Мурожаатномада тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, инқироз таъсирини юмшатиш бўйича ҳам бир қатор муҳим таклифлар илгари сурилди.
Пандемия натижасида пайдо бўлган инқирозга қарши кураш бўйича ишлар келгуси йилда ҳам давом эттирилади. Жумладан:
- - Туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларига берилган имтиёзлар келгуси йил якунига қадар узайтирилади;
- - 20 мингта тадбиркорнинг 400 млрд сўмлик ер ва мол-мулк солиғини тўлаш муддати яна бир йилга узайтириш таклиф этилмоқда;
- - Давлат харидлари соҳасида 1 млрд сўмгача бўлган битимларга аванс миқдори 30% этиб белгиланиши натижасида тадбиркорлар қўшимча 1,5 трлн сўмгача айланма маблағларга эга бўлади;
- - Оилавий тадбиркорлик дастурлари учун 6 трл. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилади.
Давлатнинг иқтисодиётга аралашуви масаласида бугунги кунда иқтисодчилар орасида якдил йўналиш мавжуд: давлат шахсий мулк дахлсизлигини таъминлаши, инқироз пайтида контрциклик сиёсат юритиши, барча учун “ўйин қоидларини” бир хил белгилаши, бозор иштирокчиларини самарали тартибга солиш механизмини яратиши зарур.
Шу маънода Президентимиз томонидан 2021 йилда бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласида қилиниши керак бўлган ишлар айнан давлатнинг санаб ўтилган вазифаларини янада яхшилашга қаратилган.
Буларнинг ичида энг муҳими – барча даражадаги давлат органларининг энг муҳим вазифаси этиб хусусий мулк даҳлсизлигини таъминлаш кераклиги Президентимиз томонидан яна бир бор таъкидланиб ўтилди.
Ҳақиқатда, АҚШ иқтисодчиси Армен Алчиан таъкидлаб ўтганидек, мамлакат ривожланиб борган сари хусусий мулк даҳлсизлигига бўлган эҳтиёж ортиб боради. Шу билан бирга, иқтисодий тараққиёт бўйича ўтказилган кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, мулк дахлсизлигини таъминлаш ва мамлакат иқтисодий фаровонлиги ўртасида катта боғлиқлик мавжуд. Шунга кўра, хусусий мулк даҳлсизлигини таъминлаш учун яна бир муҳим қадам сифатида давлат органлари тизимидаги раҳбар ва мутасаддиларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича ваколатни Бизнес-Омбудсманга бериш таклиф этилмоқда.
Бизнес ривожида энг катта бюкратик тўсиқлардан бири бу маълум фаолият турлари билан шуғулланиш учун рухсат бериш тартибидаги (рухсатномалар, лицензия олиш каби) тартибга солиш усулларининг сақланиб қолаётганлигидир. Шунга кўра, келгуси йилда 105 та лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилинади, 115 таси бўйича эса тартиб қоидалар соддалаштирилади. Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар соддалаштирилиб, ягона Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилади.
Эътиборлиси, Президентимиз томонилан бундан 4 йил олдин эълон қилинган ва жуда катта самара берган тадбиркорлик субъектларида текшириш ўтказишга мораторий яна бир йилга узайтириш таклиф этилмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш