Молия вазирлиги 2020 йил учун Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги батафсил маълумотларни ўз ичига олган навбатдаги “Фуқаролар учун бюджет” нашрини эълон қилди. Нашр Молия вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД)нинг “Ўзбекистонда Барқарор Ривожланишни Молиялаштириш” номли қўшма лойиҳаси доирасида тайёрланган.
Қайд этилишича, 2020 йилда Давлат бюджети ижроси коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ бўлган мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазиятда амалга оширилди.
2020 йилда Давлат бюджети даромадлар тушуми прогноз параметрларидан ошиб кетди ҳамда 2019 йилнинг кўрсаткичларига нисбатан кўтарилди.
2020 йилда Давлат бюджети харажатлари ҳам тасдиқланган параметрлардан ошиб кетди. Қўшимча харажатларнинг аксарият қисми - Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг глобал инқироз холатларининг салбий таъсири ва коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш бўйича харажатларидир.
Нашрнинг алоҳида бир бўлими давлат қарзига бағишланган. Нашрнинг сўнгги бўлимида Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг ташкил этилиши ва жамғарманинг харажатлари тўғрисида маълумотлар тақдим этилган.
2020 йил мобайнида Ўзбекистон Республикасининг жами давлат қарзи 5,5 млрд долларга ошди ҳамда 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 23,3 млрд долларни (ЯИМга нисбатан 40,4%ни) ташкил этди.
Давлат бюджетининг 2020 йил учун дастлабки тасдиқланган параметрларида Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси ҳукумати) номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ташқи қарзни жалб қилиш бўйича янги имзоланган битимларнинг умумий ҳажми 5 млрд АҚШ доллари ҳисобида тасдиқланди.
Бироқ COVID-19 га қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар учун қўшимча маблағларни жалб қилиш зарурияти туфайли ташқи қарзнинг чегаравий миқдори 5,5 млрд АҚШ долларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш ва лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган тадбирларни молиялаштириш учун 2,5 млрд АҚШ долларигача оширилди.
“Фуқаролар учун бюджет” нашри билан давлат ва рус тилларида молия вазирлигининг расмий сайтида (www.mf.uz), шунингдек, "очиқ бюджет" ахборот порталида (www.openbudget.uz) танишишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш