Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди
Йиғилишда айрим тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари яратиб берилган имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмаётгани танқид қилинди.
– Биринчи чоракда “Ўзавтосаноат”да ишлаб чиқариш ҳажми 40, “Ўзбекнефтгаз”да 4,7, чарм маҳсулотларида 10 фоизга пасайган. Сўнгги бир йилда дори-дармон ва тиббиёт буюмларига эҳтиёж кескин ошган бир пайтда, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 22 фоизга камайишини қандай изоҳлаш мумкин? – деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, 74 та йирик ҳудудий корхонада ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,1 триллион сўмга камайгангани қайд этилди.
Видеоселекторда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва тармоқлар раҳбарлари, барча ҳокимлар май-июнь ойларида йўл қўйилган қолоқликликларни бартараф этиш учун қуйидаги йўналишларда ишларни ташкил этиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, иқтисодий ўсиш учун асосий энергоресурслар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш лозим.
Қайд этилишича, биринчи чоракда табиий газ қазиб чиқариш 1,7 фоизга камайгани оқибатида 600 минг тонна цемент, 55 минг тонна минерал ўғитлар, 330 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмлари таъминланмаган.
А.Султонов, М.Абдуллаевга иккинчи чоракда биринчи чоракдаги қолоқликни бартараф қилиб, 9 миллиард куб метр табиий ҳамда 165 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни сўзсиз таъминлаш вазифаси қўйилди.
Иссиқлик электр станцияларига “Ўзбекгидроэнерго” АЖ билан бирга саноат тармоқлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли эҳтиёжларини тўла қондириш учун иккинчи чоракда жами 15,5 миллиард киловатт электр ишлаб чиқариш бўйича топшириқ берилди.
А.Султонов, У.Мустафоевга вилоят ҳокимлари билан бирга, жорий йил 1 августга қадар мавжуд кечикишни тўлиқ бартараф этган ҳолда, АСКУЭ тизимини 100 фоиз ишга тушириш кераклиги таъкидланди.
Изоҳ қолдириш