Қашқадарёда биринчи “Мебель кластери” ва “Мебель академияси”ни ташкил этмоқчиман

Қашқадарёда биринчи “Мебель кластери” ва “Мебель академияси”ни ташкил этмоқчиман

Тадбиркорнинг ташриф қоғози

Таниқли тадбиркор Саломат Комилова 1954 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. 1976 йилда Москва давлат техника институтининг “ёғочга ишлов бериш ва мебель саноатини автоматлаштириш ва комплекс механизациялаш” факультетини тамомлаган.

Дастлаб 1976 йилдан “Қаршииндустрия” бирлашмасида инженер – технолог, сўнгра “Наманганмебель” фабрикасида ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи, кейинчалик “Қаршииндустрия” бирлашмасига қарашли ёғочга ишлов бериш заводида бош инженер-технолог вазифаларида фаолият юритган.

У таъсис қилган “Қаршимебель” масъулияти чекланган жамияти Қашқадарё вилоятида мебелсозлик саноатига асос солган биринчи ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланади. Бу ерда кўп турдаги юмшоқ ва қаттиқ мебель жиҳозлари, сифатли ва замонавий ошхона, меҳмонхона, ётоқхона мебеллари ишлаб чиқарилади.

“Қаршимебель” МЧЖга Туркия, Германия ва Хитой давлатларидан лазерли темир кесадиган ва пайвандлайдиган янги авлод техника ва технологиялари олиб келинган.

Саломат Комилова республика ва вилоят миқёсида ўтказилган кўплаб кўрик-танловларнинг ғолиби бўлган. У 2011 ва 2014 йилларда “Ташаббус” кўрик-танловида вилоятда 1-ўринни эгаллади ва республика босқичида “Энг саховатли тадбиркор” номинациясини қўлга киритди. 2016 йилда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва Республика Марказий банки томонидан таъсис этилган “Энг яхши бизнес лойиҳа” республика кўрик -танлови, 2019 йилда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган кўрик-танловнинг “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли” номинацияси бўйича вилоят ва республика, 2024 йилда “Йилнинг энг яхши иш берувчи тадбиркор аёли” номинацияси ғолиби бўлди.

2015 йилда “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.

У Наманган ва Қашқадарё вилоятларида маҳаллий саноат тизимида раҳбар бўлиб ишлаган раҳматли турмуш ўртоғи Ҳамиджон ака Комилов билан биргаликда 4 нафар фарзанд ва 12 нафар набирани тарбиялашди.

С. Комилова вилоят ва шаҳар кенгашлари депутати сифатида ҳам вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожига муҳим ҳисса қўшиб келмоқда.

– Тадбиркорлик учун нега айнан мебелсозлик соҳасини танлагансиз? Шу ҳақида гапириб берсангиз.

Менинг мебелсозлик соҳасини танлаганим шунчаки тасодиф ёки шунчаки бизнес қилиш иштиёқи бўлмаган. Бунинг ортида катта профессионал пойдевор ва давр тақозоси ётибди. Ўша пайтда менда иккита катта куч бор эди: биринчиси – қўлимдаги технологик билим ва касбий ишонч, иккинчиси – аёл кишига хос бўлган уй шинамлигини яратиш иштиёқи.

Мен Москвада айнан шу соҳа бўйича муҳандис-технолог мутахассислигига ўқиганман. Мебель саноатининг барча жабҳалари: хомашё сифатидан бошлаб, дастгоҳлар иши, ишлаб чиқариш занжири ва технологик жараёнларгача пухта ўрганганман.

1976 йил ўқишни тугатиб, юртимизга қайтганман, мебелсозлик саноати корхоналарида ишлаганман ва тажриба орттирганман.

Мустақилликнинг илк йиллари иқтисодий жиҳатдан жуда мураккаб ва қийин кечди. Ишсизлик юқори, тизимлар эса қайта шаклланаётган эди. Эски давлат корхоналари тўхтаб қолган бир пайтда, хусусий секторга, айниқса, маҳаллий ишлаб чиқаришга талаб ортиб бораётган эди.

Ўшанда, 90-йиллар бошларида Эрон, Хитой, Россия, Ҳиндистон каби давлатларга ташриф буюриб, мебель бозорларини ўргандим. Мен хориждан қиммат мебель олиб келишдан кўра, ўзимизда, маҳаллий ишчи кучи ва хомашё билан юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкинлигини муҳандис сифатида аниқ кўра олдим.

Аввалига кўпчилик “Аёл киши, бунинг устига шундай оғир инқироз даврида, нега айнан эркаклар касби ҳисобланган мебелсозликка киришяпти?” деб ҳайрон бўлган. Ўша даврда аёл раҳбар сифатида оғир саноат ёки ишлаб чиқаришда ишлаши кўпчиликда шубҳа уйғотарди. Сизни жиддий қабул қилишлари учун эркакларга қараганда анча кўпроқ меҳнат қилишингиз, соҳани мукаммал билишингиз керак эди.

Албатта, аёл раҳбар сифатида ўша қийин йилларда цехларни бошқариш, дастгоҳлар тилини тушуниш ва эркак усталар билан тил топишиш осон бўлмаган. Бироқ соҳани ипидан-игнасигача билишим, технологик жараёнларни жуда яхши тушунишим менга катта устунлик берди. Мени нафақат раҳбар, балки ўз ишининг профессионал устаси сифатида ҳурмат қила бошлашди.

Мебелсозлик мен учун шунчаки техник жараён эмас. Бу – аёл кишининг нафис диди, ижодкорлиги ва муҳандислик аниқлигининг гўзал уйғунлигидир. Биз ўша оғир йилларда кичик бир цехдан бошлаб, бугунги йирик ишлаб чиқариш даражасигача етиб келдик.

Бугун орқага қараб, ўша қийинчиликларга тўла йилларда тўғри йўл танлаганимга яна бир бор иқрор бўламан. Бу соҳа менга қатъиятни, инқирозлардан қўрқмасликни ва энг муҳими – инсонлар ҳаётини гўзаллаштиришдан завқ олишни ўргатди.

Сиз Қашқадарё вилоятида биринчи мебель корхонасини ташкил қилгансиз, яъни вилоятда шу тармоқ пайдо бўлишига асос солгансиз. Бу қандай юз берган?

Мустақилликнинг илк йилларида Қашқадарёда мебель саноати деган тушунчанинг ўзи йўқ эди. Тахтага қайта ишлов бериш корхонаси бўларди, холос. Уларнинг фаолияти асосан қурилиш соҳасида, хусусан кўп хонадонли уйлар учун эшик, ром, шифт ва пол учун қопламалар ишлаб чиқариш эди.

Вилоят аҳолиси эса мебелни асосан Тошкентдан ёки хориждан жуда қиммат нархга олиб келишарди. Қашқадарёдек катта ва салоҳиятли воҳада биринчи мебель корхонасига асос солиш масъулияти айнан мендек аёл кишининг зиммасига тушди.

Москвада олган олий маълумотим, муҳандис-технолог сифатидаги билимларим, мебелсозлик саноатидаги тажрибам ишлаб чиқаришни қандай ташкил қилишни аниқ кўрсатиб турарди.

Лекин вилоятда бу соҳани мутлақо нолдан бошлаш керак эди. На тайёр хомашё базаси, на замонавий дастгоҳлар ва энг ёмони, соҳани тушунадиган тайёр мутахассислар бор эди. Эсимда, илк фаолият бошлаган йилларимизда мен нафақат раҳбарлик қилганман, балки цехда маҳаллий йигитларга ёғочга ишлов бериш, технология сирлари ва чизмалар билан ишлашни ҳам ўзим ўргатганман. Маҳаллий кадрларни тайёрлайдиган биринчи “устоз-шогирд” мактабини ҳам мана шу цехда ташкил қилдик.

Ҳаммаси 1995 йилнинг бошида бошланди. Шу йили Қарши шаҳрида мебель ишлаб чиқарадиган дастлабки корхона – “Мебель” фабрикасини батамом нолдан ташкил этишга бел боғладим. Бошида бор-йўғи 9 нафар ишчи билан ишга киришдик. Бу 9 нафар – менинг биринчи жамоам, мебелсозлик мактабимизнинг тамал тошини қўйган инсонлардир.

Ўша пайтда кўпчилик менга шубҳа билан қараган, “Қашқадарёда мебель ишлаб чиқариб бўларканми?” – дейишган. Бироқ биз ишимизни тўхтатмадик. Биринчи маҳсулотларимизни тайёрлаб чиқарганимизда уларни сотиш ниҳоятда қийин кечди.

Биз учун ўша оғир йилларнинг ҳақиқий халоскори вилоятимиздаги совхозлардан бири бўлди. Совхоз раҳбарияти бизга катта ҳажмдаги мебель буюртма берди: идоравий жиҳозлар, ишчилар учун ётоқхона мебели, ошхона жамланмалари. Шартномани бартер усулида – мол айирбошлаш йўли билан тузишга келишдик. Биз мебель етказиб бердик, совхоз эса ўз навбатида бизга ўзининг етиштирган маҳсулотлари билан ҳисоблашди. Шу қийинчиликлар орасида биз тажриба орттирдик, бозорни ўргандик, корхонамизни оёққа турғаздик.

2003 йилда корхона ривожида ҳақиқий бурилиш юз берди. Яъни шу йили корхонага Хитой Халқ Республикасидан замонавий технологиялар олиб олиб келдик. Мавжуд технологиялар тубдан модернизация қилиниб, корхона қайта жиҳозланди. Ёғочни кесиш ва ишлов бериш, мебель ишлаб чиқариш ва йиғув, пардозлаш (бўяш ва силлиқлаш), пайвандлаш, тикувчилик цехлари ишга туширилди. Натижада корхона замонавийлашди, унда янги иш ўринлари яратилди, ишлаб чиқариш суръати ошди, маҳсулот сифати яхшиланди, ишчи-хизматчиларнинг моддий манфаатдорлиги таъминланди. Дастлаб 9 нафар ишчи фаолият бошлаган фабрикада 95 киши ишлай бошлади.

Биз нафақат вилоятда биринчи мебель корхонасини очдик, балки Қашқадарёда саноатнинг бутун бошли янги бир тармоғи пайдо бўлишига асос солдик. Бугун воҳада мебель ишлаб чиқарувчилар кўпайганини кўриб фахрланаман, чунки уларнинг барчаси биз очган ўша биринчи йўлдан кетишмоқда.

Бизнесингизнинг ҳозирги куни ҳақида ахборот беринг. Қандай маҳсулотлар ишлаб чиқарасиз? Уларни қаерларда сотасиз? Қандай лойиҳаларни амалга оширдингиз, улар вилоятга ва истеъмолчиларга нима берди?

Бугунги кунда бизнинг корхонамиз замонавий ва юқори технологияли йирик ишлаб чиқариш мажмуасига айланди. Замонавий трендлар ва янги технологиялар асосида маҳсулотларимиз сифати ва турини кескин кенгайтирдик.

Ҳозирда биз харидорларга мебель маҳсулотларининг жуда кенг ассортиментини таклиф этяпмиз. Ишлаб чиқаришимиз бир нечта йўналишни қамраб олган:

– хонадонлар учун премиум ва шинам мебеллар: юқори сифатли ошхона тўпламлари, юмшоқ мебеллар, ётоқхона ва меҳмонхона гарнитурлари;

– бизнес ва идоралар учун мебеллар: замонавий офис столлари, креслолар, қабулхона мебеллари ва конференция заллари учун махсус тўпламлар;

– ижтимоий соҳа мебеллари: мактаблар, боғчалар ва тиббиёт муассасалари учун экологик тоза, хавфсиз ва эргономик мебеллар.

Умуман олганда 350 турдаги мебель маҳсулотини ишлаб чиқарамиз. Маҳсулотларимиз нафақат Қашқадарё воҳасида, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам сотилмоқда. Шунингдек, йирик корпоратив буюртмачилар билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида ишлаймиз. Марказий Осиё давлатларига маҳсулот экспортини йўлга қўйиш устида ҳам фаол иш олиб боряпмиз.

Йиллар давомида биз вилоятимиз учун ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга молик кўплаб йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этдик. Вилоятдаги янги қурилган замонавий мактаблар, давлат ташкилотлари, банк филиаллари, тиббиёт муассасалари ва йирик меҳмонхоналарни тўлиқ маҳаллий мебеллар билан жиҳозлаш лойиҳаларини муваффақиятли якунладик.

Бу лойиҳалар вилоятимизга ва истеъмолчиларга жуда кўп нарсани берди. Жумладан, илгари хориждан қиммат нархда олиб келинадиган сифатли мебелларни вилоятнинг ўзида, анча ҳамёнбоп нархларда ишлаб чиқариб, маҳаллий бюджет ва аҳоли маблағларини тежашга эришдик.

Корхонамиз кенгайиши ҳисобига юзлаб маҳаллий ёшлар ва хотин-қизларни доимий, яхши даромадли иш билан таъминладик. Уларга замонавий рақамли дастгоҳларда ишлаш технологиясини ўргатдик.

Маҳсулотларимиз бевосита вилоятнинг ўзида ишлаб чиқарилгани учун, харидорларимизга узоқ йиллик кафолат ва тезкор сервис хизматини тақдим эта оламиз.

Бизнинг бош мақсадимиз – вилоятимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар брендини республика ва халқаро миқёсда янада юқори даражага олиб чиқишдир.

Мамлакатимизда мебель корхоналари жуда кўп. Рақобатда ютиб чиқиш учун маҳсулот сифатли ва арзон бўлиши керак. Бунга қандай эришяпсиз?

Бугунги кунда бозорда рақобат ҳақиқатдан ҳам жуда кучли. Бундай муҳитда нафақат яшаб қолиш, балки етакчи бўлиш учун маҳсулотнинг сифатли ва арзон бўлишини таъминлаш ҳар бир ишлаб чиқарувчининг энг бош мақсадидир.

Бу мувозанатга шунчаки маҳсулот устига қўйиладиган фойдани камайтириш ҳисобига эмас, балки илмий ёндашув ва ишлаб чиқаришни тўғри ташкил этиш орқали эришамиз. Бизнинг сирларимиз қуйидагилардан иборат:

1.Ишлаб чиқаришни тўлиқ автоматлаштириш. Инсон омили ва қўл меҳнати қанчалик кўп бўлса, хатолик эҳтимоли шунчалик юқори ва жараён секин бўлади. Биз цехларимизни Германия, Хитой ва Италиянинг энг замонавий, компьютерлаштирилган дастгоҳлари билан жиҳозлаганмиз. Рақамли дастур асосида ишлайдиган бу ускуналар хомашёни миллиметригача аниқликда кесади ва ишлов беради. Бу бизга маҳсулот сифатини юқори даражага кўтариш, ишлаб чиқариш тезлигини ошириш, вақтни тежаш ва таннархни тушириш имконини яратади.

  1. Чиқиндисиз технология. Мебель таннархини оширадиган энг катта омиллардан бири, бу хомашёнинг исроф бўлишидир. Биз корхонамизда махсус компьютер дастурлари ёрдамида ламинат ёки ёғоч плиталарини энг оптимал усулда бичишни йўлга қўйганмиз. Чиқинди миқдори минимал даражага туширилган.

Ҳатто қолган кичик ёғоч қириндилари ва бўлакларини ҳам қайта ишлаб, иситиш ёки бошқа мақсадларда ишлатамиз. Чиқинди камайгани сари маҳсулотнинг таннархи ҳам арзонлашади.

  1. Хомашёни тўғридан-тўғри харид қилиш. Биз бозордаги воситачилардан воз кечганмиз. Мебель учун зарур бўлган фурнитуралар, матолар ва асосий хомашёларни йирик ишлаб чиқарувчи заводларнинг ўзидан, тўғридан-тўғри ва улгуржи тарзда сотиб оламиз. Бу материаллар нархини анча арзонлаштиради ва натижада тайёр мебелларимиз харидор учун ҳамёнбоп бўлади.
  2. Профессионал касбий маҳорат ва назорат. Ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичида техник назоратни жуда қаттиқ қўйганмиз. Корхонамизда “Сифат назорати бўлими” мавжуд бўлиб, улар ҳар бир детални харидорга етиб боришидан олдин текширувдан ўтказади. Сифатли хомашё ва юқори технология тўғри бирлашганда, маҳсулот йиллар давомида ўз қиёфасини йўқотмайди. 2011 йилда корхона жамоаси сифат бўйича халқаро ISO-9001 сертификатига эга бўлди.

Қисқача айтганда, биз сифатдан воз кечмаган ҳолда, замонавий технологиялар ва оқилона менежмент эвазига харажатларни қисқартирамиз. Шунинг учун ҳам маҳсулотларимиз ҳамёнбоп ва рақобатдошдир.

Бизнесингизга мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган қандай имтиёзлар, қўллаб-қувватлаш ва яратилган шароитлар ёрдам берди?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликка, айниқса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хотин-қизлар бизнесига кўрсатилаётган эътибор биз каби корхоналарнинг ривожланишида жуда катта бурилиш ясади. Мустақилликнинг илк йилларидаги шароит билан бугунги кундаги имкониятларни солиштирсак, фарқи ер билан осмонча. Корхонамизнинг янги босқичга чиқишида давлатимиз томонидан яратилган қуйидаги тизимли имтиёзлар ва шароитлар энг асосий туртки бўлди:

  1. Маҳаллийлаштириш дастурлари. Мебель саноати маҳаллийлаштириш дастурига киритилгани бизга жуда катта имконият берди. Давлат харидлари тизимидаги шаффофлик маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун алоҳида имкониятларни ато этмоқда. Жумладан, вилоятимиздаги мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва давлат идораларини жиҳозлаш бўйича ўтказилган тендерларда маҳаллий корхона сифатида иштирок этиб, ғолиб бўляпмиз. Бу бизни доимий ва йирик буюртмалар ҳажми билан таъминлайди.
  2. Божхона ва солиқ имтиёзлари. Биз ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш учун хориждан олиб келадиган юқори технологияли дастгоҳлар ва ускуналар божхона божларидан озод этилган. Шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган, мебель саноати учун зарур бўлган айрим хомашё ва фурнитураларни олиб киришда берилган тариф имтиёзлари маҳсулотларимиз таннархини пасайтиришга ва бозорда арзон нархни сақлаб қолишимизга тўғридан-тўғри ёрдам беряпти.
  3. Имтиёзли кредитлар ва молиявий қўллаб-қувватлаш. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва айланма маблағларни кўпайтириш учун Тадбиркорликни ривожлантириш жамғармалари ва банклар томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар айни муддао бўлди. Бу маблағлар эвазига биз янги цехларни қурдик, ишлаб чиқариш қувватларини оширдик ва қўшимча иш ўринлари яратдик.
  4. Хотин-қизлар тадбиркорлигига алоҳида эътибор. Бугунги кунда аёллар бизнесини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Аёл раҳбар сифатида турли грантлар, субсидиялар ва бизнесни ривожлантириш дастурларида иштирок этиш имкониятига эга бўлдим. Бу нафақат молиявий, балки маънавий жиҳатдан ҳам катта далда бўлди ва корхонамизда хотин-қизларни иш билан таъминлаш кўламини кенгайтиришимизга йўл очди.
  5. Текширишлар камайгани ва бюрократияга чек қўйилгани. Илгари тадбиркор вақтининг кўп қисми турли назорат органлари билан мулоқот қилишга кетарди. Ҳозирда текширишларга эълон қилинган мораторийлар ва барча жараёнларнинг рақамлаштирилгани (электрон солиқ, электрон божхона) туфайли бор эътиборимизни фақат ишлаб чиқаришга, сифатни оширишга ва янги иш ўринлари яратишга қаратяпмиз.
  6. Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар тизими. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлар билан очиқ ва бевосита мулоқотлар йўлга қўйилгани биз каби ишбилармонлар учун жуда катта ёрдам бермоқда. Ҳар йили муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказиладиган учрашув ва видеоселектор йиғилишларида тадбиркорларнинг муаммолари бевосита эшитилмоқда, ҳар бир таклифга жавоб берилмоқда ва шу мулоқотлар якунида янги қарорлар, янги имтиёзлар эълон қилинмоқда.

Мен ўз навбатида ҳар йили ушбу учрашувларда иштирок этишга ҳаракат қилиб келаман. Бундай учрашувлар натижасида солиқ ва божхона имтиёзлари, имтиёзли кредитлар, янги дастурлар ҳақида биринчи манбадан хабардор бўламиз. Бу фақат ахборот эмас, балки тадбиркорнинг ишига бўлган ишонч, давлат билан тадбиркор ўртасидаги тенг ҳамкорликнинг рамзидир. Ҳар сафар бундай учрашувлардан янги режа, янги илҳом, янги имкониятлар билан қайтамиз. Бу – давлат сиёсатининг тадбиркорликка бўлган чин эътиборининг яққол ифодаси, дея оламан.

Қисқача айтганда, давлат томонидан яратилган бу шароитлар бизга келажакка ишонч билан қараш, таваккал қилиш ва маҳаллий брендларни юқори даражага олиб чиқиш учун қанот бўлмоқда.

Сиз нечта иш ўрни яратдингиз? Жумладан, жамоангизда қанча одам ишлайди ва даромад даражаси қандай? Уларга бошқа ёрдамлар ҳам кўрсатасизми?

Табиийки, корхонамиз ривожланиб боргани сари менинг зиммамдаги энг катта масъулият – бу янги иш ўринлари яратиш ва воҳадошларимизни доимий иш билан таъминлаш бўлди. Мустақилликнинг илк йилларида бир нечта ишчи билан бошланган кичик устахонамиз бугунги кунга келиб йирик жамоага айланди.

Ҳозирги кунда корхонамизда 95 нафардан зиёд маҳаллий аҳоли вакили доимий иш ўрнига эга. Уларнинг орасида тажрибали мебель усталари, муҳандис-дизайнерлар, замонавий рақамли дастгоҳ (ЧПУ) операторлари, юристлар ва иқтисодчилар бор.

Аёл раҳбар сифатида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратаман – жамоамизнинг қарийб 30 фоизини аёллар ташкил этади, қолаверса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларини ҳам иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратганмиз. Улар асосан мебель дизайни, матолар билан ишлаш, тикувчилик ва ҳисоб-китоб, менежмент йўналишларида фаолият юритишади.

Бизда меҳнатга ҳақ тўлаш тизими бозор талабларига тўлиқ жавоб беради ва ходимнинг малакаси ҳамда бажарган иш ҳажмига асосланади. Ишчиларимизнинг ўртача ойлик маоши 4 миллиондан 7 миллион сўмгача. Юқори малакали муҳандисларимиз ва мураккаб дастгоҳ операторларимиз ундан ҳам кўпроқ даромад олишади.

Энг муҳими, маошлар ўз вақтида берилади ва бизда ходимларни моддий рағбатлантириш, яъни режа бажарилганда бериладиган мукофот (бонус) тизими жуда яхши йўлга қўйилган.

Биз фақат маош бериш билан чекланиб қолмаймиз. Мен учун ҳар бир ишчи – менинг оилам аъзосидек гап. Уларнинг ижтимоий ҳимояси учун бир қатор тизимли ёрдамларни ташкил қилганмиз. Жумладан, ишчиларимиз учун цехнинг ўзида шинам ошхона ташкил этилган бўлиб, ҳар куни сифатли иссиқ овқат билан бепул таъминланади. “Устоз-шогирд” мактаби ва бепул таълим мавжуд. Соҳага қизиққан, лекин ҳунари йўқ ёшларни ишга қабул қилиб, уларга мебель сирларини мутлақо бепул ўргатамиз.

Оиласида тўй-маърака бўлган, фарзанди талаба бўлган ёки соғлиғида муаммоси бор ишчиларимизга корхона ҳисобидан моддий ёрдамлар ажратилади.

Мен доим бир гапни такрорлайман: ходим ишга келаётганда уйидаги муаммоларни ўйламай, фақат ҳалол меҳнат қилиш ва сифатли маҳсулот яратиш ҳақида қайғуриши керак. Унинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш эса - раҳбар сифатида менинг бурчимдир. Жамоамизнинг фаровонлиги – корхонамиз баракасининг бош сиридир.

Бизнесингизнинг ижтимоий аҳамияти борми ва у қандай? Яъни ҳудудингизда яшаётган эҳтиёжманд оилаларни ҳам қўллаб-қувватлайсизми?

Бизнеснинг ижтимоий аҳамияти – бу менинг нафақат раҳбарлик, балки инсонийлик ва оналик бурчимдир. Тадбиркорлик шунчаки фойда кўриш эмас, балки атрофингдаги одамларнинг оғирини енгил қилиш, жамиятга наф келтириш демакдир. Ҳар куни лоақал биргина бахти кемтик инсон қалбига малҳам бўлиш – аётимнинг бош шиори. Айниқса, мустақилликнинг илк йилларидаги етишмовчиликларни ўз кўзи билан кўрган аёл сифатида, мен бугун муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишнинг қадрини жуда яхши биламан.

Маҳалламиз ва ҳудудимиздаги эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидаги тизимли ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириб келамиз:

  1. “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дагиларни иш билан таъминлаш. Биз маҳаллий ҳокимлик ва маҳалла раислари билан доимий алоқада бўлиб турамиз. Ҳудудимиздаги боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд ёки ишсиз аёлларни, шунингдек, бандлиги таъминланмаган ёшларни корхонамизга жалб қиламиз. Биз уларни нафақат ишга оламиз, балки “устоз-шогирд” анъанаси асосида мутлақо бепул ҳунарга ўргатамиз. Бу уларга вақтинчалик ёрдам эмас, балки бутун умр боқадиган доимий даромад манбаини беради.
  2. Эҳтиёжманд оилалар хонадонларини бепул жиҳозлаш. Биз ҳар йили корхонамиз фойдасидан алоҳида маблағ ажратиб, ҳудудимиздаги кам таъминланган, ногиронлиги бор аъзоси бўлган ёки чин етим болаларни тарбиялаётган оилаларга моддий ва амалий кўмак берамиз. Масалан, янги рўзғор қураётган, лекин шароити оғир бўлган оилаларнинг қизларига келинлик мебелларини совға сифатида тайёрлаб берамиз. Имконияти чекланган ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари уйда дарс қилишлари учун уларга махсус парта, стол-стуллар ва китоб жавонларини бепул етказиб, ўрнатиб берамиз.
  3. Хайрия тадбирлари ва маҳалла инфратузилмаси. Барча байрамларимиз – Янги Йил, Мустақиллик, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, Наврўз айёми кунларида маҳалламиздаги кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш биз учун анъанага айланган. Шунингдек, ҳудудимиздаги мактаб ёки боғчаларнинг мебель жиҳозлари эскириб, таъмирталаб бўлиб қолган бўлса, уларни ўз ҳисобимиздан янгилаб ёки таъмирлаб беришни ҳам ўзимизнинг ижтимоий масъулиятимиз деб биламиз.

Менинг энг катта мақсадим – Қашқадарёда фақат мебель сотиб пул топиш эмас, балки мана шу воҳа одамларининг дуосини олиш, уларнинг ҳаётига гўзаллик ва илиқлик олиб киришдир. Бизнеснинг ҳақиқий баракаси ҳам мана шу хайрли ишларнинг ортидан келади, деб ишонаман.

Жуда кўп шогирд тайёрлабсиз. Бунга қандай эришдингиз ва шогирдларингиз қаерларда ишлашяпти?

Бу савол тадбиркор сифатидаги фаолиятимнинг энг фахрли қисмидир. Муҳандис-технолог сифатида олган билимларимни ўз вақтида фақат ўзим учун ишлатганимда, бугун бундай катта натижаларга эриша олмаган бўлардик. Саноатда кадрлар тайёрлаш дегани бутун бошли мактаб яратиш демакдир.

Ҳа, тўғри айтдингиз, йиллар давомида юзлаб шогирдлар тайёрладим ва мен буни ўз бизнесимнинг энг катта бойлиги деб биламан. Илк иш бошлаган йилларимизда Қашқадарёда тайёр мебель мутахассислари умуман йўқ эди. Шу сабабли, мен мажбурликдан ва айни пайтда соҳага бўлган муҳаббатим туфайли корхонамиз қошида “Устоз-шогирд” мактабини ташкил қилганман. Бу мактабда ёшлар учун ўқувлар ташкил этиб, мебель саноатига оид янгиликлар, инновацион технологиялар, замонавий бутловчи буюмлар ва янги атамаларни қўллаш бўйича машғулотлар ўтказиб келаман.

Менинг мактабимни ўтаган йигит-қизлар бугун нафақат бизнинг корхонамизда, балки жуда кўп жойларда муваффақиятли фаолият юритишмоқда. Қолаверса, заводимиздаги энг масъулиятли лавозимларни, цех раҳбарлигини, бош технолог ва дизайнерлик вазифаларини айнан ўзимиз тарбиялаган шогирдларимиз эгаллаб туришибди.

Сиз келгусида қандай лойиҳаларни ишлаб чиқяпсиз ёки режалаштиряпсиз? 2025 ва 2030 йилларга мўлжалланган ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мебелсозликни ривожлантириш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар режаларингизга қандай таъсир қилади?

Мамлакатимизда қабул қилинган стратегиялар, хусусан, 2030 йилгача мўлжалланган ривожланиш дастурлари ва мебелсозлик соҳасини саноат даражасига олиб чиқиш бўйича белгиланган тизимли ислоҳотлар бизнинг режаларимиз учун энг асосий йўл харитаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда давлатимиз томонидан мебелсозлик кластерларини ташкил этиш, маҳаллий хомашё базасини мустаҳкамлаш ва экспортни рағбатлантириш борасида яратилаётган шароитлар бизнинг 2026-2030 йилларга мўлжалланган истиқболли лойиҳаларимизга жуда катта ижобий таъсир кўрсатди. Келажакдаги бош мақсадларимиз ва янги лойиҳаларимиз қуйидагилардан иборат:

  1. Қашқадарёда биринчи “Мебель кластери”ни ташкил этиш. Давлатимизнинг соҳани кластерлаштириш сиёсатидан руҳланиб, биз Қашқадарё вилоятида тўлиқ занжирли йирик мебель кластерини ташкил этишни режалаштиряпмиз. Бу лойиҳа доирасида хомашёни қайта ишлаш, фурнитура ишлаб чиқариш, дизайн маркази ва тайёр маҳсулотни йиғиш цехлари бир жойда жамланади. Бу вилоятда маҳсулот таннархини яна 20-25 фоизга арзонлаштириш ва юзлаб янги иш ўрни яратиш имконини беради.
  2. Рақамли технологиялар ва “Ақлли мебель” ишлаб чиқариш. 2030 йилгача бўлган даврда истеъмолчиларнинг талаби сезиларли даражада ўзгаради. Биз ишлаб чиқаришга сунъий интеллект ва рақамли технологияларни (Industry 4.0) янада чуқурроқ олиб кирмоқчимиз. Режаларимиздан бири – замонавий ва кичик ҳажмли хонадонлар учун трансформер мебеллар ҳамда симсиз қувватлагичлар ва ақлли тизимлар билан жиҳозланган “Smart” мебеллар линиясини йўлга қўйишдир. Инженер-технолог сифатида бу лойиҳаларни шахсан ўзим лойиҳалаштиряпман.
  3. Экспорт бозорига чиқиш. Ислоҳотлар доирасида маҳаллий брендларнинг халқаро бозорга чиқиши учун транспорт ва логистика харажатларини субсидиялаш тизими жорий этилди. Бу имкониятдан фойдаланиб, биз 2026-2030 йиллар давомида маҳсулотларимизни қўшни Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон бозорларига барқарор экспорт қилишни мақсад қилганмиз. Маҳсулотларимиз “Made in Uzbekistan” бренди остида хорижда ҳам ўз ўрнига эга бўлади.
  4. Яшил иқтисодиёт ва экологик тоза маҳсулотлар. Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил технологияларга ўтиш бўйича катта қадамлар ташланмоқда. Биз ҳам ўз навбатимизда ишлаб чиқаришда фақат экологик тоза, инсон соғлиғи учун мутлақо хавфсиз бўлган (Е1 стандартларига жавоб берадиган) хомашё ва бўёқлардан фойдаланишни тўлиқ йўлга қўймоқчимиз. Чиқиндиларни қайта ишлаш қувватини эса 100 фоизга етказамиз.
  5. “Мебель академияси”. Шогирд тайёрлаш бўйича кўп йиллик тажрибамга таянган ҳолда, корхонамиз қошидаги “Устоз-шогирд” мактабини замонавий “Мебель академияси”га айлантирмоқчиман. Бу ерда ёшларга нафақат мебель ясаш, балки 3D моделлаштириш, дизайн ва замонавий дастгоҳларни дастурлашни профессионал даражада ўргатамиз.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз томонидан олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар биз каби тадбиркорларга куч ва ишонч бермоқда. Биз яратилган бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, Қашқадарё вилоятини республикамизнинг энг йирик мебель саноати марказларидан бирига айлантириш учун бор билим ва тажрибамизни ишга соламиз.

Ёш тадбиркорларга, айниқса, ўз йўлини топишга ҳаракат қилаётган хотин-қизларимизга айтадиган энг муҳим олтин қоидам битта: ҳеч қачон инқироз ва қийинчиликлардан қўрқманг, чунки энг мустаҳкам пойдевор айнан машаққатлар ичида қурилади. Ўз билимингизга ишонинг ва касбингизнинг ҳақиқий профессионали бўлинг, шунда муваффақиятнинг ўзи сизни қидириб келади!

Одил Олимжонов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

"Иқтисодий шарҳ" журнали №7/2026

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар