Ўзбекистонда аёлларга қандай имтиёзлар бор?

Ўзбекистонда аёлларга қандай имтиёзлар бор?

Хотин-қизларга тадбиркорликни йўлга қўйиш учун 33 миллион сўмгача кредитлар ажратилади

“Ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш дастурларини самарали амалга ошириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолияти учун микрокредитлар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори билан Тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизларга микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар, шунингдек, микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахслар (қарз олувчилар) кредит олиш учун “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки ёки акциядорлик-тижорат Халқ банкига электрон ариза билан мурожаат қилади.

Кредит бир қарз олувчига бир маротаба ажратилади.

Микрокредитлар 3 йил муддатгача 6 ойгача имтиёзли давр билан, ёшларнинг бизнес лойиҳаларига эса 7 йилгача муддатга, 3 йилгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратилади.

Қарз олувчи – ёшлар ва хотин-қизларга микрокредитлар уларнинг талабига биноан жами кредит суммасининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда нақд пулда ажратилади.

Аёлларни пенсия ёшига тўлганлиги сабабли иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатиш тақиқланади

Президентнинг 2019 йил 7 мартда "Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, меҳнат фаолиятини рағбатлантириш ва одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида:

2019 йил 1 майдан:

- аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинди;
- тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланди;
- бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддаси тартибида қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилади;
- икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади;
- аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади;
- эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.

Айрим тоифадаги хотин-қизларга ОТМга кириш учун тавсиянома берилади

Ҳукумат қарори билан Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, бундай тавсияномалар қуйидаги мезонлардан бири асосида берилади:

  • кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлар;
  • тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар;
  • 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари;
  • шахсий уй-жойга эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар;
  • ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар;
  • ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизлар;
  • олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси республиканинг ўртача кўрсаткичларидан икки ёки ундан ортиқ маротаба паст бўлган туманлар, шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи оилалардаги қиз фарзандлар (уларни ўз ҳудудида 3 йил ишлаш шарти билан).

Низом билан тавсиянома олиш тартиби белгиланди. Унга кўра, ҳар йили февраль ойида хотин-қизларга тавсияномалар бериш бўйича ишчи гуруҳи тузилади.

Тавсиянома олий маълумот олиш истагида бўлган хотин-қизларга 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади.

"Аёллар дафтари"га киритилганларга 40 млн 500 минг сўмгача кредит берилиши мумкин

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2021 йил 28 апрель, 250-сонли қарори тасдиқланди.

- Халқ банки «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларга кредит олишда кўмаклашиш, бу масалада республикада ажратилган кредитларнинг статистик ҳисоботини юритиш ва кредит ажратилгандан сўнг уларнинг тадбиркорлигини ривожлантириш учун доимий қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишларни мувофиқлаштиришга масъул ҳисобланади.

- Кредитлар «Аёллар дафтари»га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.

- Бунда кредитлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача миқдорда ажратилади.

- Кредитларнинг фоиз ставкаси бўйича, истисно тариқасида, 2022 йил 1 январга қадар Марказий банкнинг асосий ставкаси белгиланади.

- Кредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.

- Кредитлар қарз олувчининг ссуда ҳисобварағидан кредит шартномасида белгиланган мақсадлар учун тегишли ташкилотларнинг банкдаги ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан ажратилади.

- Кредитлар Микрокредитбанк, Агробанк ва Халқ банкининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан «Аёллар дафтари»да ҳисобда турган хотин-қизларнинг фамилияси, исми, отасининг исми бўйича алфавит тартибида шакллантирилган қатъий навбат асосида ажратилади.

Ишлайдиган оналарга болани овқатлантиришга танаффус берилади

2 ёшга тўлмаган болали аёлларга болани овқатлантириш учун (ўзига берилган дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари) камида ҳар 3 соатда бир марта ҳар бири 30 минутдан кам бўлмаган танаффус берилади.

2 ёшга тўлмаган икки ва ундан кўп болали аёлларга танаффуснинг муддати камида 1 соат қилиб белгиланади.

Мазкур танаффуслар учун иш ҳақи камайтирилмайди.

Болали аёлнинг хоҳишига кўра танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни шунга яраша қисқартирилиши мумкин.

Хотин-қизларнинг касб ўрганишга қилган харажатларини давлат тўлаб беради

Президентнинг "Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2020 йил 13 октябрда қабул қилинган қарорига кўра, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилди:

Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар ва белгиланган талаблар асосида ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи (ёшлар, хотин-қизлар) учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан компенсация қилинади.

“Аёллар дафтари”га киритилган ёлғиз аёлларнинг фарзандлари ҳам боғчага имтиёзли рўйхат асосида қабул қилинади

Вазирлар Маҳкамасининг «Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига кўра, “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг болалари давлат мактабгача таълим ташкилотларига устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга.

Фаол ва ташаббускор хотин-қизлар “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланади

"«Мўътабар аёл» кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, мазкур кўкрак нишони билан:

- жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган;

- ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган;

- соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизлар тақдирланади.

Оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар берилади

Ҳукумат қарори (737-сон, 06.12.2021 й.) билан нотурар жойларда истиқомат қилаётган, шунингдек, ота-онасидан ёки уларнинг биридан айрилган ҳамда ёлғиз онаси, ёлғиз отаси ёки бошқа шахслар қарамоғида бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Уй-жойга муҳтож хотин-қизлар Комиссиянинг тегишли қарори қабул қилингач, кўпи билан 30 кундан ошмаган муддат ичида ижтимоий уй-жойларга ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштирилади.

Бунда:

- уй-жойга муҳтож хотин-қизларга ипотека кредити бўйича уй-жойларнинг ҳисобланган қийматининг 15 фоизи миқдорида бошланғич бадал тўлаб берилади;
- туман (шаҳар) ҳокимлиги Комиссия қарори қабул қилингандан сўнг 20 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштириладиган хотин-қизлар билан ижара шартномасини тузади (кўпи билдан 5 йил муддатга);
- ижара шартномаси тузилгандан кейин 5 кун ичида ижтимоий уй-жойни топшириш – қабул қилиш далолатномаси тузилади;
- далолатнома тузилгач, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар 5 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштирилади.

12 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга қўшимча таътил берилади

Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнат кодекси"га кўра, 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан кўп боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили 3 иш кунидан кам бўлмаган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

Шунингдек, уларнинг хоҳишига кўра ҳар йили 14 календарь кундан кам бўлмаган иш ҳақи сақланмаган таътил берилади.

Бундай таътил йиллик таътилга қўшиб берилиши ёки алоҳида фойдаланилиши мумкин.

Айрим хотин-қизларнинг контракт пули давлат томонидан тўлаб берилади

Ҳукумат қарори билан ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар олий таълим олишларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Низомга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили ўзларининг ҳудудларидан ўқишга кирган 25 нафардан ҳамда 2-4-курсларда ўқиётган 75 нафар (ҳар бир курсдан – 25 нафардан), жами 100 нафар хотин-қизлар учун тўлов-контракт суммасини тўрт ўқув йилининг якунланишига қадар тўлаб беради.

Молиявий барқарор давлат ОТМ томонидан уларнинг кенгашлари қарорига мувофиқ, 50 нафаргача хотин-қизлар биринчи ўқув йилида бепул ўқитилади.

Талабгорларни танлаб олиш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

- отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган муҳтож қизлар;
- боқувчиси йўқ эҳтиёжманд ёлғиз аёллар.

Бунда юқоридаги мезонларга мос келувчи хотин-қизлар тест натижалари эълон қилинган кундан бошлаб ижтимоий ҳолати тўғрисидаги маълумотномани ҳар йили 10 кун ичида ОТМ қабул комиссиясига тақдим этади.

Шунга кўра, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар олий таълим олишларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш комиссияси 15 кунда (лекин ҳар ўқув йилида 15 сентябрдан кеч бўлмаган муддатда) талабгорлар рўйхатини ҳамда шартномани имзолаш бўйича хулосаларни давлат ОТМга ёзма равишда киритади ва белгиланган тартибда шартномаларни расмийлаштиради.

Мазкур тартиб тўлов-контракт асосида давлат ОТМ бакалавриатига (кундузни, сиртқи, кечки таълим шаклидан қатъи назар) талабаликка тавсия этилган ҳамда 2-4 курсларда таҳсил олаётган талабгорларга қўлланилади.

2 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар енгилроқ ишга ўтказилади

Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнат кодекси"га кўра, 2 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаганида боласи 2 ёшга тўлгунгача енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи ишга ўтказилади.

Бунда аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

Ҳомиладор аёллар, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга қабул қилишда дастлабки синов қўлланилмайди

Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнат кодекси"га кўра, қуйидаги тоифадаги шахсларни ишга қабул қилишда дастлабки синов муддати қўлланилмайди:

- ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга;
- корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларга;
- ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчиларга;
- ходим билан 6 ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилган ҳолларда.

Раҳбарлик лавозимига танловда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг иштироки таъминланади

"Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги ЎзР қонунчилигига кўра, давлат хизматидаги лавозимларни, шу жумладан раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун танловда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг равишда иштирок этиши таъминланиши керак.

Давлат органларининг кадрлар хизматлари зиммасига танлов комиссияларига нафақат танловда иштирок этаётган шахсларнинг маълумоти ва касбий тайёргарлиги тўғрисидаги маълумотларни, балки давлат хизматининг тегишли лавозимларида ишлаётган хотин-қизлар ва эркаклар сонининг нисбати тўғрисидаги маълумотларни ҳам тақдим этиш мажбурияти юклатилади.

Айрим аёллар 53 ёшда пенсияга чиқиши мумкин

"Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги ЎзР қонунига кўра, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган аёллар 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар