Ўзбекистон чегараларда эркин савдо зоналари очишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон чегараларда эркин савдо зоналари очишни режалаштирмоқда

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистоннинг Туркманистон ва Қирғизистон билан чегараларида эркин савдо зоналарини яратишга оид президент фармони лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим қилди.

Лойиҳага кўра,Туркманистон ва Қирғизистон билан чегараларда эркин савдо зоналари яратилиши режалаштирилган.

  • Қўнғирот эркин савдо зонаси – Қорақалпоғистоннинг Туркманистон билан чегарадош Қўнғирот туманида;
  • “Дўстлик” эркин савдо зонаси – Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида, Қирғизистон билан чегарадош;

Эркин савдо зоналарининг асосий вазифалари:

  • савдо учун шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан консигнация омборларини, эркин божхона зоналарини, шунингдек, маҳсулотларга ишлов бериш, уларни қадоқлаш-жойлаш, саралаш, сақлаш зоналарини ташкил қилиш;
  • халқаро, минтақавий улгуржи ва чакана савдони ривожлантириш;
  • чегара ҳудудларида логистика хизматларининг тўлиқ спектрини ривожлантириш;
  • кўргазмалар уюштириш орқали минтақалараро бизнес ҳамкорлигини такомиллаштириш;
  • аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда чегара ҳудудларида иш ўринларини яратиш;
  • транспорт, тиббиёт, молиявий, кўнгилочар, меҳмонхона, ресторан ҳамда чакана савдо инфратузилмасини яратиш.

Эркин савдо зоналарига олиб кириладиган маҳсулотлар Ўзбекистон Республикаси божхонаси ҳудудидан ташқарида жойлашган деб ҳисобланади.

Хизмат муддатини узайтириш имконияти билан иштирокчиларни 30 йил муддатда мол-мулк солиғи, ер солиғи, сувдан фойдаланиш солиғи ҳамда микро ва кичик бизнес субъектлари учун ягона солиқ тўловидан озод этиш таклиф этилмоқда.

Эркин савдо зоналари директорлари давлатнинг мақсадли жамғармаларига солиқлар ва мажбурий бадаллар тўлашдан озод қилинади.

Ҳужжат 26 июнга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар