Хотин-қизларга фоизсиз таълим кредити қандай тартибда берилади

Хотин-қизларга фоизсиз таълим кредити қандай тартибда берилади

Президентнинг 2022 йил 18 июлдаги ПҚ-323-сонли қарорига кўра, тўлов-контрактда ўқиётган хотин-қизларга жорий йилдан бошлаб имтиёзли фоизсиз таълим кредити бериладиган бўлди.

Кимларга берилади?

  • Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасалари талабаларига (давлат, хусусий ва хорижий ОТМлар филиаллари);
  • Ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқувчиларига (техникум, касб-ҳунар коллежи ва ҳ.к.).

Қайси таълим шаклига берилади?

  • Кундузги;
  • Сиртқи;
  • Кечки.

Масофавий таълимга берилмайди. Қуйидагиларга берилмайди:

  • супер-контракт;
  • қўшма таълим.

14 фоизда берилар экан-ку, нега фоизсиз дейиляпти?

Тўғри, таълим кредити аслида 14 фоизлик ставкада берилади. Аммо бу фоиз қисмини хотин-қизлар тўламайди, давлат тўлаб беради. Аниқроғи Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси томонидан қопланади. Хотин-қизлар фақат таълим кредитининг асосий қисмини тўлайди холос.

Тўлаш қачондан бошланади?

Таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб (яъни олти ой ўтиб) 7 йил давомида қайтарилади. Масалан, 7 млн сўм таълим кредити олинса, ўқишни тугатгандан сўнг, 6 ой ўтгач 7 йил мобайнида ойма-ой 83 минг сўмдан тўлаб борилади.

Қандай ҳужжатлар керак?

  • банкка ариза;
  • шахсни тасдиқловчи ҳужжат;
  • таълим муассасаси билан тўлов-контракт шартномаси;
  • талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатида таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат.

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.

Хотин-қизларга таълим кредити бериш бўйича айрим саволларга Xushnudbek.uz каналида қуйидаги жавоблар берилган:

  • Ушбу таълим кредити барча курсдагилар берилади, биринчи курсми, учинчи курсми, фарқи йўқ (иккинчи курс-чи, тўртинчи курс-чи, деб сўраманг, уларга ҳам берилади. Э, ана боринг, бешинчи курсга ҳам берилади);
  • Ушбу таълим кредитини олиш учун ёш чегараси белгиланмаган, юқоридаги постда айтилган талабаларга тўғри келувчи исталган ёшдаги хотин-қизлар олишлари мумкин;
  • Ушбу таълим кредити бир йил учун берилади, 4 йилликни умумлаштириб олиб бўлмайди. Лекин уни бир неча марта олиш мумкин, бунга чеклов йўқ. Яъни биринчи курсда олганлар, иккинчи курсда яна олишлари мумкин;
  • Ушбу таълим кредитини оиладаги бир неча қиз фарзандлар ҳам олиши мумкин, битта оилага фақат бир киши деган чеклов йўқ (фақат расмий даромади бор кафил топилса бўлди);
  • Ушбу таълим кредити супер-контракт, қўшма таълим ва иккинчи мутахассислик учун берилмайди;
  • Таълим кредити фақат тўлов-контракт суммаси миқдорида берилади. Масалан, аслида бир йиллик контракт 10 млн сўм бўлса, 15 млн сўм кредит олиб бўлмайди.

Таҳрирланди: давлат ОТМлардаги магистратура учун бунақа кредит берилмайди, чунки жорий йилдан бошлаб давлат ОТМларида магистратурада ўқиётган барча хотин-қизларнинг контрактлари давлат бюджетидан тўлиқ тўлаб берилади. Биринчи курсларга ҳам, иккинчи курсларга ҳам. Аммо нодавлат ОТМларнинг магистратурасида ўқиётган қизларнинг контрактлари тўлаб берилмайди. Шу сабабли улар фоизсиз таълим кредити олишлари мумкин.

Йигитларга ҳам таълим кредити берилади, фақат улар учун фоизсиз эмас, балки Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида (ҳозир 16% — 2022 йил 19 июль ҳолатига) берилади.

Таълим кредити олинганда уни тўлаш учун сарфланган маблағлар даромад солиғидан озод этилади. Масалан, талабанинг ота-онаси таълим кредитини тўлаш учун ойлик иш ҳақидан пул ўтказса, унда ўша тўланган қисми бўйича ойлигидан 12% пул қайтариб берилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар