Ўзбекистонда 2022–2026 йилларда ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръати 6 фоиздан кам бўлмаслиги айтилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сектор мудири Нозимжон Ортиқов Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида маълум қилди.
Қайд этилишича, 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодий ўсиш суръати 7 фоиз прогноз қилиняпти. Кейинги 2022–2026 йилларда ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръати 6 фоиздан кам бўлмаслиги режалаштирилган. Бунинг учун жами 1,6 баравар ошириш ва ЯИМ жон бошига нисбатини 2800 долларга етказиш кўзда тутилган.
«Осиё тараққиёт банки яқинда прогнозларини янгилади. Пандемия билан боғлиқ равишда вазият жуда тез ўзгаряпти. Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки прогнозлари 2021 йил учун 4–5 фоиз атрофида бўлган эди, лекин Осиё тараққиёт банки ноябрь ойи охирларида прогнозларини янгилади. Бунда Марказий Осиёдан ташқари бутун Осиё минтақаси учун иқтисодий прогнозлар пасайтирилган. Агар минтақалар кесимида қарайдиган бўлсак, Марказий Осиё давлатлари учун иқтисодий прогнозлар янгиланган. Ўзбекистон, Озарбайжон, Тожикистон каби давлатларда 2021 йилда 3 чоракда кузатилган кучли иқтисодий ўсиш ҳисобига бу прогнозолар янгиланган», — дейди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказий сектор мудири.
Маълумотларга кўра, 2026 йилга келиб, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 100 миллиард кв соатдан ошириш режа қилинган. Агар иқтисодий ўсиш 5–6 фоизга режалаштирилган бўлса, йиллик электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми ҳам шу атрофда бўлиши керак. Бу аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.
«Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ҳам катта потенциялга эга. Ушбу тармоқдаги йиллик ўсиш суръатини камида 5 фоиз атрофида таъминлаш кўзда тутилган.
Бу меҳнат унумдорлиги юқори бўлган экинлар экишга ўтиш, пахта-ғалла етиштиришни камайтириш ҳисобига иссиқхоналар орқали мева-сабзавотларни етиштириш ва экспорт ҳажмини 2026 йилга келиб, 5 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган», — дейди Нозимжон Ортиқов.
Бундан ташқари, металлургия соҳасида кейинги 5 йил ичида олтин ва кумуш ишлаб чиқаришни 26 ва 42 фоизга ошириш, мис ва қора металл ишлаб чиқаришни 2 баробарга ошириш, табиий газни қайта ишлаб чиқаришни бугунги кундаги 8 фоиздан 20 фоизга етказиш, газ-кимё саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. 2022–2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига кўра, камида 70 миллиард доллар атрофида хорижий инвестицияларини ўзлаштириш, жами 120 миллиард доллар атрофида умумий инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилган.
Манба: Bugun.uz
Изоҳ қолдириш