Молия вазирлиги 2021 йил учун тасдиқланган бюджетга бағишланган навбатдаги “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашрини тақдим этди.
Асосий бўлимлар 2021 йил учун бюджет ҳамда Давлат бюджетининг даромадлари ва харажатларига асос бўлиб ҳисобланган макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозларига бағишланган. 2021 йилда иқтисодий фаолликнинг тикланиши, иқтисодиётнинг ўсиши ҳамда солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар ҳисобига даромадларнинг барча турлари бўйича (ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ва бошқа солиқлардан ташқари) ўсиш прогноз қилинмоқда. Сезиларли равишда ўсиши кутилаётган даромад моддалари бўлиб, қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва акциз солиғи хизмат қилди.
Давлат бюджетининг харажатлари таркибида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга харажатлар салмоқли бўлиб қолмоқда. Ушбу харажатлар умумий харажатларнинг 52 фоизини ташкил этади. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ бўлган хатарларнинг сақланиб қолаётганини эътиборга олган ҳолда 2021 йилда 3 трлн сўм коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакциналар ҳарид қилишга йўналтирилади.
Шунингдек, “Давлат бюджети” бўлимида бюджет тақчиллиги ва унинг қоплаш манбалари тўғрисида маълумотлар ҳам келтирилган. Прогноз қилинаётган даромадлар ва харажатларнинг тасдиқланган параметрларини ҳисобга олган ҳолда 2021 йилда Консолидациялашган бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоиз миқдорида прогноз қилинмоқда. Алоҳида бир бўлимда давлат қарзининг ҳолати ва динамикаси тўғрисидаги маълумотлар ёритилган бўлиб, давлат қарзи ўсишига қарамасдан макроиқтисодий барқарорлик даражасига хавф солмайдиган даражада қолмоқда. Мазкур мақсадлар учун 2020 йилдан бошлаб ташқи қарзларни Ўзбекистон Республикаси номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб қилишга чекловлар киритилди.
2020 йилда миллий иқтисодиётнинг ўсиш суръати инқироз шароитида сезиларли равишда пасайди (1,6%гача).
Иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳукумат томонидан иқтисодий ўсишни тиклаш ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш юзасидан амалий ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Мазкур ҳаракатлар режаси ҳукумат, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг саъйҳаракатларини мувофиқлаштиришни, тизимли ислоҳотларни давом эттириш мақсадида шароит яратишни ва иқтисодиётни ривожланишига янада туртки берувчи янги имкониятларни ва захираларни аниқлашни («ўсиш нуқталари») назарда тутади.
2021 йилда макроиқтисодий вазиятни барқарорлаштириш ва тизимли таркибий ислоҳотларни давом эттириш чора-тадбирларини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодий ўсиш 5,1 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
2021-2023 йилларда иқтисодиёт тармоқларининг ўсиш суръатларини инқироз давригача бўлган миқдорларга босқичма-босқич тикланиши прогноз қилинмоқда.
2021 йилда ва келгуси икки йилда инфляция даражаси 7-11% даражада бўлиши прогноз қилинмоқда.
Жаҳон иқтисодиёти босқичма-босқич тикланиши ва ташқи савдо операцияларининг янгиланиши ҳисобига 2021 йилда ташқи савдо ҳажмининг 2019 йилдаги инқироз давригача бўлган миқдорларга етказиш прогноз қилинмоқда.
2021-2023 йилларда жалб қилинаётган инвестициялар ҳажмини саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ва йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган устувор йўналишларни сақлаб қолган ҳолда инқирозгача бўлган давр кўрсаткичларига етказиш прогноз қилинмоқда.
2021 йилда Давлат бюджети даромадларининг таркибида бюджетга тушаётган умумий тушумларнинг 42,4 фоизини таъминловчи билвосита солиқлар улуши ошиб бормоқда.
Билвосита солиқлар тушумининг асосий қисми (75,1%) ҚҚС ва акциз солиғи тушумларининг ортиши ҳисобига таъминланади. ҚҚС бўйича тушумлар 47,0 трлн сўм миқдорида прогноз қилинмоқда, ўсиш суръати жорий йил кутилаётган тушумга нисбатан 50,6% ни ташкил этади.
2021 йилда Давлат бюджети харажатлари 165 879 млрд сўм миқдорида тасдиқланган, бу ЯИМнинг 24,1 фоизи миқдори ташкил этиб, 2020 (20,1 фоиз) йилга нисбатан қарийб 4 фоизга кўп.
Соғлиқни сақлаш соҳасига – 19 648 млрд сўм ажратилган.
2021 йилда коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш учун.
COVID-19 пандемияси инқирози барча мамлакатларда ижтимоий ҳимоя муаммоларини кучайтирди. Аҳолини қўллаб-қувватлаш чораларида ижтимоий заиф тоифаларни қўллабқувватлаш бюджет харажатларининг долзарб масалаларига айланди. Ижтимоий ҳимоя харажатлари – 10 244,7 млрд сўм.
2021 йилда оилаларни ижтимоий нафақалар билан қамраб олишнинг ўсиши давом этади. Ижтимоий нафақа оладиган кам таъминланган оилалар сони 2020 йил бошига нисбатан 2 бараварга кўпаяди.
Биринчи марта бюджетда чин этимларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида 50 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган. Шу муносабат билан, чин етимларни уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби ишлаб чиқилади ва унга мурожаат етувчилар рўйхати тузилади.
2021 йилда иқтисодиётни босқичма-босқич тикланиши Консолидациялашган бюджет тақчиллиги 37 534,2 млрд сўм миқдорида прогноз қилинмоқда (ЯИМга нисбатан 5,4%).
Жами давлат қарзи 2021 йил якунида 28,3 млрд АҚШ доллари миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда (ЯИМга нисбатан 45,3%). Ўсиш динамикасига қарамай давлат қарзи мўътадил бўлиб, макроиқтисодий барқарорликка хавфсиз даражада қолмоқда.
2021 йил якунига давлат ташқи қарзи 25,7 млрд АҚШ доллари ҳисобида прогноз қилинмоқда, шундан 18,6 млрд АҚШ доллари – Ўзбекистон Республикаси номидан (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) ва 7,1 млрд АҚШ доллари – Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб қилинган.
“2021 учун тасдиқланган бюджет бўйича Фуқаролар учун бюджет” нашрининг тўлиқ матни билан қуйидаги илова орқали танишишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш