Бу таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан интеграциялаш, назарий билимларни амалий тажриба билан мустаҳкамлаш заруратини юзага келтирмоқда. Шу жиҳатдан, дуал таълим меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашнинг муҳим механизми ҳисобланади.
Мамлакатимизда дуал таълимни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий асослари шакллантирилган. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 сентябрдаги «Таълим тўғрисида»ги ЎРҚ-637-сон Қонуни, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги 163-сон ва 2025 йил 16 январдаги 14-сон қарорлари муҳим аҳамият касб этади. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси доирасида Олмалиқ давлат техника институти таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Бу йўналишда институтнинг Ангрен шаҳрида жойлашган «Нишбош» кўмир кони билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлиги алоҳида аҳамиятга эга. Корхонада Хитойнинг илғор технологиялари асосида кўмирни ер ости усулида қазиб олиш, замонавий кончилик ускуналари, конвейер тизимлари, автоматлаштирилган бошқарув ва саноат хавфсизлигини таъминлаш механизмларини жорий этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу талабаларга кончилик саноатининг замонавий технологияларини бевосита ишлаб чиқариш жараёнида ўрганиш имконини беради.
Хитойнинг Хэнань политехника университети (Henan Polytechnic University) профессор-ўқитувчилари ва «Нишбош» кўмир кони вакиллари иштирокида ўтказилган учрашув якунида уч томонлама ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжатда кўмир ресурсларини ўзлаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича Ўзбекистон–Хитой қўшма лабораториясини ташкил этиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш, шунингдек, кончилик, саноат хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида малакали кадрлар тайёрлаш назарда тутилган.
Ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши «Нишбош» кўмир кони ҳудудида институт кампусини ташкил этиш ташаббусидир. Бу ерда замонавий ўқув аудиториялари, лабораториялар, амалий машғулотлар учун майдончалар ташкил этиш ҳамда талабаларнинг яшаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш режалаштирилган. Бу талабаларга назарий билимларини бевосита ишлаб чиқариш шароитида мустаҳкамлаш, корхона мутахассислари билан ҳамкорлик қилиш ва касбий тажриба орттириш имконини беради. Ўз навбатида, профессор-ўқитувчилар учун саноатнинг долзарб муаммоларини ўрганиш ва уларнинг амалий ечимларини ишлаб чиқиш бўйича қўшимча имкониятлар яратилади.
Дуал таълимнинг асосий афзаллиги шундаки, талабалар таълим олиш давридаёқ келгусидаги касбий фаолияти талабларига мос амалий кўникма ва малакаларни эгаллайди. Бу иш берувчиларнинг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий этишга хизмат қилади.
Шундай қилиб, Олмалиқ давлат техника институти, «Нишбош» кўмир кони ва Хэнань политехника университети ўртасидаги ҳамкорлик халқаро тажрибага асосланган таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг истиқболли модели ҳисобланади. Бугун шакллантирилаётган таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик саноатнинг барқарор ривожланиши, малакали муҳандис кадрларни тайёрлаш ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш учун муҳим замин яратади.
Изоҳ қолдириш