Республикамизда сўнгги йилларда туман, шаҳар ва вилоят ҳокимлари томонидан ҳар йилги амалга оширилган асосий ишлар якуни ҳамда келгуси йилда ҳудудни комплекс ривожлантиришга бағишланган аҳолига мурожаатномалари анъанага айланиб бормоқда.
Навоий вилоят ҳокими в.б. Н.Турсунов Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоятда 2021 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ҳамда 2022 йилда вилоятни комплекс ривожлантириш, аҳолини турмуш даражасини ошириш бўйича энг муҳим йўналиш ва вазифаларга бағишланган мурожаатномаси вилоят ташкилотлари раҳбарлари, фаол ёшлар, тадбиркорлар, журналист ва блогерлар иштирокида ҳокимликнинг facebook расмий саҳифасида ва вилоят телеканалида тўғридан-тўғри очиқ тарзда эфирга берилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Самарқанд филиали мутахассислари томонидан ушбу мурожаатнинг лингвистик контент-таҳлили ўтказилди. Экспертлар тасвирий ифодаловчи сўзлар орқали вилоят ҳокимининг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда кўпроқ эътиборни қайси соҳа ва тармоққа қаратаётганини аниқлашди.
Вилоят ҳокими ўз мурожаатида жами 5424 та сўздан фойдаланган. Фойдаланилган сўзларнинг энг узуни 18 та ҳарф ва ўртача 8-9 та ҳарфни ташкил қилади. Мурожаатномада энг кўп эътибор қаратган йўналиш – бу “аҳоли”, “маҳалла” - 36 марта, “ижтимоий” - 22 марта, “маҳсулот”, “саноат”, “хизмат”, “таълим” - 21 мартадан, “ёшлар” – 20 марта, “дафтар” – 15 марта, “тадбиркор” - 15 марта, “инвестиция” – 13 марта, “электр” - 9 марта, “оилавий” – 9 марта, “ичимлик” – 8 марта, “экспорт” - 4 марта, “импорт” – 1 марта, “туризм” – ишлатилмаган, “газ” – 2 марта.
Вилоят ҳокими “аҳоли” сўзини кўп такрорлаганлигининг сабаби Давлат раҳбарининг жорий йил 6 ноябрда Президентлик лавозимига киришишидаги тантанали маросимда – “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”да асосий урғуни ривожланишимизнинг янги босқичини “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этиш ва “Инсон қадри учун” деган устувор тамойил жорий этилаётганлигидир. Шу аснода амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг асосида вилоят аҳолисига тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни, ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб бериш туради.
“Маҳалла” сўзига эътибор қаратадиган бўлсак вилоятда “Маҳаллабай” ишлаш асосида, ҳар бир туман ва шаҳарда кичик тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланган. Давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиш керак” - деган ташаббуслари ва ҳар доим пастга тушиб, маҳаллабай юриб, халқга яқин бориш, уларни дардини, муаммосини эштиш керак деб таъкидлаганлари вилоят раҳбарлари учун дастури амал ҳисболанади. Вилоят, шаҳар, туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари, ташкилот ва муассаса раҳбарлари томонидан жойларда жорий йилда 35 маротаба самарали сайёр қабуллар, учрашувлар ўтказиб, уларда 890 дан ортиқ масалалар кўтарилган.
Келгуси йилда ҳам бу ишлар давом эттирилиб мажлисларни маҳалланинг ўзида ўтказиб, масалаларни жойида муҳокама қилиш тизими жорий этилади.
“Маҳсулот”, “саноат”, “экспорт”, “хизмат” йўналишлари бўйича жорий йил давомида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 106,2 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 106,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 103,7 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари 103,2 фоизга, хизматлар ҳажми 120,9 фоизга ўсиши ва аҳоли жон бошига нисбатан эса саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2020 йилга нисбатан 4,5 млн сўмга ошиб 66,3 млн сўмни ташкил этиши ёки 107,0 фоизга ўсиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 1,0 млн сўмга ошиб 12,0 млн сўмни (103,4%), чакана савдо айланмаси 1 млн сўмга ошиб 8,8 млн. сўмни (113,6%), хизматлар ҳажми 1,7 млн сўмга ошиб 7,1 млн сўмни (118%) ташкил этиши кутилмоқда.
2022 йилда эса ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 54,8 трлн. сўмни ташкил этиши ва ўсиш суръати 105,6 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 94,7 трлн. сўмга ва ўсиш суръати 107,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 12,7 трлн. сўмга ва ўсиш суръати 102,8 фоизга, қурилиш ишлари 4,7 трлн. сўмга ва ўсиш суръати 104,3 фоизга, хизматлар ҳажми 11,1 трлн сўмга ва ўсиш суръати 150 фоизга ўсишига эришиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, 2022 йилда маҳаллий саноатни ривожлантириш борасида қиймати 5,3 трлн. сўмлик 729 та ҳудудий инвестиция лойиҳалари шакллантирилади, улар ҳисобига 10 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Шулар билан бирга, 2022 йилда 278,5 млн доллар миқдорида инвестициялар ўзлаштирилади. Зарафшон шаҳар, Конимех, Қизилтепа, Навбаҳор ва Учқудуқ туманларида 1 тадан, жами 24 гектар ер майдонида 5 та “Кичик саноат зоналари” ташкил этилиб, зарурий коммуникация тармоқлари билан таъминлаш чоралари кўрилади.
Бюджетга 2811,6 млрд сўмлик тушумлар тушиши, шундан маҳаллий бюджетга 1939,3 млрд сўм тушумлар тушириш ҳамда вилоят ихтиёрига 140 млрд сўм эркин қолдиқ маблағлари қолиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, келгуси 2022 йилда бюджет даромадлари ҳам 3,1 трлн сўм, маҳаллий бюджет даромадлари эса 2,2 трлн сўмга етказилади.
Жорий йилда, ишсизлик даражасини камайтириш борасида 18680 та янги иш ўринлари яратилиб, бандлик дастурининг ижроси 105 фоизга бажарилиши, аҳолининг ишсизлик даражаси йил бошидаги 8,0 фоиздан 6,0 фоизга камайиши кутилмоқда.
2022 йилда 60845 нафар иш ўринларига эҳтиёж кутилмоқда, 60486 нафар аҳоли бандлиги таъминланади 560 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилиб, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва бошқа чора-тадбирлар натижасида келгуси йилда ишсизлик даражасини 5,3 фоизгача пасайтирилишига эришилади.
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурига асосан, жами қиймати 3088,9 млрд сўмлик 1015 та лойиҳалар ишга туширилиб, уларнинг эвазига 8103 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Вилоятда 183,3 млн. долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, 2020 йилга нисбатан 109 фоизга ўсиши, 177,5 млн. долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилиб, унинг ҳажми 127 фоизга ва экспортёр корхонлар сони эса 12 тага ошиши кутилмоқда.
2022 йилда эса маҳаллийлаштириш дастури доирасида лойиҳа қиймати 3052,0 млрд. сўмга тенг бўлган корхоналар томонидан 116 турдаги маҳсулотлар маҳаллийлаштирилиши ҳамда 940,0 млрд. сўмлик импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши, буларнинг ҳисобига 2 500 та янги иш ўринлари яратилиши ҳамда 87,8 млн. доллар миқдорида валюта тежалишига эришиш режалаштирилган.
Жорий йилда "Темир дафтар" га киритилган 19378 та оилага ҳамда "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари"га киритилган жами 48 минг нафардан зиёд фуқароларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилиб, жами ушбу йўналишга маҳаллий бюджетдан 33,7 млрд. сўм маблағ ажратилди.
2021 йил 1 декабрь ҳолатига “темир дафтар”даги эҳтиёжманд оилалар таркибида бўлган меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг 22919 нафари (99,5%) бандлиги таъминланди.
"Ёшлар дафтари" бўйича 2022 йилда 5,0 минг ёшлар тадбиркорликка ўқитилади, “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 6,0 млрд. сўм миқдорида субсидиялар ажратилади. Хотин-қизларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 12 мингга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.
Камбағаллик даражасини қисқартириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида 19377 та эҳтиёжманд оиланинг (19582 та камбағал оилаларга нисбатан) ёки “темир дафтар”даги оилаларнинг 99 фоизи камбағалликдан чиқарилди.
Вилоятда аҳолини турмуш даражасини ошириш мақсадида, жорий йилда 756 км ички йўллар таъмирланиб, 14 фоиз ички йўлларнинг аҳволи яхшиланди, 232 км ичимлик сув тармоғи қурилиб, таъминланганлик даражаси йил бошига нисбатан 66,1 фоиздан 70,4 фоизга етди.
2022 йилда эса 365,2 млрд сўм маблағ ҳисобига 1151 км узунликдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилади. "Обод қишлоқ" дастурлари доирасида 63,0 млрд сўм маблағ эвазига 242,4 км ичимлик сув тармоқлари ҳамда 15 та сув иншоотлари қурилади, 32,7 млрд сўм эвазига "Инвестиция" дастури доирасида 106,3 км ичимлик ва 46 км оқава сув тармоқлари тортилади.
Электр таъминоти бўйича жорий йилда 986,7 км тармоқ ва 210 дона трансформатор пунктлари реконструкция ва модернизация қилинди. Амалга оширилган ишлар натижасида 17 мингдан ортиқ оилалар, 1,5 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъетлари ҳамда 400 дан ортиқ ижтимоий соҳа муассасаларининг электр таъминоти яхшиланди.
2022 йилда эса 974,7 км маънан эскирган электр тармоқларини янгилаш, 253 дона трансформаторларни ҳамда 3 дона подстанцияларни янгидан қуриш ва реконструкция қилиш ишлари учун 187,8 млрд сўм маблағ сарфланади.
Уй-жой билан таъминлаш бўйича ҳам шу йилнинг ўзида 3 минг 629 хонадонли кўп қаватли уйлар қурилди, натижада 15 минг нафардан ортиқ аҳоли уй-жой билан таъминланди.
Ижтимоий соҳа инфратузилмасини яхшилаш мақсадида жорий йил давомида жами 363 та объектларда, жумладан 13 та боғча, 224 та мактаб, 13 та тиббиёт ҳамда 113 та бошқа ижтимоий соҳа муассасаларида қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ушбу мақсадларга 312 млрд сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилди.
Вилоят ҳокимининг мурожаатида “таълим” сўзини кўп маротаба такрорлаганлигини сабаби қўйидагиларда ўз аксини топган, яъни мактабгача таълим соҳасига давлат бюджетидан ажратилаётган маблағ 2021 йилда 257,1 млрд. сўмни ташкил этиб, жорий йилнинг ўзида мактабгача таълим ташкилотлари сони 1151 га етди ва қамров даражаси 87,2 фоизга етказилди.
2022 йил якуни бўйича мактабгача таълим тизимида жами 167 та, хусусан 8 та давлат, 2 та хусусий, 7 та йирик давлат-хусусий шериклик асосидаги ва 150 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини, шунингдек 12 та мобиль ва 51 та бепул бир йиллик мажбурий таълим гуруҳларини ташкил этиш орқали қўшимча 6424 та янги ўрин (қувват)лар яратиш, қамров даражасини қўшимча 6,4 фоизга ошириб, 93,6 фоизга етказиш режалаштирилган.
Умумтаълим мактабларида эса компьютер ускуналари билан таъминланиши ҳамда оптик толали тез Интернет 100 фоизга етказилди, вилоятдаги умумтаълим битирувчиларининг 7,8 минг нафари ёки 61 фоизи олий таълим талабалари бўлишди.
2022 ўқув йилида мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига қамраб олиш кўрсаткичи 63 фоизга етказилади.
Соғлиқни сақлаш тизими бўйича вилоятга 54 нафар хорижлик мутахассислар таклиф қилиниб, улар билан ҳамкорликда 100 дан зиёд мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Тизимга жорий йилда ушбу мақсадлар учун 606,5 млрд сўм ҳамда дори-дармон таъминоти учун 30,4 млрд сўм маблағлар йўналтирилди.
2022 йилда 16 та янги оилавий шифокорлик пункти ҳамда 4 та оилавий поликлиникалар ташкил этилади.
Қишлоқ хўжалиги йўналишида жами 42 та кластерлар фаолият олиб бораётган бўлиб, келгуси йилда улар сони 50 тага етказилади. Жумладан, пахтачилик йўналишида янгидан 4 та кластерлар фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 3,5 минг нафар янги иш ўринлари ташкил этилади. Ғаллачилик йўналишида кластерлар томонидан умумий қиймати 18,5 млрд сўмлик 3 та ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, улар ҳисобидан 100 га яқин иш жойлари ташкил этилади.
2022 йилда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган кластер корхоналари сони яна 4 тага кўпайиб, кластер корхоналари 11 тага етказилади ва 150 нафар янги иш ўринлари яратилади.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш мақсадида келгуси йилда 22 та қишлоқ ва маҳаллалар танлаб олиниб, уларда 326,7 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши кўзда тутилган. Бунда, 361,4 км автомобил йўллари, 242 км ичимлик сув тармоқлари, 24,5 км газ тармоқлари, 364 км электр тармоқлари тортилиши ҳамда 23 та мактаб, 12 та МТТ, 10 та тиббиёт ҳамда 13 та маҳалла бинолари қурилиши ва таъмирланиши режалаштирилган.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида 14,1 млн дона манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари ҳамда қаламчаларини экиш режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш