ОТБ Ўзбекистондаги лойиҳалар учун 2,8 миллиард доллар ажратади

ОТБ Ўзбекистондаги лойиҳалар учун 2,8 миллиард доллар ажратади

Жорий йилнинг 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Осиё тараққиёт банки Президенти Масацугу Асакава билан видеоконференция тарзида музокара ўтказди. Унда икки томонлама ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

ОТБнинг Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорлиги узоқ муддатли характерга эгалиги ҳамда мамлакатда Банк иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар портфелининг қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлиб, бошқа барча ривожланиш бўйича ҳамкорлар орасида энг йириги эканлиги таъкидланди. Ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик лойиҳаларни молиялаштириш орқали Банк Ўзбекистонда дастурий ислоҳотларни амалга оширишда техник ва маслаҳат ёрдамини ҳам кўрсатиб келмоқда.

Шу ўринда ОТБнинг Ўзбекистон билан 2019-2023 йиллар учун шаклланган ҳамда Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси билан корреляцияга эга Ҳамкорлик стратегиясининг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш бўйича келгусида ҳамкорлик қилиш йўллари муҳокама қилинди. Иккала ҳужжатда ҳам хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, ҳудудий ҳамкорликни ривожлантириш, инклюзив ўсишни рағбатлантириш орқали тенгсизликни қисқартириш ва бошқа муҳим соҳаларга устуворлик берилган.

Инфратузилмавий ривожланиш, энергетика, уй-жой коммунал хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ОТБ билан биргаликда амалга оширилаётган умумий қиймати 5 миллиард долларлик 29 лойиҳанинг ҳозирги ҳолати кўриб чиқилди. ОТБнинг 2022-2024 йилларга мўлжалланган мамлакатлар билан операцияларнинг бизнес-режаси доирасида Ўзбекистонда умумий қиймати 2,8 миллиард долларга тенг бўлган 27 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 524 миллион долларлик 3 лойиҳа 2022 йилда ҳаётга жорий этилади. Томонлар маъқулланган ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш ва кўриб чиқилаётган лойиҳаларни келишиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олдилар.

Қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва ҳаётга татбиқ этиш самарадорлигини янада ошириш бўйича кейинги қадамлар белгиланди. Бу йўналишда ОТБ ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик механизмлари муҳокама қилинди. Агентлик лойиҳа циклининг барча босқичларида, жумладан, устуворликларни белгилаш, лойиҳалаш, лойиҳани баҳолаш, харидларни амалга ошириш ва лойиҳани ҳаётга жорий қилишда асосий мувофиқлаштирувчи бўғин бўлиб ҳисобланади. Агентликнинг салоҳиятини янада ошириш ва институционал ривожлантириш бўйича консультациялар бериш учун экспертларни Ўзбекистонга юбориш орқали ОТБ томонидан техник ёрдам кўрсатилишига келишилди.

Мамлакатимизда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида амалга оширилаётган лойиҳаларни илгари суриш борасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. ОТБ билан биргаликда энергетика соҳасида кенг кўламли лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда эришилган ютуқлар таъкидланди. Хусусан, ҳозирги кунда Ўзбекистонда қуёш энергиясини ривожлантириш бўйича ОТБнинг умумий қуввати 1 ГВт тенг бўлган алоҳида Дастури фаол амалга оширилмоқда. Томонлар ушбу соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлигини қайд этиб, сув таъминоти, электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш, соғлиқни сақлаш ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларида ДХШ воситаларини жорий этишни кенгайтириш имкониятларини ўрганишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Шунингдек, ОТБ билан Ўзбекистонда хусусий сектор ва тижорат банклари лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, йўл инфратузилмасини кенгайтириш лойиҳаларини амалга ошириш, технология, муҳандислик ва математика соҳаларидаги ўқув дастурларини такомиллаштириш орқали ўрта ва касб-ҳунар таълимини ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини модернизация қилиш, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида Банк раҳбарияти Тошкент халқаро инвестиция форуми ва у доирасидаги тадбирларда иштирок этишга таклиф қилинди.

Музокаралар якунида икки томон учун устувор бўлган қатор йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувларга эришилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар