Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва янгилаш учун 273,8 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда ОТБ сайтида хабар қилинган.
ОТБ маблағлари Сурхондарёдаги Дарбанд — Денов йўлининг 106 километрини янгилашга йўналтирилади. Шунингдек, улар ёрдамида ЦАРЭС-2 коридорига (Ўрта ер денгизи ва Шарқий Осиё) кирувчи А380 (Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу) автомобиль йўлининг 87 километрини реконструкция қилиш ишлари якунланади.
Лойиҳа доирасида йўллар кенгайтирилади ва реконструкция қилинади, бунда сафар вақтлари ва автомобилларни таъмирлаш харажатларини қисқартириш кўзда тутилган. Пиёдалар учун инфратузилма, жумладан, автобус бекатлари яхшиланади.
Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланади, йўл белгилари янгиланади. Дарбанд ва Денов шаҳарлари яқинида йўл қисмидаги юкни камайтиришга ёрдам берадиган ҳаракатда тортиш тизимлари ўрнатилади.
«Денгизлардан олисда жойлашган мамлакатни қўшни давлатлар билан боғлашда автомобиль йўллари муҳим ўрин тутади. Йўлларнинг сифати ва хавфсизлигини ошириш Ўзбекистоннинг транспорт салоҳиятини очишга ёрдам беради. Йўл тармоғи жорий имкониятлар талабларига жавоб беради, аммо унинг хавфсизлигини таъминлаш керак», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.
Лойиҳа иқтисодиётнинг тикланишини тезлаштиради, савдо ва туризмга ёрдам беради ва яқин атрофдаги аҳолини иш билан таъминлайди.
«Муҳандислик ечимлари хавфсизлик, иқлимга чидамлилик ва иқтисодий самарадорлик бўйича халқаро стандартларга жавоб беради», — дея таъкидлаган ОТБ минтақавий транспорт директори Хидеаки Ивасаки.
ОТБ шунингдек, лойиҳа амалга оширилаётган жойларда тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш учун грант сифатида 150 000 доллар ажратади. Уларга молиявий саводхонлик, маркетинг ва тадбиркорлик йўналишлари ўргатилади.
Изоҳ қолдириш