Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясининг биринчи томи ишлаб чиқилди. АОКАда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутасаддилари билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида соҳага оид маълумотлар тақдим этилди.
2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи 220 та маҳаллий корхона фаолият юритмоқда. (100 та дори воситалари, 29 та тиббий техника, 80 та тиббий буюм, 11 та дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш корхоналари).
2020 йил якунлари бўйича маҳаллий ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотларининг ҳажми 2,47 трлн. сўмни ташкил этди, 2019 йилга нисбатан маҳсулот ишлаб чиқариш 9,3 фоизга ортди, дейди Агентлик ахборот хизмати раҳбари Қизлархон Бегматова.
Шунингдек, мамлакатда фармацевтика соҳаси бўйича умумий қиймати 144,4 млн. долларлик 30 та лойиҳа ишга туширилиб, 1625 та иш ўрни яратилган.
Бундан ташқари, Президент қарорига асосан, барча ишлаб чиқарилган дори воситаларига референт нарх шакллантириш тизими жорий қилинди.
«Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери таркибида ўз инфратузилмасига эга Фармацевтика техник университети ташкил этилди. “Мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисидаги халқаро доиравий келишув”ларга асосан, Буюк Британиянинг Сандерленд университетида 5 нафар фармацевтика мутахассислари малакаларини оширишни бошладилар.
Изоҳ қолдириш