– Мамлакатимизда илк бор “маҳаллабай” тизими, унинг ортидан эса барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун ва моҳияти нимада, уни қандай тушунасиз?
– Маълумки, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган йили маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозимининг жорий этилиши ана шу қадриятларни бир поғона юқори кўтарди, десак муболаға бўлмайди. Айтиш жоизки, мазкур таклиф Президентимиз томонидан 2021 йилнинг 21 сентябрь куни қорақалпоғистонлик сайловчилар билан бўлган учрашувда билдирилган эди.
Бизларга маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш ва янги иш жойларни ташкил этиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш юклатилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан биз ҳоким ёрдамчиларига маҳаллада оилавий тадбиркорликка кредитлар бериш, лидер тадбиркорлар лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашиш, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш ва уларни жамоат ишларига жалб қилиш, шунингдек, ёшларни касбга ўқитиш бўйича молиявий инструментлар берилди.
Умуман айтганда, ҳоким ёрдамчиларининг барча ҳаракатлари халқнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган. Зеро, аҳолининг фаровон турмушига хизмат қилиш кўламини кенгайтириш мақсадида жорий этилган маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, аввало, халқнинг таянчи бўлиши керак.
– Ўзингиз ва ушбу лавозимга қандай келганингиз ҳақида батафсилроқ сўзлаб беринг. Ҳоким ёрдамчиси бўлган маҳаллангиздаги ишлар билан олдин қанчалар таниш эдингиз? Аввалги қайси иш тажрибангиз ҳоким ёрдамчиларига юклатилган вазифаларни ҳал қилишга имкон бермоқда?
– Ушбу лавозим аввалги фаолиятимга яқин соҳа бўлиб, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ эди. Дастлаб, туман Давлат солиқ инспекцияси, Статистика бўлими, Бандликка кўмаклашиш маркази, Иқтисодиёт ва ҳудудни комплекс ривожлантириш бўлими, Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи, бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимларида фаолият юритиб, самарали иш ташкил этиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш бўйича янгиликларни амалга ошириб келдим.
Ҳоким ёрдамчиси бўлган маҳаллам ўзим яшаб турган маҳалламга у қадар яқин эмас, лекин бу маҳалладаги ишлар билан танишиб, аҳоли билан тезда тил топишиб кетишимга монеълик қилмади. Охирги фаолиятим, яъни ўтган йил давомида ҳудудий янги инвестиция лойиҳалари дастурлари асосида 575 нафар иш ўрни яратишга ўз ҳиссамни қўшдим.
Ушбу лавозимнинг моҳияти, юқорида келтирилган вазифалардан келиб чиқиб, ҳозирги маҳаллабай ташкил этилган сиёсий жараёнда, катта саҳнада ишларни давом эттириш ва тажрибамдан фойдаланиб, Тўрткўл тумани марказида жойлашган Марказобод маҳалласидаги имкониятларни кўрсатиб бериш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш орқали оилаларни камбағалликдан чиқаришга кўмаклашиш, Президентимиз таъбирлари билан айтганда, “одамларни рози қилишга киришиш”дан иборат.
– Маҳаллангиз ҳақида батафсил маълумот беринг. У қаерда жойлашган, қишлоқдами ёки шаҳарда, катталиги қандай, маҳалла аҳлининг ишлаши учун қандай йирик корхоналар мавжуд, маҳалла аҳолиси, асосан, қайси фаолият турлари билан шуғулланади? Маҳаллада қандай ижтимоий инфраструктура объектлари бор (мактаб, боғча, тиббий пункт ва ҳ.к.)?
– Маҳаллада 340 та хонадон, 510 та оилада 2 155 нафар фуқаро истиқомат қилиб келмоқда. 2022 йил давомида ишсиз фуқаролар сони 81 нафарни ташкил этарди, бугунга келиб эса бу рақам 26 тага камайди. Ҳозирда маҳалла ҳудудида 77 та тадбиркорлик субъекти фаолият олиб боряпти. Уларнинг аксарияти хизмат кўрсатиш йўналишидаги тадбиркорлардир. Ҳудудимизда йирик корхоналар мавжуд бўлмаса-да, аҳолимиз ҳизмат кўрсатиш ҳамда ўзини-ўзи банд қилиш орқали рўзғор тебратишга имконият топиб келмоқда.
Ўз меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқароларимиз ҳам талайгина. Уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда субсидиялар ёхуд имтиёзли кредитлар ажратиш ишлари маҳалладан чиқмай – ҳоким ёрдамисининг кўмаги асосида “онлайн” тарзда амалга ошириб келинмоқда. Фуқароларимизнинг бандлигини таъминлаш мақсадида туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ваканциялари мавжуд корхона ва ташкилотларга саёҳатлар, ҳудудий меҳнат ярмаркалари ташкил этиляпти.
– Маҳалла аҳолиси билан қандай алоқа ўрнатдингиз, одамлар билан қандай танишдингиз? Муаммолар юзасидан қанча мурожаатлар тушмоқда, уларни ҳал этишда ахборот платформасининг ҳам ёрдами тегяптими?
– Маҳалламиз паспортини шакллантириш жараёнида аҳолининг гендер таркиби, касб малакалари, хоҳиш-истаклари ва муаммоларини ўрганиб, тўпланган маълумотларни online-mahalla.uz платформасига жойлаштирганман. Фуқароларнинг ҳамда ҳудудда фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг муаммоларига манзилли ва сифатли ечим топиш учун мазкур платформада жисмоний ва юридик шахслар номидан мурожаатлар тегишлилиги бўйича масъул ташкилотларга тўғридан-тўғри юбориш имконияти мавжуд. Аҳоли томонидан ижтимоий инфратузилма борасида мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича юборилган мурожаатларнинг аксарияти бугунги кунда ўз ечимини топгани бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз самара бераётганидан далолат, албатта.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ишсиз эркакларга нисбатан ишсиз аёллар кўпчиликни ташкил этади. Ишсиз аёлларни иш билан, тадбиркорлик фаолияти билан банд қилиш жараёнларида уларнинг оилавий ҳолатини яқиндан ўрганиб, имкониятларини инобатга олган ҳолда керакли тавсия ва йўналишларни бермоқдаман.
Марказобод маҳалла фуқаролар йиғинида 1 080 нафар ҳотин-қизлар рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 44 нафари ишсиз. Касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида хотин-қизлар турли касб-ҳунар марказлари ва “Ишга марҳамат” мономарказларига йўналтирилди. Бугунги кунга келиб, уларнинг 26 нафари ўқишни муваффақиятли битириб, эгаллаган касб-кори бўйича фаолият олиб бормоқда. 25 нафар аёлга “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида имтиёзли кредит ажратилиб, улар ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар сифатида рўйхатдан ўтказилди. Маҳалладаги норасмий бандларнинг 86 нафари доимий ва мавсумий иш жойи билан таъминланди, 47 нафари ўзини-ўзи банд қилган.
– Тадқиқлар натижасида маҳалла аҳолиси орасида камбағалликнинг қандай асосий сабаблари аниқланди? Уларни бартараф этиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун қанақа ёндашувлар ишлаб чиқдингиз? Ушбу соҳаларда қандай чора-тадбирлар кўряпсиз ва амалга оширишни режалаштиряпсиз?
– Камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали йўли мавжуд имконият ва ресурслардан самарали фойдалана олиш деб биламан. Камбағаллик даражасини ўлчаш методлари ва нисбатлари турлича. Фуқароларимизнинг турмуш даражасини ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини амалга ошириш борасида маҳалладаги “бешлик” биргаликда фаолият олиб борамиз. Аввало камбағалликнинг сабабини ўрганиш ва уни бартараф этиш чоралари кўрилади. Кейинчалик эса камбағалликдан олиб чиқиш бўйича чора-тадбирлар белгиланади. Бугунги кунгача бўлган мониторинг натижаларига кўра, камбағалликка дуч келган оилаларнинг аксарияти – бу ногиронлиги бўлган шахслар, нафақахўрлар ва бола парвариши билан банд бўлган аёллар мавжуд оилаларда намоён бўлмоқда. Камбағалликни қисқартириш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар негизида “Инсон қадри учун” тамойили ётади. Биргина мисол қилиб, ишсиз ва эҳтиёжманд фуқаролар учун ажратиладиган субсидиялар, моддий ёрдамлар, имтиёзли кредитларни келтириш мумкин. Ишсиз фуқароларни бепул асосда меҳнат бозорида катта талабга эга бўлган касб-ҳунар турларига ўқитиш тизимининг мавжудлиги ҳам аҳолининг бандлиги, шу ва шу билан бир қаторда, даромадини оширишга қаратилган ижобий ҳаракатдир.
– Ишингизда камбағал уй хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун қандай инновацион ва тайёр усулларни қўлладингиз? Мисоллар келтиринг ва ушбу уй хўжаликлари билан ишлаш натижалари ҳақида батафсил маълумот беринг.
– Бизнинг маҳаллада кам таъминланган оилалар сони 97 нафарни ташкил этиб, шундан 61 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Фикримни мисоллар орқали изоҳлаб беришим мумкин. “Аёллар дафтари” рўйхатидаги фуқаро И.Таджимуратовага “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида ажратилган имтиёзли кредит эвазига тикув машинаси ва “оверлок” олиб берилди. Унинг оилавий даромади амалий ёрдам кўрсатилгунга қадар ойлик жон бошига 450 минг сўмдан тўғри келарди, кредит асосида тикув машинаси ва “оверлок” ажратилгандан сўнг, унинг даромади оила жон бошига 1,5 млн сўмни ташкил этди. Натижада оила биринчи тоифадан тўртинчи тоифага ўтказилди.
“Аёллар дафтари” рўйхатидаги фуқаро З. Каландаровага ҳам субсидия асосида тикув машинаси олиб берилди. Мазкур фуқаронинг оилавий даромади амалий ёрдам кўрсатилгунга қадар ойлик жон бошига 430 минг сўмдан тўғри келарди, субсидия асосида тикув машинкаси ажратилгандан сўнг эса даромад оила жон бошига 1,6 млн сўмга етди. Натижада оила биринчи тоифадан тўртинчи тоифага ўтказилди.
“Аёллар дафтари”га киритилган фуқаро А. Абдуллаеванинг оилавий ҳолати ҳам шу тариқа биринчи тоифадан тўртинчи тоифага ўзгарди.
– Ўтказилган тадқиқ ва ўрганишлар натижасида маҳаллада қайси соҳаларни биринчи навбатда ривожлантиришга эътибор қаратилди? Нима ишлар қилинди?
– Ўрганишлар натижасида маҳалламиз “драйвери” ҳизмат кўрсатиш соҳаси эканлиги маълум бўлди. Маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, аҳолини барқарор даромад билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада 156 нафар фуқаролар доимий ишга жойлаштирилди. 86 нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган бўлса, 2 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 10 нафарига эса ижара асосида ер ажратилди.
Ташкил этилган янги тадбиркорлик субъектлари сони 23 та бўлиб, шундан 8 таси якка тартибдаги тадбиркорлар, 15 таси юридик шахс сифатида рўйхатга олинди.
Маҳаллада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 50 та лойиҳага 1 млрд 286 млн сўмлк имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Лидер тадбиркорларимиз эса “Чевар – 2022” ишлаб чиқариш кооперативига тегишли тикувчилик корхонаси, “Антиқа балиқ таомлари” МЧЖга тегишли умумий овқатланиш шохобчасида фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, маҳаллада менинг ташаббусим билан умумий қиймати 800 млн сўмлик 4 та микролойиҳалар ишга туширилиб, 10 та янги иш ўринлари яратилди.
Келгуси фаолиятим давомида маҳалламиз “драйвери”, яъни хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун маҳаллада мавжуд имкониятлар ва ресурслардан фойдаланган ҳолда замонавий (инновацион) хизмат кўрсатиш турларини жорий қилиш орқали янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган концепцияни ҳаётга татбиқ этишни мақсад қилиб қўйганман.
Маҳалла ҳудудидаги умумий қиймати 2 млрд 700 млн сўмлик 120 ўринли 12-сонли мактабгача таълим ташкилоти янги биносининг қурилиши якунланиб, 2022 йилнинг декабрь ойида ишга туширилди. Маҳалла йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича 0,5 км ички йўлга қора қопламали асфальт ҳамда бетон асфальт ётқизилди ҳамда 0,5 км ичимлик суви қувурлари янгиланди. Бундан ташқари 1 км пиёдалар йўлакчаси ташкил этилиб, 40 та қуёш панелли тунги ёритгичлар ўрнатилди.
– Тажрибангиздан келиб чиқиб айтингчи, маҳаллада қайд этилган камбағаллик ҳолатлари қандай сабабларга кўра келиб чиқмоқда?
– Камбағаллик ҳолатларининг келиб чиқиши, биринчи навбатда доимий ишнинг йўқлиги, яъни ишсизлик, маълумотга эга бўлмаганлик, шунингдек, тадбиркорлик қилиш учун билим ва малакаларнинг етишмаслиги билан боғлиқ. Бугунги кунда маҳалла аҳолиси орасида камбағалликка дуч келган оилаларнинг аксарияти – бу ногиронлиги бўлган шахслар, нафақахўрлар ва бола парвариши билан банд бўлган аёллар истиқомат қилаётган оилалар эканлиги аниқланди. Яъни, мазкур ҳолат фуқаронинг бирон-бир ишни бошлашидан олдин (масалан, имтиёзли кредит ёки субсидия олмоқчи бўлган) унинг шу соҳага қизиқиши ва тушунчаси бўлмаслигидан келиб чиқмоқда.
Аввало камбағалликнинг сабабини ўрганиш ва уни бартараф этиш чоралари кўрилади. Кейинчалик эса камбағалликдан олиб чиқиш бўйича чора-тадбирлар белгиланади.
– Уларни бартараф этиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун қандай ёндашувлар ишлаб чиқдингиз? Ушбу соҳаларда қандай чора-тадбирлар кўряпсиз ва амалга оширишни режалаштиряпсиз?
– Камбағалликни қисқартириш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар негизида “Инсон қадри учун” тамойили ётади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан қишлоқ жойларида мева-сабзавот ва узумчилик соҳасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларни ўзлаштириш, пахта, ғалладан қисқартирилаётган майдонларга экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш орқали камбағалликка қарши курашиш чора-тадбирлари белгилаб берилди.
Шунингдек, ҳукуматимизнинг қатор қарорлари билан ҳам мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш асосидаги сув тежовчи технологияларни жорий қилишга кетган харажатларини қоплаб бериш тартиби белгиланган бўлса, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида тақдим этиш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадлари ва турмуш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юртимизда камбағалликка барҳам бериш, халқимизнинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида барча зарурий чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
– Сизнингча, маҳалладаги камбағаллик даражасини қисқартириш учун яна нималар қилиш керак?
– Камбағаллик даражасини қисқартириш учун маҳалламизда йирик ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишимиз керак. Натижада ишсизликнинг олди олинади ва даромад манбаи пайдо бўлиб, камбағаллик қисқаради. Хусусан, ҳар бир хонадонда чорвачилик, иссиқхона, паррандачилик каби йўналишларда ўзини-ўзи банд қилиш фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларни ўзлаштириш, пахта, ғалладан қисқартирилаётган майдонларга экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш орқали камбағалликка қарши курашиш чора-тадбирлари йўлга қўйилиши ҳам тез орада ўз ижобий таъсирини кўрсатиши шубҳасиз.
Ишсизлик ва камбағалликни олдини олиш учун маҳалланинг ўсиш драйверидан келиб чиққан ҳолда, фуқароларга таклифлар ва кўникмалар берилишини тизимли йўлга қўйиш зарур.
– Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?
– Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат тушунчасини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани бот-бот уқтирилмоқда.
Ўз фаолиятим давомда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун маҳаллада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни”да маҳалламизда “Маънавият соатлари” ташкил этилмоқда.
Ҳоким ёрдамчилари учун яратилган онлайн тизим – “ONLINE MAHALLA” платформаси орқали барча маълумотлардан электрон шаклда, инсон омилисиз фойдаланиб келмоқдаман. Фуқароларга ҳам жуда қулай, энг муҳими, ҳеч қандай ортиқча хатти-ҳаракатларни талаб қилмайди. Бундан ташқари, доимий равишда маҳалла фуқаролари олдида жамоатчиликка ўз фаолиятимиз тўғрисида тўғридан-тўғри очиқ ҳисоботлар бериб бормоқдаман.
– Фаолиятингиз давомида маҳаллада нималар ўзгарди, аҳолининг бунга муносабати қандай? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими?
– Бугунги эришаётган яхши натижаларим ва ютуқларим биргина меники эмас – маҳалламиз аҳлининг менга билдираётган ишончи, қилаётган дуоларининг самараси деб биламан. Яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” республика танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли учинчи ўринни эгаллаб, энг яхши ҳоким ёрдамчиси сифатида эътироф этилдим. Бу мен учун катта рағбат, албатта. Зиммамдаги вазифалар залворини ҳис этган ҳолда элга қўл-қанот бўлишга интиляпман. Тақдим этилган имконият туфайли халқимизни қийнаётган муаммоларга ечим топишга, уларнинг фаровон турмуш кечиришига ўз ҳиссамни қўшишга баҳоли қудрат ҳаракат қиламан.
Изоҳ қолдириш