Ўзбекистон бахтли мамлакатлар рейтингида кўтарилди ва 38 ўринни эгаллади

Ўзбекистон бахтли мамлакатлар рейтингида кўтарилди ва 38 ўринни эгаллади

Бутун дунёда Халқаро бахт куни сифатида нишонланадиган 20 март куни бахтли мамлакатлар рейтинги эълон қилинди. Gallup томонидан анъанавий равишда эълон қилинадиган World Happiness Report 2020 рейтингида Ўзбекистон 153 та мамлакат орасида 38-ўринни эгаллади. Бу 2019 йилги кўрсаткичлардан уч поғона юқорироқ.

Ўзбекистон МДҲга аъзо давлатлар орасида етакчи ва 1-ўринни сақлаб турибди. Кейинги

поғоналардан Қозоғистон (умумий рейтингда 50-ўрин), Тожикистон (71-ўрин), Россия (73-ўрин), Қирғизистон (74-ўрин) жой олди. Туркманистон эса 95-ўринни банд этди.

Рейтингда учинчи йил қаторасига Финляндия етакчилик қилмоқда. У энг бахтли давлат деб топилган. Ундан кейинги ўринларни Дания, Швейцария, Исландия, Норвегия, Нидерландия, Швеция, Янги Зеландия, Австрия ва Люксембург эгаллаган.

Шунингдек, етакчи давлатлардан Буюк Британия 13-ўринни, Германия 17-ўринни, АҚШ 18-ўринни, Франция 23-ўринни, Хитой 94-ўринни эгаллаган.

Ҳиндистон, Малави, Яман, Ботсвана, Танзания, Марказий Африка Республикаси, Руанда, Зимбабве, Жанубий Судан, Афғонистон рейтингнинг қуйи поғоналаридан жой олган.

Бу йилги ҳисоботнинг аввалгиларидан фарқли томони, унда ҳар бир мамлакатнинг асосий шаҳарлари аҳолисининг ҳозирги кундаги ҳаётидан қониқиши ва келажакда ушбу шаҳарда яшаш қанчалик яхши бўлиши ҳақидаги фикрлари ўрганилган.

Сўровномалар натижаларига кўра, Тошкент — аҳолиси энг оптимист шаҳар деб топилди. Сўровномада қатнашган Ўзбекистон пойтахти аҳолиси келажакда ушбу шаҳарда яшаш шароитларидан умидлари катта эканлигини билдирган, оқибатда Тошкент келажакдаги ҳаёт рейтингида 186 мамлакат пойтахтлари орасида 1-ўринни эгаллаган.

Ҳозирги кундаги ҳаётдан қониқиш бўйича эса Тошкент 75-ўринда. Анъанавий тарзда дунё бўйлаб ўтказиладиган Gallup сўровномаларида ҳар бир мамлакатдан 1000 га яқин 15 ва ундан катта ёшдаги аҳоли қатнашади. Сўровномалар давлат тилида ўтказилади.

Сўровномалар асосида юзага келадиган глобал индекслар мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти, умр кўриш давомийлиги, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, озодлик, коррупция ва бошқа кўрсаткичлар асосида тузилади.

World Happiness Report (Бахтиёрлик тўғрисидаги ҳисобот) БМТнинг барқарор ривожланиш ечимларини излаш бўлими томонидан ҳар йили тузиб келинади. Ушбу ҳисобот ва рейтинг 2012 йилдан бери эълон қилиб борилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар