Оммавий қабулда қандай муаммолар ҳал этилди?

Оммавий қабулда қандай муаммолар ҳал этилди?

Зоминнинг Бахматчой қишлоғидан қабулга келган Абдуқаюм Искандаров, Раҳмон Каттабоев ва Худойқул Умаров бир масала – электр энергияси таъминотидаги муаммоларни ҳал қилишда амалий ёрдам сўрашди. Мазкур мурожаат асосида Бахматчойга янги, каттароқ қувватли трансформатор ўрнатиб берилди.

Мурожаатлар асосида Зоминнинг чекка-олис қишлоқларига суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. Ғўлба қишлоғи аҳолисидан бу борада келиб тушган мурожаатлар жойида кўриб чиқилиб, айтилган масалалар ҳал қилиб берилди.

Бешкуби қишлоғидан қабулга келган Эгамберди Маматов ҳам қишлоқдошлари олдига хушхабар билан қайтмоқда. Дастурлар асосида қишлоқнинг 2,5 мингдан зиёд аҳолиси ичимлик суви билан таъминланадиган бўлди.

Пешағордаги оммавий қабулда “Гулшан” маҳалласида яшовчи Дилшодхон Зоиров, Ботирбой Нуралиев, Ойбек Назировнинг кредит ажратиш билан боғлиқ муаммолари ҳал қилиб берилган бўлса, ўзини ўзи банд қилиб, даромад топишни истаган бир қатор мурожаатчиларга субсидия ҳисобидан пишириқ пишириш печлари ва тикув машиналари олиб берилди. Айтайлик, Қорача қишлоғида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Насиба Жумановага маиший жиҳозлар олиб берилиб, келгусида уй-жойини таъмирлашга ҳам ёрдам бериладиган бўлди.

Қўштоллик Гулчеҳра Ўрозбоевага эса аввалги қабулда субсидия асосида тикув машинаси ажратилган эди. Гулчеҳра қисқа вақтда ўзи каби ижтимоий ҳимояга муҳтож қишлоқ аёлларини бирлаштириб кооперация ташкил этибди, қўшимча иш ўринлари яратибди.

Мулоқотлар натижасида Давронбек Жалилов, Гўзал Абулқосимова, Саодат Шойзоқова, Зилола Олишова, Жавоҳир Абдуллаев, Динара Жумабоева, Гўзал Ўсарова сингари оғир ижтимоий аҳволдаги 23 та оила талаба фарзандларига контракт пуллари тўлаб берилиши таъминланди.

Қабуллар давомида аввалги мурожаатлар таҳлили асосида белгиланган вазифалар ижроси ҳам мониторинг қилиниб, турли йўналишлардаги ишлар жадаллаштирилди. Дейлик, шу йил баҳорида юз берган кучли сел тошқинлари Пешағор ва унга ёндош ўндан зиёд қишлоқларнинг сув ўзанларидан тошиб, тўртта кўприкни ювиб кетган, оқибатда аҳолидан қатор мурожаатлар келиб тушган эди.

Президентимиз топшириғи асосида бу борада алоҳида ҳужжат қабул қилиниб, сел оқибатларини бартараф қилиш, инфратузилмани тиклаш бўйича зарур маблағлар ажратилди. Бугунга келиб, Пешоғар ва Аччи қишлоқлари, Жиззах – Зомин автомобил йўлидаги тўртта кўприк янгидан қурилди, кўприк ўтказгичлари, кўтаргичлари мукаммал таъмирланди. Сел ўзанлари тозаланиб, қирғоқлар мустаҳкамланмоқда.

Мўғол қишлоғида эса тегишли дастурлар асосида 11,4 км. ичимлик суви тармоғи тортилиб, янги сув сақлаш резервуари барпо қилинмоқда. Бу билан Мўғолдаги 300 та хонадонга ободлик кириб боради, шунча аҳолини анча вақтдан бери ўйлантирган тизимли масалалар ҳал қилиб берилади.

“Оқтепа” маҳалласидаги мана бу кўчалар анчайин таъмирталаб бўлиб қолгани рост. Шу боис ҳам жорий йил аввалидаги ўрганишлардан сўнг бу масала тегишли дастурларга киритилиб, қарийб 2,8 км.ли 6 та кўчани асфальтлаш режалаштирилган эди. Айни пайтда бу кўчалар текисланиб, унинг тош-шағалли асоси бунёд қилинмоқда. Ҳадемай, тош-шағал устидан асфальт қопламаси тўшалади.

Ҳа, бу каби одамлар ҳаётида реал ўзгаришлар ясайдиган амалий ишлар ғоялари аввало халқ билан очиқ-жонли мулоқотларда пайдо бўлади. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимиздаги 5 минг 280 дан зиёд, Жиззах вилоятидаги 159 та маҳалладаги йўл, сув, электр энергияси, газ, ижтимоий соҳа объектлари билан боғлиқ тизимли масалалар ҳал қилинади.

Қабуллар жараёнида сайёр тиббий кўрик ташкил қилинди, қатор мурожаатчиларга даволаниш учун йўлланмалар ажратилди. Айтайлик, Мўғол қишлоғида яшовчи Сарвар Бобожонов мурожаатидан сўнг унинг туғма ногиронлиги бор фарзандига ҳам бепул даволанишда амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

Президент Халқ қабулхонаси Зомин тумани Пешағор қишлоғида ташкил қилган навбатдаги оммавий қабулда 202 нафар мурожаатчининг 237 та масаласи кўриб чиқилиб, унинг 64 таси жойида ҳал қилинди, 4 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 169 та масала бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар