Пенсионерларнинг пластик карталари етказиб берилган вақтда СМС-хабарнома ёқиб берилади

Пенсионерларнинг пластик карталари етказиб берилган вақтда СМС-хабарнома ёқиб берилади

Пенсионерларга банк картаси очиб берилганидан сўнг, улар пул тушганлигини, харажатларини билиб бориши учун банк карталарини ўз мобиль телефон рақамига улаб, СМС-хабарнома хизматини ёқишлари керак. Ушбу хизматни улаш учун пенсионер яна банкка ёки терминал автоматига бориши талаб этилади. Бу эса карантин вақтида сарсонгарчиликка олиб келади, деган саволларга Марказий банк қўйидагича жавоб берди.

Маълумки, Республика махсус комиссияси тавсияларига кўра, пенсия тўловларини устувор равишда банк карталари орқали тўланишига босқичма-босқич ўтиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бунда карантин талаблари, пенсионерларнинг имкониятларини ҳисобга олишга эътибор қаратилмоқда.

Карантинга қадар банк картасига эга бўлган пенсионер маблағ келиб тушганлигини билиш учун СМС-хабарнома хизматини Uzcard карталари учун энг яқин жойлашган банкомат ёки инфокиоск қурилмаларида, Humo карталари учун эса банк муассасасига борган ҳолда фаоллаштирар эди.

Карантин даврида эса Халқ банкининг масъул ходимлари томонидан банк карталари уларнинг эгаларига яшаш манзиллари бўйича етказиб берилган вақтда СМС-хабарнома хизмати ҳам фаоллаштириб берилади. Бунда фақат фуқародан ўша ернинг ўзида ариза ёзиб бериш талаб этилади.

Бундан ташқари, пенсионерлар ҳисобига Халқ банки бўлинмалари орқали маблағлар (банк карталарига ёки нақд шаклда) ўтказилганлиги ҳақида Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ахборот тизими орқали пенсионерларнинг мобиль телефонларига юбориш хизматидан фойдаланиш имконияти ҳам мавжуд.

Шу ўринда пенсионерларга эслатиб ўтмоқчимиз: банк карталаридан фойдаланишда хавфсизлик чораларига амал қилинг! Зарурият бўлмаганда тегишли реквизитлар, яъни картангиз билан боғлиқ маълумотларни бегона шахсларга маълум қилманг!

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар