Тадбиркорнинг ташриф қоғози
Таниқли тадбиркор Наргиза Бекмуродова 1983 йил 11 январда Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида туғилган. 2006 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2001 йили Янгиариқ тумани Алишер Навоий номли ўрта мактаб котибаси лавозимидан бошлаган. 2004-2016 йилларда “Юнайтед Индастриз” шўъба корхонасида омбор бошлиғи, “Зерихгеран Люкс” МЧЖда кассир, “Зафко ЛТД” ҚКда маркетинг бўйича инженер, “Сановел Илаж Санайи ве Тижарет АШ” ваколатхонасида таржимон, “Бест Мода текстиль” МЧЖда ходимлар бўлими бошлиғи, “BF textile Production” МЧЖда режалаштириш бўлими менежери, “Fresh Style” МЧЖда бош директор ўринбосари, “Handsel group” МЧЖда директор, “Elegant garment textile” МЧЖда бош директор вазифаларида ишлаб, катта тажриба тўплаган.
2022 йилда “ARTATEX” МЧЖни таъсис этган ва бош директор бўлган. 2024 йили “Lime textile” МЧЖни ташкил қилиб, ҳозиргача ушбу МЧЖ бош директори лавозимида ишлаб келмоқда.
Турмуш ўртоғи Жалолиддин Ниязметов Наргиза Бекмуродованинг барча жабҳада қўллаб-қувватлайди. Улар биргаликда бир ўғилни тарбиялашмоқда. Ўғиллари Бобур ўрта мактабнинг 8-синфини тамомлади.
Тадбиркорликни ривожлантиришда эришган натижалари учун Наргиза Улуғбековна қатор мукофотлар билан тақдирланган. Жумладан, у “Шуҳрат” медали, “Меҳр ва саховат” кўкрак нишони, “Энг кўп иш жойлари яратган тадбиркор” номинацияси бўйича Президент ташаккурномаси, “Йил аёли-2025” миллий танлови 2-ўрин соҳибаси, туркий давлатлар ўртасидаги “Энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор аёл” номинацияси ғолиби каби эътирофларга сазовор бўлган.
– Сиз Хоразмда туғилгансиз. Лекин меҳнат фаолиятингизнинг катта қисми Тошкентда ўтган. У ерда йирик тўқимачилик корхоналарида корхона директори лавозимигача кўтарилгансиз. Мана шулар ҳақида гапириб беринг.
– Мен 1983 йилда Хоразмда зиёлилар оиласида туғилганман. Оилада 5 та қизнинг ичида тўнғич фарзанд бўлганман. Ёшлигимдан сингилларим учун ҳам масъулиятни ўз зиммамга олишга ҳаракат қилардим.
Оиламизда ҳеч ким тадбиркорлик билан шуғулланмаган бўлса-да, бу соҳага қизиқиш менда жуда эрта уйғонган. Бошланғич синфда ўқиб юрган кезларим дўкондан бир китобча сотиб олгандим. Унга ҳавас қилган синфдошларим доимо мендан китоб топиб беришимни сўрашарди. Эҳтимол, шунинг таъсиридир, болалик чоғларимдаёқ китоб савдоси билан шуғуллана бошладим.
Йиллар ўтиб, улғайганим сари инглиз тилига бўлган кучли қизиқишим сабабли етук таржимон бўлишни орзу қилганман. Бу мақсад мени 2002 йилда Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига етаклаб келди. Ушбу олий таълим даргоҳини муваффақиятли тамомлагач, ўз иш фаолиятимни пойтахтда давом эттирдим.
2000 йиллар ўзига хос давр бўлган. Юртимиз ривожланиш сари юз тутаётган кезлар. Давлатимиз томонидан барча соҳалар сингари тўқимачилик саноатини ривожлантириш борасида ҳам дастурлар қабул қилинди. Чет эллик инвесторлар билан ҳамкорликда ҳудудларда тикув-трикотаж фабрикалари фаолияти йўлга қўйила бошланди. Албатта, инвесторлар билан мулоқот олиб боришда таржимон мутахассисларга эҳтиёж туғилди. Шундай корхоналардан бирига таржимон сифатида ишга кирдим. Фаолиятим давомида соҳани чуқур ўргандим. Ишлаб чиқариш жараёнларида фаол қатнашдим. Тажрибам ошди. Менга ишонч билдиришиб, ишлаб чиқариш корхоналаридан бирига директор ўринбосари лавозимига ишга тайинлашди. Шу даврда менда мустақил ишлаш имконияти пайдо бўлиб, ўзимнинг бизнесимни бошлаш ғояси туғилди. 2014 йилда Тошкентда трикотаж кийимлар дўконини очдим. Ишларим юришиб, уларнинг сонини 10 тага етказдим. Барча ишларимда турмуш ўртоғим мени ҳамиша қўллаб-қувватлаб келди. Ундан ҳамиша миннатдорман.
– Тошкентда муваффақиятли тадбиркор эдингиз. Лекин 2022 йили бирданига Хоразмга қайтиб келдингиз. Бунинг сабаби нимада?
– Пойтахтда бир неча йирик текстил корхоналарида раҳбар лавозимларида фаолият юритдим. 2016 йилда янги очилган, 200 нафар ишчи меҳнат қилаётган тикувчилик корхонасига раҳбар қилиб тайинландим. Булар албатта кўп йиллик меҳнатим самараси бўлди. 2020 йил охири ковид пандемияси бўлишига қарамай тўхтаб қолмадик. Фабрикамиздаги ишчилар сонини 1000 нафарга етказдик.
Маҳсулотларимизни экспортга ҳам йўналтирдик. Натижада Ўзбекистонда тайёр трикотаж кийимлар экспорт қилувчи энг яхши 10 та корхона қаторидан жой олдик. 2019 йилдаёқ яна бир ишлаб чиқариш корхонасига раҳбар бўлдим. Бу ерда 250 нафар янги иш ўрни яратдим. Эришган ютуқларим муносиб рағбат топди. Бу меҳнатларим натижасида 2020 йилда “Меҳр ва саховат” кўкрак нишони билан тақдирландим.
2021 йилда Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Мамлакатимиз раҳбари барча тадбиркорлар билан самимий суҳбатлашди. Меҳнатимиз юксак қадрланди ва “Энг кўп иш жойлари яратган тадбиркор” номинациясида Президентимизнинг ташаккурномаси билан мукофотландим.
Бу эришган ютуқларим барчаси пойтахтдаги фаолиятим давомида амалга ошди. Катта умидлар ва режалар билан яшадим, бир кун келиб шунақа катта фабрикаларни ўзим туғилиб-ўсган Хоразм заминида барпо этиш ва юзлаб аёлни иш билан таъминлашни мақсад қилдим. Шундан сўнг туғилган масканимга қайтиб келдим.
– Сиз раҳбарлик қиладиган “Артатекс” масъулияти чекланган жамияти ҳақида кенгроқ тушунча берсангиз.
– Юқорида айтдимки, кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, 2022 йилдан фаолиятимни ўзим туғилиб-ўсган Хоразмда давом эттиришни лозим топдим. Сабаби 2018 йилга қадар вилоят саноатида ишлаб чиқариш корхоналари жуда кам ва ишсизлик кўп эди. Ўша пайтдаги вилоят раҳбарияти Шовот туманида бўш турган эски консерва заводини реконструкция қилиш орқали янги тикув фабрикасига айлантириш борасидаги режаларимизни қўллаб-қувватлади.
Шу тариқа, туманда қизғин иш бошланиб, турмуш ўртоғимнинг кўмаги билан бу ерда янги корхона ташкил этдик ва унга “Artatex” номини бердик. Ушбу ном тасодифан танланмаган: уни топиш мақсадида “Авесто” китобини мутолаа қилиб, ундан “оловли, муваффақиятли” деган маъноларни англатувчи “ARTA” сўзини танлаб олдим ҳамда унга “текстиль” сўзини қўшиш орқали шу номга асос солдик.
Дастлаб фаолиятимизни 50 нафар ходим билан бошладик. Хотин-қизларга ишлаб чиқариш жараёнининг сир-асрорларини тушунтириб, ҳунар ўргатиш осон кечмади, бу йўлда тинимсиз тер тўкиб меҳнат қилдик. Камтарона меҳнатларимиз давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилиб, 2019 йилда “Шуҳрат” медали, 2022 йили эса “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирландим.
Бугунги кунга келиб, саъй-ҳаракатларимиз натижасида корхонамизда 400 нафарга яқин хотин-қиз доимий иш ўрнига эга. Ўзим ҳам таъсисчи, ҳам раҳбар сифатида фаолият юритаётган фабрика жамоасининг 90 фоизини аёллар ташкил этади ва уларнинг аксарияти 20-30 ёшдаги ходимлардир.
Корхонамизда ишлаб чиқариш жараёни тизимли равишда, босқичма-босқич йўлга қўйилган бўлиб, маҳаллий хомашё – бўялган матоларни харид қилгач, бичиш, турли безак ва гуллар босиш ҳамда тикиш ишлари тўлиқ ўзимизда амалга оширилади. Тайёр бўлган маҳсулот эса тўғридан-тўғри экспортга йўналтирилади.
Ҳозирги кунда корхонамизда меҳнат унумдорлиги юқори кўрсаткичларга чиқди, ходимларнинг самарадорлик (KPI) даражаси ҳам муттасил ўсиб бормоқда. Биз жамоамиз ва ҳамкорларимиз билан ўзаро тушунишга асосланган мустаҳкам муносабатларни ўрнатганмиз. Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш мақсадида Хитой ва Туркиядан энг илғор, замонавий тикув машиналари, гул босиш ускуналари ҳамда энергиятежамкор дастгоҳларни келтириб, амалиётга муваффақиятли жорий этдик..
–Тадбиркорлик фаолиятингизга мамлакатимизда яратилган имтиёзлар, қўллаб-қувватлаш ва шароитлар ёрдам бердими? Масалан, қайси фармон, қарор ва чора-тадбирлар сизнинг ишингизга энг фойдали таъсир кўрсатди?
– Албатта, бугунги кунда эришган ютуқларимиз замирида давлатимиз томонидан биз тадбиркорларга яратилган шарт-шароит ва имтиёзлар мужассам, десак муболаға бўлмайди. Тўқимачилик соҳасига оид бўлган Президент фармонлари, қарорлари ва ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар билан ўз вақтида танишиб чиқиб, уларни корхона сиёсатига уйғунлаштиришга ҳаракат қиламан, фаолиятимга татбиқ этиб, бошқаларга ҳам тавсия қиламан.
Бундан ташқари, мамлакатимизда аёл тадбиркорларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва яратилаётган имтиёзлар фаолиятимизни кенгайтиришда катта кўмак бўлмоқда. Жумладан, ижтимоий солиқ ставкасининг имтиёзли равишда 1 фоиз ва корхонанинг фойда солиғи 2 фоиз қилиб белгиланиши, кредитларнинг паст фоизларда ажратилиши, шунингдек, кўргазмаларда иштирок этиш харажатларининг давлат томонидан қоплаб берилиши ишимиз ривожига улкан ҳисса қўшяпти.
Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, давлатимиз томонидан яратилган ушбу имкониятлардан тўлиқ ва оқилона фойдаланган ҳолда, биз “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” тақдим этаётган хизматлар ипотекасидан биринчилардан бўлиб фойдаланишга муваффақ бўлдик.
– Сиз нечта иш ўрни яратдингиз? Жумладан, жамоангизда қанча одам ишлайди ва даромад даражаси қандай? Уларга ойликдан бошқа ёрдамлар ҳам кўрсатасизми?
– Ҳозирги кунда Хоразм вилоятининг 2 та туманида ишлаб чиқариш корхонамиз бор. Янгиариқ ва Шовот туманларида, жами 400 нафарга яқин ходим ишлайди. Янги ишга кирганларга 1 ҳафта мобайнида тикувчилик ҳунари ўргатилади. Иш ўрганганидан кейин жаҳон андозасида тикишга йўналтирилади.
Корхонада энг кам иш ҳаки 2,5 млн. сўмдан бошланиб, ўртача 3,5 млн. сўмни ташкил қилади. Бундан ташқари, корхонамиз томонидан ишчиларга бепул тушлик ва транспорт ташкил қилинган. Корхонамизда фаолият юритаётган ходимларнинг 15 фоизи “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган бўлиб, биз уларнинг кичик ёшдаги фарзандлари учун боғча тўловларини ҳар ойда қоплаб бермоқдамиз. Бу орқали келажак авлоднинг соғлом ва баркамол улғайишига муносиб ҳисса қўшаётганимиздан беҳад мамнунмиз.
Шунингдек, ҳозирги кунда корхонамизда дуал таълим тизими ҳам муваффақиятли йўлга қўйилган. Хусусан, Урганч давлат университетининг тўқимачилик йўналишида таҳсил олаётган талабалари 2-курсдан бошлаб бизда амалиёт ўташини таъминлаяпмиз. Бундан ташқари, ҳар ойда мазкур таълим даргоҳига ташриф буюриб, бўлажак мутахассислар учун маҳорат дарслари ва давра суҳбатлари ўтказишни ҳам анъанага айлантирганмиз.
– Сиз маҳсулотларингизни қатор давлатларга экспорт қиляпсиз. Бунга қандай эришдингиз? Хориж бозорига чиқмоқчи бўлган тадбиркорларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?
– Маҳсулотларимизнинг сифати энг юқори талабларга жавоб беради. Шу боис уларни АҚШ, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон давлатлари бажонидил сотиб олишмоқда. 2026 йил бошида Хоразм вилоятида турдош корхоналар орасида биринчилардан бўлиб АҚШга трикотаж маҳсулотлари экспорт қилишга эришдик.
Корхонамизда 2025 йили экспорт ҳажми 3,3 млн. АҚШ долларини ташкил қилди. Жорий йилда Германия давлатига ҳам экспортни йўлга қўйдик. Вилоятда топ-10 та экспортёр корхона қаторидан ўрин олишимиз учун 2 йил давомида жуда қаттиқ меҳнат қилдик. Чунки ишлаб чиқарилган маҳсулот сифати 100 фоиз жаҳон талабига жавоб бергандагина уни хорижликлар сотиб олиши мумкин. Бунинг самараси ўлароқ корхона халқаро OEKO-TEX сертификатини ҳам олишга мушарраф бўлди.
Офис ходимларини ҳам мижозлар билан ишлаш бўйича малакасини оширдик. Корхонамизнинг барча ишлаб чиқариш бўлимлари автоматлаштирилган дастгоҳлар билан таъминланган, улар нафақат маҳсулот сифати ва самарадорлигини оширади, балки электр тежамкор ҳамдир. Ҳар бир бўлимнинг ўз устаси бор ва жараённи тўла назорат қилади. Бу бажариладиган ишнинг ҳар бир бўлимда сифатли чиқишига кафолат беради.
Мамлакатимизда ва хорижий давлатларда ўтказилаётган тўқимачилик маҳсулотлари бўйича кўргазмаларда иштирок этиб, ҳамкорлар топдик. Хориж бозорига чиқмоқчи бўлган тадбиркорларга маслаҳатим, аввало, маҳсулотингизнинг сифатини оширинг, зеро ҳар қандай бозор талаби – бу сифат, кейин эса нарх. Яна бир муҳим омил – маҳсулот сотиш учун бозорни тўғри танлаш. Албатта, қайси давлат билан шартнома имзолаган бўлсангиз, ушбу давлатнинг ишлаб чиқариш қуввати ва ўз корхонангиз ишлаб чиқариш имкониятининг мослигини пухта таҳлил қилинг. Халқимизда “Етти ўлчаб бир кес”, деб бежиз айтилмаган.
– Фаолиятингизнинг ижтимоий аҳамияти ҳақида гапириб берсангиз. Корхонангиз жойлашган ҳудудда яшайдиган эҳтиёжманд оилаларни ҳам қўллаб-қувватлайсизми?
– Тўқимачилик саноатининг тикувчилик йўналиши энг кўп иш ўрни яратиладиган соҳалардан биридир. Доимий ўсиб-ривожланишни, кўплаб инсонлар билан мулоқот қилиш ва ҳамжиҳатликда ишлашни хуш кўрганим боис айнан шу йўналишни танлаганман. Биргина мисол: бугунги кунда корхонамизда 400 нафар ходим меҳнат қилмоқда, демак, биз шунча хонадоннинг иқтисодий фаровонлигини юксалтиришга масъулмиз. Бундан ташқари, фабрикаларимиз томонидан Шовот ва Янгиариқ туманларидаги эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат ҳамда кийим-кечак кўринишида мунтазам равишда моддий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Бу жуда муҳим аҳамиятга эга, зеро, аёлларга муносиб эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилгандагина жамиятимизда меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг дунёқараши юксалади, уларнинг оилаларида эса тинчлик ва фаровонлик ҳукм суради.
– Сиз қандай лойиҳаларни ишлаб чиқяпсиз ёки режалаштиряпсиз? 2025 ва 2030 йилларга мўлжалланган ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар режаларингизга қандай таъсир қилади?
– Корхонамизнинг келгуси 5 йиллик режалари улкан. Биринчи навбатда, қўшимча 200 та янги иш ўрни яратиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширишни мақсад қилганмиз. Янги технологияларни жалб этиш мақсадида Хитойдан замонавий дастгоҳлар харид қилиш бўйича ҳамкорларимиз билан музокаралар олиб бормоқдамиз. 2027 йилга бориб маҳсулот ассортиментини янада кенгайтириш ҳамда турли аксессуарлар: арқон, резинка ва этикеткалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни кўзлаганмиз. Бундан ташқари, миллий брендимизни яратиш йўналишида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 250 млн. сўмлик грантига сазовор бўлдик ва яқин кунларда ушбу янги брендимизни оммага тақдим этамиз. Жорий йилда давлатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши кутилаётгани ҳам тўқимачилик саноати ривожи учун ғоят катта аҳамият касб этади. Мазкур жараён натижасида импорт қилинадиган хомашёларнинг таннархи пасайиб, турлари кўпаяди. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлигини ошириш билан бирга, жаҳон бозоридаги муносиб ўрнимизни янада кенгайтиришимизга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш