Бизнес муҳитининг барқарор ўсиши
Бизнес муҳити индексининг ўртача кўрсаткичи 58 бандни ташкил этди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 бандга юқори. Январь ойида бизнес муҳити кўрсаткичи 52 банддан, июнь ойида 63 бандгача юқорилаган
Жорий ҳолат суб-индекси 44 бандни ташкил этди (2024 йилга нисбатан +7 банд), тадбиркорларнинг истиқболдаги кутилмалар индекси йил бошига нисбатан 25 бандга ошиб, 73 бандга етди.
Тармоқлар кесимидаги ривожланиш динамикаси
Энг юқори ўсиш саноат тармоғида қайд этилди (+13 банд), хизматлар 3 бандга юқорилади, қурилиш тармоғида ўзгариш кузатилмаган. Қишлоқ хўжалигида кичик пасайиш кузатилди, бу эса мавсумий омиллар билан боғлиқ.
Тадбиркорлик кутилмалари: талабнинг ошиши ва инфляциянинг пасайиши
Тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 42% иштирокчилар ўз бизнеси жорий ҳолатини «яхши» деб баҳолаган, 74% эса келгуси 3 ойда бизнеси ҳолатини яхшиланишини кутмоқда. Бизнес вакилларининг ўртача 70% яқин 3 ойликда маҳсулот ва хизматларга бўлган талабнинг ўсишини кутаётганлини билдирган.
Инфляцияга оид кутилмалар пасайиш тенденциясини кўрсатмоқда: йил бошида ўз маҳсулоти ёки хизматлари ошишини кутаётганлар улуши 25% бўлса, июнь ойида 21% ташкил этган.
Тадбиркорлик учун тўсиқларнинг камайиши ва мавжуд муаммолар
Сўровномада иштирок этган тадбиркорларнинг 59%и бизнес юритишда жиддий тўсиқлар йўқлигини қайд этган, бу ўтган йилга нисбатан 9 фоиз бандга кўп. Бироқ, тадбиркорларнинг 10% - молиялаштириш, 6% - солиқ маъмурчилиги ва 6% - солиқ ставкалари юқорилиги билан боғлиқ муаммоларни кўрсатган.
Тармоқлар кесимида эса молиялаштиришга эришишда энг катта тўсиқлар қишлоқ хўжалигида (14% респондентлар), саноат ва қурилишда эса юқори солиқ ставкалари ва солиқ маъмурчилиги кўпроқ қайд этилган.
Иқтисодий истиқболлар
Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ўсиши, экспорт имкониятларининг кенгайиши ва маъмурий тўсиқларнинг камайиши Ўзбекистонда бизнес муҳитини барқарор ижобий деб баҳолашга асос яратади. Тадбиркорларнинг яқин ойларга бўлган катта умидлари иқтисодий ўсишни янада мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун замин яратади.
Тўлиқ ҳисоботни ҳавола орқали кўриш мумкин: Юклаб олиш
Изоҳ қолдириш