Ўзбекистоннинг биржа бозорида суюлтирилган газ, цемент ва шакар нархида пасайиш кузатилди

Ўзбекистоннинг биржа бозорида суюлтирилган газ, цемент ва шакар нархида пасайиш кузатилди

Ўтган ҳафта давомида, яъни 21 – 27 феврал кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖнинг барча савдо платформаларида 2 495,3 млрд сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 10,5% га кўп, деб хабар бермоқда "ЎзРТХБ" ахборот хизмати.

Бунда сотувларнинг 88,3% - биржа савдолари; 0,5% - кўргазма-ярмарка савдолари; 10,9% - электрон давлат харидлари ва 0,3% - авторақамларнинг онлайн-ауционига тўғри келди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 731,5 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг қарийб 45,4 млрд сўмлик маблағлари тежалди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн ауцион орқали 3 526 та авторақамлар сотилди, сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 8,7 млрд сўмни ташкил қилди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 5,2% биринчи тоифадаги авторақамларга; 7,7% иккинчи; 8,8% учинчи; 11,8% тўртинчи; 23,3% бешинчи ва 43,3% олтинчи тоифа авторақамларга тегишлидир.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 2 203,8 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйишди, шу жумладан:

Шакар

Биржанинг шакар бозорида нархлар пасайиши қайд этилди. Ҳафта давомида биржа савдолари орқали 7 855,0 тонна шакар сотилди.

Кўриб чиқилаётган даврда шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8 308,5 минг сўмдан 8 264,5 минг сўмгача пасайган.

Цемент

Ўтган ҳафта мобайнида биржа савдоларига 207,9 минг тонна цемент қўйилди ва улардан 135,4 минг тоннаси, яъни 65,2% сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 27,1 минг тоннани ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда цементнинг барча маркалари бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 572,9 минг сўмдан 556,8 минг сўмгача, яъни 2,8% га пасайди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 310 харидор иштирок этди.

Суюлтирилган газ

Биржанинг суюлтирилган газ бозорида нархлар пасайиши қайд этилди. Ҳафта давомида биржа савдоларига 4 411,0 тонна суюлтирилган газ қўйилди ва уларнинг барчаси, яъни 100% ҳажмда сотилди.

Кўриб чиқилаётган даврда суюлтирилган газ бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 3 774,4 минг сўмдан 3 730,5 минг сўмгача, яъни 1,2%га пасайган.

Ўтказилган биржа савдолари натижасида суюлтирилган газ бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи маҳсулотни бир тоннаси учун 3 809,4 минг сўмни ташкил этди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар