнинг табиий сув ҳавзаларида судаклар камайиб кетди, чунки биз фақат судак балиғини экспорт қилар эдик.

Бироқ аквакультурани, умуман, балиқчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли яқин келажакда балиқлар ва сув ҳавзалари билан боғлиқ бошқа маҳсулотлар экспортини қайта йўлга қўйишга умид қиламиз. Шу мақсадда, бугунги кунда республика миқёсида нафақат балиқ, балки бошқа гидробионтлар, хусусан, чучук сув қисқичбақалари ва креветкалари етиштириш учун балиқчилик тармоғини диверсификация қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Шунинг баробарида қизилмия бизнесини ҳам йўлга қўйдик. “Akmangit lakritsa” МЧЖни очиб, 2011 йилдан 2017 йилгача қарийб бир млн долларлик қизилмия илдизини экспорт қилдик. Ушбу муваффақиятларга эришишда, биринчидан, бу борада давлатнинг қўллаб-қувватлаши, иккинчидан, қизилмия илдизининг катта захираларига эга бўлган ҳудудимиз имкониятлари ёрдам берди, балиқчилик соҳасида эришилган ютуқлар эса хорижий бозорларда маҳсулотимизга бўлган талабнинг ортгани билан боғлиқ бўлди.

Бизнесингиз ижтимоий таъсирини баҳолаш мумкинми?

– Менимча, ҳар қандай муваффақиятли бизнес тегишли ижтимоий аҳамиятга эга ва жамият учун фойдалидир. Бу, биринчи навбатда, янги иш ўринларининг яратилиши. Масалан, 2007-2012 йилларда балиқни экспорт қилиш чоғида “NUKUSBALIK” МЧЖ ҚКда 50 нафар, “Akmangit lakritsa” МЧЖда 10 нафар киши доимий ишлаган, қизилмия илдизини йиғувчи мавсумий ишчилар сони 100 нафардан кўп эди.

Корхоналар маблағлари ҳисобидан кам таъминланган фуқароларга ёрдам бердик, Қорақалпоғистон Республикаси болалар паралимпиадасини қўллаб-қувватладик, даврий нашрларга ҳомийлик кўрсатдик, ишчи-хизматчиларнинг текин овқатланишини таъминладик. 2017 йилда ёпиқ жойларда ёпиқ сув таъминоти қурилмаси тизимидан ҳамда иссиқ ҳароратли ер ости сувларидан фойдаланган ҳолда балиқ етиштиришнинг интенсив технологияларига ўтдик, бу эса ходимларимиз учун янада қулай ва соғлом меҳнат шароитларини яратмоқда.

Сўнгги йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган қандай қарорлар бизнесингизга ижобий таъсир кўрсатди ва бу қай тарзда намоён бўлди?

– Аввало, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция жозибадорлигини ошириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирларни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Бу масалада Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 12 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун-ҳужжатларига Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни алоҳида аҳамият касб этди. Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартишлар киритилиб, унга кўра 2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар Қорақалпоғистоннинг барча туманларида жойлашган ва республика ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари:

  • фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди;
  • ижтимоий солиқни 1% миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича, якка тартибдаги тадбиркорлар эса йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлайди.

Кўрилган чора-тадбирлар корхоналаримиз учун солиқ юкини сезиларли даражада камайтириш имконини берди, бунда иқтисод қилинган маблағлар, биринчи навбатда, ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга йўналтирилди.

Сўнгги йилларда яратилган бизнес муҳити, ҳисобдорликка қўйилган талаблар ва назорат қилувчи ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни қандай баҳолайсиз

– Бизнес муҳитининг тубдан яхшиланаётгани, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар, айниқса, Қорақалпоғистонда яққол кўзга ташланаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда тадбиркорлик ва инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, жумладан, республиканинг инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун имтиёз ва преференцияларнинг аниқ рўйхати тақдим этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида келгуси етти йил учун қатор имтиёз ва преференциялар тасдиқланди. Мазкур Фармон билан Қорақалпоғистон Республикасида бизнес муҳитини янада яхшилаш бўйича шундай тартиб ўрнатилдики, унга мувофиқ:

  • Тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан истисно тариқасида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва айланма маблағларни шакллантириш мақсадларига ажратиладиган кредит миқдорининг 75 фоизигача бўлган миқдорда кафиллик тақдим этилади;
  • кичик ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида инвестиция мажбуриятларини бажарган тадбиркорларга ер участкаларини, бино ва иншоотларни хусусийлаштириб бериш тартиби белгиланади.

Айни пайтда Қорақалпоғистонда имтиёзли кредитлаш дастури сезиларли даражада кенгайтирилди. Ҳудудда оилавий бизнес дастурларига қўшимча равишда катта маблағ ажратилиб, ёш тадбиркорларга эса зарур ускуналар харид қилиш учун 7 йил муддатга кредитлар ажратилмоқда. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Қорақалпоғистонга 100 млн доллар эквивалентида қўшимча маблағ ажратилди, шундан 5 млн доллар Амударё дельтасида кичик сув ҳавзаларини яратиш лойиҳаларига йўналтирилди.

2023 йил 18 август куни тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда Президентимиз тадбиркорлик ривожини янада юксак босқичга кўтариш устувор вазифамиз эканини қайд этди. Президентимиз ўз маърузасида солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш, ҳисобдорликни юритиш ва бюрократиясиз қулай муҳитни яратиш масалаларига алоҳида тўхталди. Шу билан бирга, тадбиркорлар 140 дан ортиқ ҳисобот доирасида 8 мингга яқин кўрсаткичларни 16 та давлат идорасига топширишга мажбур экани таъкидланди. Бироқ ҳозирдан, яъни 2024 йил 1 январдан бошлаб бир-бирини такрорловчи ва эскирган ҳисоботлар тугатилди, барча ҳисоботларни ягона электрон тизим орқали тақдим этиш йўлга қўйилиб, уларнинг қоғоз шакли бекор қилинди.

Сизнингча, ЯИДХП тизимининг жорий этилиши бизнесни қанчалик осонлаштирди?

– ЯИДХП тизимининг тадбиркорлар учун ҳам, мамлакатимиз аҳолиси учун ҳам аҳамияти жуда катта бўлди. ЯИДХПнинг ишга туширилиши давлат органларининг аҳоли билан ишлашда янги форматни белгилаб, фуқаролар ва юридик шахсларга давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш имконини берди. Бугунги кунда барча давлат ташкилотлари ва тадбиркорлар ЯИДХП тизимини, у билан қандай ишлашни билади, аҳоли ўртасида ҳам хабардорлик даражаси ошиб бормоқда. Порталдан фойдаланиш тадбиркорлар ва фуқароларга давлат хизматларидан фойдаланиш, зарур маълумотларни излаш, бизнес масалаларини тезкорлик билан ҳал этиш ва бошқа кўплаб имкониятларнинг кенг доирасини очиб беради.

Қайси лойиҳаларингиз ривожланиш ёки режалаштириш палласида? Республикада 2030 йилгача белгиланган ривожланиш мақсадлари сизнинг режаларингизга қандай таъсир кўрсатмоқда?

– Экспорт салоҳиятини ривожлантириш нуқтаи назаридан, сўнгги вақтларда “NUKUS AGRO FISH KLASTER” томонидан янги аквакультура объектлари – креветкаларни етиштириш, қайта ишлаш ҳамда Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ва Россияга экспорт қилиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу ишлаб чиқаришни ташкил этиш нафақат Қорақалпоғистонда, балки бутун Ўзбекистонда аквакультура соҳасида мутлақо янги ва ўта истиқболли йўналиш ҳисобланади. Креветка етиштириш лойиҳаси, шунингдек, корхонамизда қарийб 20 та янги иш ўрни яратиш имконини беради.

2023 йилнинг куз ойларида вьетнамлик шерикларнинг Нукус шаҳридаги аквакультура корхонамизга ташрифи уюштирилиб, Вьетнамнинг энг йирик креветка ишлаб чиқарувчилари ҳамда АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония ва Жанубий Корея бозорларига экспорт қилувчилардан бири бўлган “BINH MINH SHRIMP DOMESTICATION” компанияси билан ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб борилди.

“BINH MINH SHRIMP DOMESTICATION” компаниясининг Қорақалпоғистон Республикасида камёб креветка турларини етиштириш, қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотни экспорт қилиш бўйича қўшма корхона ташкил этиш орқали ушбу янги фаолият соҳасига инвестиция киритишга қатъий қарор қилгани музокаралар натижаси бўлди. Биргаликдаги ишларни бошлаш 2024 йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланган.

Бунга қўшимча равишда, ўтган йилдан бошлаб вьетнамлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда тез ўсадиган Вьетнам зоғорабалиғининг уруғланган увулдириғини олиб келиб, инкубация цехимизда инкубация жараёнини бошлаб юбордик ва айни пайтда ҳовузли хўжалигимизда етиштирилаётган ушбу балиқ турининг наслини олдик.

Албатта, корхоналаримиз фаолиятини ривожлантириш борасидаги барча ишлар “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси” ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш ва мақсадларга эришишга қаратилган. Уларда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилгани бизни жуда қувонтирди.

Корхонамиз томонидан инвестор шерикларимиз билан биргаликда режалаштирилган юқори қўшилган қийматга эга юқори ликвидли янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш мазкур Стратегияларнинг мақсад ва вазифаларига бевосита мос келади, бу эса янги иш ўринлари яратилишига, бюджетга қўшимча тушумларни ва Қорақалпоғистоннинг экспорт салоҳияти юксалишини таъминлашга имконият яратади.

Мамлакатимизда бизнесни ривожлантириш учун яратилган қулай шароитлар бизни руҳлантирмоқда.

Одил Олимжонов суҳбатлашди

"Иқтисодий шарҳ" журнали №3/2024


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар